Ўн учинчи — тарихдан ўрин олди

Тошкентда Халқаро кинофестиваль ғолиблари тақдирланди ва фестивалнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди
Элмира Тухватуллинанинг Facebook даги фотосурати

Учинчи октябрь куни «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. У икки минг ўринга эга Renaissance Hall киноконцерт залининг очилиши билан биргаликда ўтди. Шоунинг чипта нархи 450— 500 минг сўмдан ($42-47) иборат бўлди.

Фестивалнинг ёпилиш маросимига 30 дан ортиқ давлат, жумладан Россия, Франция, Италия, Мексика ва бошқа мамлакатлардан меҳмонлар таклиф этилди. Тадбир фестивалнинг олти кунлик фаолиятини акс этган видеоролик билан бошланди.

Кинофорум иштирокчиларининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаатида таъкидланганидек, фестиваль доирасида 50 дан ортиқ, учрашувлар, давра суҳбатлари, конференция ва тақдимотлар бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидаги кинотеатрларда юздан ортиқ фильмлар намойиш этилди. Ўзбек томони хориж ҳамкасблари билан киноиндустрия соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга доир ўнта муҳим ҳужжатни имзолади. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг Тошкентдаги филиали тантанали равишда очилди.

«Қарийб чорак асрлик танаффусдан сўнг сизнинг ташаббусингиз билан қайта тикланган «Ипак йўли дурдонаси» 13-халқаро кинофестивали элликка яқин мамлакат киноижодкорларини жамлади. Ҳафта давомида Ўзбекистон экранларида жаҳон кинематографиясининг сўнгги йилларида суратга олинган энг сара асарлари намойиш этилди, соҳадаги ўзгаришлар ҳақида фикр алмашилди, ёшлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Фестиваль туфайли дунёни қамраб олган пандемия сабабли бир-бирини узоқ вақтдан бери кўрмаган инсонлар яна учрашишди, узоқ кутилган дўстона учрашувлар ва янги танишувлар бўлиб», — дейилади мурожаатда.

Кинофестиваль ёпилиш маросимининг асосий воқеаларидан бири — ёшлар конкурси ғолибларини тақдирлаш бўлди. Ҳайкалча ва дипломлардан иборат совринлар кинофестивалнинг фахрий меҳмонлари Люк Бессон, Жерар Депардье, Актота Раимқулова, Тимур Бекмамбетов томонидан топширилди.

Кинофрорумнинг Гран-при мукофоти ўзбекистонлик режиссёр Шерзод Назаровга насиб қилди. Унинг «Ипак йўлида» фильми «Кино 5 кунда» конкурси доирасида суратга олинди. Маълумки, конкурсда 22 мамлакатдан 35 ёшга тўлмаган кино ижодкорлари қатнашдилар. Ғолибга $15 мингдан иборат чек топширилди.

«Фестиваль очилиши» номинация бўйича «Такрорланаётган хотира» лентаси билан жанубий кореялик Пак Су Мин ғолиб бўлди ва $10 мингдан иборат чекни қўлга киритди.

Ҳайъатнинг махсус мукофоти — $7 минг — Саидаъло Масудхоновнинг (Ўзбекистон) «Объектив» картинаси учун топширилди.

«Экология муаммосининг ёрқин талқини» номинацияси бўйича соврин Дэниел Асади Фаэзи ва Мила Жлуктенко (Германия) суратга олган «Соҳил» фильмига берилди .

«Оила қадриятларини ифодалаш» номинацияси бўйича Надя Туска (Эстония)нинг «Чўкаётган аёл» фильми муносиб деб топилди.

«Маориф ва тараққиёт» мукофоти «Икки йўл» фильми муаллифлари Мурад Гусейнов ва Саддам Меҳдиевга (Озарбайжон) насиб этди.

Энг яхши аёл роли учун Мадина Маҳмудова («Объектив» фильми, Ўзбекистон), энг яхши эркак роли учун — Турсунбой Пиржонов («Ипак йўлида», Ўзбекистон) тақдирландилар.

«Яхши сценарий учун» номинациясини Ванжа Виктор Кабир Таенола («Товуқ билан кечки овқат», Швейцария) қўлга киритди.

Энг яхши режиссёрлик иши бўйича Хуан Антонио Мартинос («Бир жуфт туфель», Мексика) тақдирланди.

«Дунё ёшлари киноси Янги Ўзбекистонда» кўрик-танлови иштирокчилари алоҳида мукофот билан тақдирландилар. Мукофот қуйидагиларга насиб этди:

- «Энг яхши фильм» — Манзарали Шерали («Юк» лентаси, Тожикистон);

- «Энг яхши сценарий» — Екатерина Саунина ва Екатерина Васильева («Қачон бизлар бахтли бўламиз» фильми, «Россия);

- «Энг яхши режиссёр» – Дмитрий Семенов («Франка», Беларусь);

- «Энг яхши эркак роли учун» — Абдукарим Машраб («Юк», Тожикистон);

- «Энг яхши аёл роли учун» — Мария Поддубная («Франка», Беларусь);

- «Энг яхши ҳужжатли фильм» — Шерзод Назаров («Бобом 90 ёшда», Ўзбекистан);

- «Инсоний қадриятларнинг ёрқин ифодаси» — Саидаъло Масудхонов («Лариса», Ўзбекистон);

- «Толерантлик ғояси ифодаси учун» — Ражниш Кумар («Хотира куни», Ҳиндистон);

- «Экология муаммосини яхши ёритганлик учун» — Маҳмуд Таш («Ёрилган», Туркия);

- «Ҳайъат меҳрини қозонган роль» — Медина Келисова («Дада, биз яна куйлаймизми?» Қозоғистон).

Бундан аввал жаҳон кино санъатига қўшган улкан ҳиссаси учун $20 минг миқдорида пул мукофотлари бешта улуғ кино ижодкори — Никита Михалков (Россия), Нури Билге Жейлан (Туркия), Айтурган Темирова (Қирғизистон), Сайрам Исаева (Тожикистон), Раж Капур (Ҳиндистон, ўзимидан сўнг) тақдирланган эдилар.

Кинофестивалнинг тантанали ёпилиш маросими ўзбек ва хориж эстрадаси концерти билан якунланди. Россиялик шоумен Александр Рева ва Boney M & Barker гуруҳи тадбирнинг махсус меҳмони бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу кинофорум ўз навбатида «Халқаро Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинофестивали»нинг узвий давоми ҳисобланади. Маълумки, Тошкент кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача) ва Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллари (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли кинофестивални қайтадан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ