Қарзга йўлиқтириб, ерни тортиб олишди

Наманганлик фермерлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва даромади йўлида маҳаллий ҳокимият органлари билан курашмоқда. Ҳозирча ютуқдан дарак йўқ
tvc.ru сайти фотосурати

Берлинда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми ўзбек фермерлари муаммоларига бағишланган навбатдаги материални тайёрлади. Мазкур ташкилот 2009 йили ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи фуқаролик фаоллари билан ишлайди, қишлоқ хўжалигида юз бераётган мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланишга оид фактларни тўплайди. Ўзбекистон форуми бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Форум ўз фаолияти давомида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигидаги мажбурий меҳнат ва коррупцияга оид 20 дан ортиқ маърузаларни тақдим этди, инсон ҳуқуқларига оид ўнлаб мақолаларни чоп этди. Ўзбекистон форуми бугунги материалда Наманган вилояти ҳокимияти маҳаллий фермерларни қандай аҳволга солиб қўйгани ҳақида сўз юритади.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш мамлакатнинг кўп банклардан, жумладан, ЕТТБ ва Жаҳон банкидан миллионлаб доллар қарз олиши қатори бутун мамлакат бўйлаб қишлоқ хўжалиги ерлари оммавий мусодара қилиниши билан бирга олиб борилмоқда.

2019 йил январь ойида Ўзбекистон ҳукумати сўнгги 10 йил ичида деҳқончилик ерларининг учинчи марта қайта тақсимланишини эълон қилди. Шу билан бирга, мутасаддилар пахта ва ғалла экинлари учун ажратилган ерлардан оптимал , самарали фойдаланиш учун уни фермер ва кластерларга ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Жаҳон банки ҳисоботида қайд этилишича, тез-тез қайта тузилишлар ва ерга эгалик қилишнинг заиф кафолатлари Ўзбекистонда бошқарув самарадорлиги ва қишлоқ хўжалигига сармоя жалб этиш жозибадорлигини пасайтирган. Бу ерда самарали бўлмаган фермерлар ерлари самаралироқ ерларга ўтказилиши назарда тутилган эди. Бироқ, агар ер унумсиз бўлса, мулк эгасини ўзгартиришдан ҳеч қайдай фойда йўқ.

2019 йили Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида хусусийлаштириш жараёни бошланиши билан фермер хўжаликлари ерларидан фойдаланишни оптималлаштиришга қаратилган турли уринишлар фермерлар томонидан давлатдан ижарага олинган йирик ер майдонларининг ноқонуний олиб қўйилишига олиб келди. Бу бутун мамлакат бўйлаб қишлоқ жамоаларига салбий таъсир кўрсатди. Одатда, 30 йилдан 49 йилгача бўлган муддатга давлатдан ерни ижарага олган фермерлар Ички ишлар вазирлиги ходимлари ва маҳаллий прокурорлар кўмагида иш олиб бораётган нопок амалдорлар (ҳокимлар – бошқарма бошлиқлари) раҳм-шафқатига дучор бўлишди.

Қўрқитиш ва фирибгарлик схемалари орқали фермерлар ижара шартномаларини бекор қилишга мажбур бўлдилар. Ижарадан воз кечиш «ихтиёрий» дея расмийлаштирилганлиги сабаб, фермерлар компенсация талаб қилишдан маҳрум бўлдилар.

Кўп ҳолларда фермерларга кластерларда иш берилиши айтилган, аммо бу кўпинча қуруқ ваъда бўлиб қолган. Оқибатда фермерлар ишсиз қолиб, қарзга ботдилар.

Наманган вилоятининг Поп туманида юзлаб фермерлар бир томонлама тартибда ижара ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Минглаб гектар ерлардан ва даромад манбаларидан айрилган фермерлар жанг қилишга қарор қилдилар.

2015 йил декабрь ойида Поп туманидан фермер Умида Ибрагимова давлатдан 40,7 гектар ерни 49 йилга ижарага олиб, ғалла ва пахта етиштириш учун «Иброҳим Маъмура» фермер хўжалигини ташкил этган.

Ибрагимованинг айтишича, у 2019 йил январь ойида унинг ерлари ҳеч қандай сабабсиз ҳокимият томонидан тортиб олинмагунга қадар пахта ва ғалла учун давлат томонидан белгиланган квоталар йил сайин бажарилган.

2020 йил март ойидан давлат пахта квоталари бекор қилинган бўлса-да, улар фермерларнинг кластерлар билан тузилган шартномалар бўйича маълум миқдорда ғалла ва пахта етиштириш мажбуриятлари шаклида мавжуд. Хусусийлаштиришга қарамай, пахта соҳасида ҳамон давлат квоталар белгилаш, теримчиларни ёллаш ва ҳосилни назорат қилиш ишларида мавжуд.

2019 йил 18 январь куни Наманган вилояти Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов 450 нафарга яқин фермерни туман маданият уйи биносига йиғиб, уларга томорқасини ихтиёрий равишда давлат ҳисобига ўтказиш бўйича ариза ёзишни буюради.

Йиғилишда қатнашмаган фермерлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кечки пайт бу ерга олиб келинган. Деҳқон аёллардан бирини ярим тунда полиция ходимлари тўшакдан судраб олиб, йиғилишга олиб келишган.

Умида Ибрагимованинг «Ўзбекистон форуми»га айтишича, дастлаб фермерларнинг кўпчилиги норози бўлиб, бу сўзларни ёзишдан бош тортишган, бироқ ҳоким уларга таҳдид қила бошлаган.

Деҳқонлар кечки соат 18:00 да совуқ залга қамалган, керакли баённомалар ёзилмагунча чиқиб кетишларига рухсат берилмаган. Умида Ибрагимовани ярим тунгача у ерда ушлаб туришган. Аёл оч қолиб, совқота бошлайди, болаларидан хавотир олади. Тез орада у режа тузади.

Ибрагимова талаб қилинган баённомани ёзишга розилик беради, бироқ ундаги «ер» сўзини атайин тушириб қолади, «бу баёнотдан мақсад вилоят ихтиёрига қайтаришдир» (Ўзбекистон форумида баённома нусхаси бор) эканини кўрсатган.

Ибрагимованинг фикрича, бу шаклда унинг баённомаси уни ер участкасидан маҳрум қилиш учун асос бўла олмайди, чунки у айнан нимани қайтараётганини кўрсатмаган. Чарчаган Ички ишлар вазирлиги ва ҳокимлик ходимлари уни аризани ўқимай қўйиб юборишди.

«Ҳокимнинг фермерларни ердан маҳрум қилишга қонуний асоси йўқ эди, акс ҳолда ҳокимлик судга мурожаат қилиб, узоқ муддатли ижара шартномасини қонуний асосда бекор қилишга эришган бўларди», — деб тушунтиради Ибрагимова.

Бироқ, унинг 18 январдаги аризасидан икки кун аввал, 16 январь куни билан ҳокимликда рўйхатга олингани аниқланади.

Ибрагимованинг сўзларига кўра, ҳокимлик дастлаб ерни олиб қўйиш тўғрисида ноқонуний қарор қабул қилган, кейин эса уни фермерларнинг ихтиёрий равишда ижарадан оммавий воз кечганлиги сифатида расмийлаштирган.

Айни дамда Ибрагимова Поп тумани ҳокимининг ноқонуний қарорини бекор қилишни талаб қилиб, суд орқали ўзига тегишли ерни қайтаришга уринишда давом этмоқда.

Ибрагимованинг ер участкасини ижарага олишдан бош тортгани ҳақидаги баённомаси асосида ҳоким «қайтарилган ер участкалари очиқ ва мустақил танлов асосида янги ва мавжуд фермер хўжаликларига ўтказилиши лозим» мазмунида буйруқ чиқаради. Буюртмада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги Фермер хўжаликлари ерларини оптималлаштириш ва экин майдонлардан самарали фойдаланиш тўғрисидаги қарори (нусхаси «Ўзбек форуми» ихтиёрида) келтирилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева поплик фермерлар билан Бош прокуратура биноси олдида. Тошкент 20232 йил, 5 июль. Uzbekforum.org сайти фотосурати

Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинганидан 9 кун ўтгач, Поп тумани деҳқонлари тўсатдан ўз ерларини оммавий равишда «воз кеча бошлайдилар». Халқ депутатлари Кенгашининг 2019 йил 18 январдаги қарорида туманда ўша даврда мавжуд бўлган 1121 фермер хўжалигидан 538 та (100 фоиз) пахта ва ғалла етиштириш, 67 та (100 фоиз) боғдорчиликка ихтисослашган, 100 (86%) чорва моллари, яна 104 та фермер хўжаликлари ер ижарасини бекор қилиш тўғрисида ёзма ариза билан мурожаат қилишган.

Ерни суд орқали қайтаришга уриниш

Умида Ибрагимова 2021 йил 7 сентябрь куни Наманган туман маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилади. Суд даъвогар томонидан ариза уч ойлик муддатдан сўнг берилгани сабаб, туман ҳокими Аъзамжон Султоновнинг фармойишини ўз кучида қолдиради.

Суд, шунингдек, Ибрагимованинг важларини кўриб чиқишдан бош тортади ва уларни «асоссиз» деб баҳолайди. Суд ҳал қилув қарорида Ибрагимованинг ўзига тегишли ер участкасини туманга қайтариш тўғрисидаги аризасидаги матннинг нотўғрилиги принципиал эмаслигини, чунки Ибрагимова аризани хўжалик бошлиғи сифатида ёзгани ва аризасининг моҳиятини яхши тушунганлиги кўрсатилган. Ибрагимова аризаси ёзилишидан икки кун аввал ҳокимликда рўйхатдан ўтказилганлиги суд томонидан иш юритишдаги бепарволик сифатида баҳоланиб, ҳоким фармойиши бекор қилиниши учун етарли асос деб топилмаган.

Ибрагимова прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, унинг аризаси ёзилишидан икки кун олдин ҳокимликда рўйхатдан ўтказилганлиги ва унинг нотўғри ёзилганлигидан ташқари, унга тегишли ер участкасини олиб қўйиш жараёнида бошқа жиддий қонунбузарлик ва номувофиқликлар борлигини баён қилган.

2021 йил 26 октябрда Апелляция суди биринчи суд ҳукмини ўз кучида қолдиради. Умида Ибрагимова Олий судга шикоят қилган ва ҳозирда унинг қарорини кутмоқда.

Ибрагимованинг 2019 йил 18 январга ўтар кечаси фермерларнинг мажбурий ҳибсга олингани ҳақидаги сўзларини Поп туманидаги яна олти нафар фермер тасдиқлайди. Уларнинг баъзилари ерларнинг ноқонуний олиб қўйилгани оқибатларини бошдан кечиришган. Улар банкдант олган қарзларини тўлашлари керак, аммо даромади йўқлиги сабаб бу имконсиз.

Фермер Ойбек Норйигитов 2015 йилдан буён Поп туманидаги фермер хўжалигида ишлаб келади. У ҳам бошқа фермерлар қатори 2019 йил 18 январь куни кечки пайт туман маданият уйига таклиф қилинган ва у ерда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ундан томорқасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида ариза ёзишни талаб қилишган.

Норйигитов ҳеч нарса ёзмаган бўлса-да, бу унга ёрдам бермади. Кейинчалик у 2018 йил 28 декабрь куни гўёки «ўзи ёзган» ердан воз кечиш тўғрисидаги ариза туман ҳокимлигида рўйхатга олинганини билиб қолади. Баённомада сохта имзо турарди.

Норйигитовга тегишли 31,6 гектар ер бошқа фермерга ўтказилган бўлсада, фермер ўз томорқасида бир неча ой ишлашда давом этади, зеро унинг ижара шартномаси бекор қилинганидан хабари йўқ эди.

2020 йил декабрь ойида у Наманган туман маъмурий судига апелляция аризаси билан мурожаат қилиб, аризада имзо қалбаки эканини таъкидлаган. Суд мажлиси беш дақиқа давом этади. Суд ҳокимлик фойдасига қарор чиқариб, ернинг эгаллаб олиниши асосли ва қонуний эканини тасдиқлайди. 2021 йил октябрь ойида ўша суд Норйигитовнинг шикоятини қайта кўриб чиқади ва дастлабки қарорни ўз кучида қолдиради.

Ижарага олишдан воз кечишга мажбурланиб, Art Soft Tex ишлаб чиқариш кластерига берилганидан сўнг ери ноқонуний олиб қўйилган Поп туманидаги яна бир фермер Озода Тўйчиева ҳам ўз ерларини қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда. Тўйчиева кластерга дала ишчиси сифатида ишга қабул қилинган, аммо ҳозирда ишсиз.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Art Soft Tex кластерига 24,7 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилди. Мазкур қарорга кўра, кластер зиммасига тупроқ унумдорлигини ошириш, пахта хомашёси ва бошқа экинлар етиштиришнинг замонавий ва самарали усулларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш вазифаси юклатилади.

Дилдора Усмонова турмуш ўртоғи билан 2006 йилдан буён Поп туманида фермер хўжалигини юритиб, пахта, бошоқли дон ва пилла етиштириб келади. У бошқа фермерлар қатори бир хил воқеани ҳикоя қилади: 2019 йил 18 январь куни уни туман маданият уйига йиғилишга чақиришади: «Бизни хонага қамаб қўйишди-да, ердан воз кечмагунимизча, ташқарига чиқармасликларини айтишди. Еримни беришни истамасдим, бироқ ҳоким иссиқхона қуриш учун «Агробанк»дан кредит оламиз, деди ва охири рози бўлдим».

Поплик яна бир фермер Шарифа Тўйчиева видеомурожаатда 2019 йил 18 январь куни ер участкасини ихтиёрий равишда бериш тўғрисида ариза ёзишга мажбур бўлганини айтади. «Мен бу аризани ёзишни хоҳламасдим, — дейди Туйчиева, — лекин совуқ қотдим ва оч қолдим. Мен узоқда яшайман ва қишлоғимга транспорт тўхтаб қолгунча уйга етиб олмоқчи эдим», — дейди фермер аёл.

Тўйчиеванинг айтишича, ўз томорқасида тупроқ шўрланган бўлса-да, ҳокимлик ҳар йили пахта етказиб бериш учун квотани белгилаб беради ва у ерни тортиб олиш таҳдиди остида уни бажаришга мажбур бўлган. Тўйчиева бошқа даромад манбаи йўқлиги, шунинг учун ҳар йили керакли миқдорда пахта етиштириш учун қаттиқ босим остида қолганини айтади

«Пахта учун олинган кредитни қайтаришим керак, лекин пулим йўқ эди, улар менга иссиқхона қуриш учун ишлатилиши керак бўлган 18 миллион сўм (1,6 минг доллар) миқдорида кредитни ундиришди. Дастлаб бу қарзни рад этдим, лекин агар рози бўлсам, еримни қайтариб беришларини айтишди. Энди эса ишсиз қолдим. Ерни қайтаришмади. Бўйнимда қарз қолган. Мен фақат еримни қайтариб олишни хоҳлайман», — дейди Тўйчиева.

Умида Иброҳимованинг айтишича, Поп туманидаги фермер хўжаликлари эгалари ва ишчилари ердан айрилиб, ишсиз қолишган, Россияга иш излаб кетаётганлар сони ортиб бормоқда. Аксарият фермерлар ерларидан маҳрум бўлганларига тан беришган, фақат бир нечтаси уни қайтариб олишга астойдил ҳаракат қилишмоқда, суд ва ҳукумат мутасаддиларига мурожаат қилишмоқда.

2022 йил 5 июль куни Поп туманидан яна ўн нафар фермер Тошкентга келиб, Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилишди. Қани қўрамиз, уларнинг дардларини эшитиб, шикоятларига жавоб беришармикан.

P.S. Фермер Умида Иброҳимовага кўра, 2022 йил 20 июлда Олий суд унинг ерни ноқонуний олиб қўйиш тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқиб, Наманган туман судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган, зеро у даъво аризасини бериш бўйича 3 ойлик муддатни ўтказиб юборганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонасида илк бор корейсларнинг ҳосил байрами нишонланди

  • Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонасига доир музокаралар боши берк кўчага кириб қолди

  • Самарқандда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази расман очилди

  • Ўзбекистонлик гроссмейстер шахмат олимпиадаси рейтингида Магнус Карлсенни ортда қолдирди