Ҳижобсиз Эрон

Кўп ойлик аксилҳукумат ҳаракатларидан кейин Ислом Республикаси қандай ўзгаргани ҳақида
Теҳрондаги Эрон олий раҳбари Али Хумайний портрети. Александр Рыбин фотосурати, "Фарғона" АА

Хавфсизлик кучлари томонидан аёвсиз бостирилган уч ойлик аксилҳукумат норозилик намойишлар натижасида Эрон ёшлари ҳукуматдан анчагина ҳақларини талаб қила олди.

Намойишларнинг бошланишига сабаб бўлган қизлар ва аёллар учун ҳижоб ўраш мажбурияти Ислом Республикасида де-факто энди амал қилмайди.

Эроннинг йирик шаҳарларида қизларнинг жамоат жойларида сочларини рўмол остига яширмасликлари одатий ҳолга айланган. Кўчаларда «ахлоқ полицияси» хродимлари анча камайган бўлиб, улар илгари аёлларнинг ҳижобга риоя қилишларини назорат қилишарди.

Умуман олганда, Эрон уч ойлик намойишлар давомида сезиларли даражада ўзгарди, бироқ мамлакатдаги жиддий тизимли ўзгаришлар ҳақида гапиришга ҳали эрта.

«Теҳронда бўянишлар камайди»

Эслатиб ўтамиз, Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишлар ўтган йил сентябрь ойи ўрталарида бошланган эди. Унга 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб, полиция томонидан ҳибсга олинганидан сўнг ўлиб қолгани сабаб бўлганди.

Эрон ғарбидаги Курдистон вилоятида яшовчи Амини 13 сентябрь куни Теҳронда ҳибсга олинганидан бир неча соат ўтиб кома ҳолатига тушиб қолади. Гувоҳлар полицияни қизни калтаклаганликда айблашган. Бундан ташқари, норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаётган эронликларнинг ўзлари менга 22 ёшли қизнинг қоидабузарлиги уни қаттиқ калтаклаишига асос бўлмаганини айтишди — масалан, Теҳрондаги кўплаб эронлик қизлар намойишлардан олдин ҳижоб кийиб юришган, тўғрироғи турли хил рангли шарфларда (форс тилида улар «шал» деб аталади) бош қисмининг орқа томонини ўраб юришган, деярли сочларнинг ярми кўзга ташланиб турган.

Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, Аминининг ҳижоби сочларни бироз очиб кўрсатган.

Полиция қизнинг ўлими бахтсиз ҳодиса эканини таъкидлаган. Намойишлар дастлаб Аминининг она шаҳри Сакезда 17 сентябрь дафн маросимидан кейин бошланган. Кейинчалик улар Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалиб кетган. Тахминан бир ой ўтгач, намойишларда ёш қизлар кўпайди ва Ислом Республикасининг турли ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва намойишчилар ўртасида деярли ҳар куни шиддатли тўқнашувлар юз бера бошлади.

Теҳрондаги кафега ҳижоб ва рўмолсиз ташриф буюрган қизлар, 2022 йил декабрь. Александр Рыбин фотосурати, «Фарғона» АА

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, уч ойлик намойишлар давомида 400 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган. 2021 йил ноябрь ойи ўрталарида норозилик намойишлари кучаяди. Расмийлар ҳатто мунтазам армия ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) қисмларини айниқса шиддатли тўқнашувлар содир бўлаётган шаҳарларга олиб киришга мажбур бўлди. Декабрь ойининг бошига келиб, ҳукуматга қарши намойишлар деярли ҳамма жойда пасайган. Бунга бир қатор омиллар ёрдам берди.

Намойишчилар қисман ўз мақсадларига эришишга муваффақ бўлишди – ҳатто консерватив дунё қарашга эга баъзи қишлоқларда қизлар ҳижобсиз ва рўмолсиз бутунлай эркин юра бошладилар ва бугун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бунинг учун уларни тўхтатмаяпти.

Аҳлоқ полицияси патруллари кескин қисқартирилди. Энди, масалан, Теҳронда йигит билан боши очиқ қизнинг қўл ушлаб юриши ва вақти-вақти билан шаҳар марказидаги чорраҳаларда навбатчилик қилиш учун юбориладиган полиция ходимлари ёки ИИҚК жангчилари ёнидан ўтиб кетиши мутлақо нормал ҳолатга айланди.

Теҳронлик аёл танишим ҳатто бир ҳақиқатни айтди: Эрон пойтахтидаги қизлар камроқ бўяна бошладилар.

«Авваллари сочни доимо ҳижоб остида яширишга тўғри келганда, чиройли кўриниш учун бўяниш лозим эди. Аммо ҳозир қизларнинг сочи очиқ ва бу аёл гўзаллигининг муҳим қисмидир, шунинг учун Теҳронда қизлар камроқ бўяна бошладилар»

- дейди танишим.

Эроннинг бошқа шаҳарларига борганимда, мен Ислом Республикасига охирги марта — 6 йил аввал кўрганимга қараганда, у ердаги қизлар ҳам камроқ бўяна бошлашганига кўзим тушди. Шу билан бирга, ихтиёрий равишда ҳижоб кийишда давом этаётган қизлар ва аёллар борлиги таъкидлаш керак.

Форс кўрфази соҳилидаги ҳижоюсиз эронлик аёл. Александр Рыбин фотосурати, «Фарғона» АА

Бошқа томондан, норозиликларнинг камайиши мавзусига қайтадиган бўлсак, ИИҚК бўлинмаларининг айниқса тўполончи шаҳарларга жойлаштирилиши ҳам ўз мевасини берди. Намойишлар пайтида полиция билан тўғридан-тўғри тўқнаш келганларга нисбатан расмийлар қаттиққўл бўлди. Бу ҳам норозилик фаоллигининг аста-секин сусая бошлашига хизмат қилди.

Ҳозирча бироз мувозанат ўрнатилди. Полиция ҳижобсиз қизларга тегмайди ва асосий норозилик фаоллари бўлган ёшлар оммавий тадбирларда қатнашишмаяпти. Бироқ, Эрон ҳукумати ва мамлакат аҳолиси ўртасидаги концептуал муаммолар ҳалигача ҳал этилмаган.

«Ҳамма нарса қимматлашяпти, барча кетишни хоҳлайди»

Ҳозирда Эронда валюта айирбошловчилари (улар расман ноқонуний ҳисобланади — лекин очиқ фаолият юритишади, масалан, Теҳронда, Россия элчихонасидан унчалик узоқ бўлмаган жойда, Британия элчихонаси рўпарасида) 1 долларга 430 минг маҳаллий риал беришади. Декабрь ойи ўрталарида 1 доллар 360 000 риалга тенг эди.

Теҳрондаги ноқонуний валюта айирбошлаш бозори. Александр Рыбин фотосурати, «Фарғона» АА

Риалнинг харид қобилиятини тушунтириш учун мен қуйидаги маълумотларни келтираман. Теҳронда метро ёки автобусда юриш 20 000 риал туради. Бозорда ярим литр янги сиқилган анор шарбати 300 минг риал туради. Бозорда бир жуфт иссиқ жун пайпоқ 500 000 риал туради (савдолашсангиз арзонроқ сотиб олишингиз мумкин). 1 миллион риалга оддий ресторанда овқатланишингиз мумкин. Ўтган йил июль ойида алмаштиргичларда 1 доллар учун 200 000 риал берилганини қўшимча қиламан.

Бу Эрон иқтисодиётининг доимий равишда таназзулга юз тутаётганини кўрсатувчи кўрсаткичлардан бири холос.

Намойишлар фонида у янада тез пасайишни бошлади, чунки расмийлар ҳақиқатда мамлакатни ташқи Интернетдан узиб қўйди: фақат .ir, домени бўлган сайтлар муаммосиз ишлади, бошқа барча ресурслар учун (ҳатто россияликлар учун ҳам, гарчи Россия пропагандаси Ислом Республикасининг ҳукмрон режимига ҳаммадан кўра дўстона муносабатда бўлсаям) эронликлар VPN-дан фойдаланадилар.

Ўртача ҳисобда пойтахт аҳолиси (Теҳронда ва энг кўп норозилик намойишлари бўлиб ўтаётган бошқа бир қатор йирик шаҳарларда расмийлар интернетни тўсиб қўйишга роса уринишади) смартфонларида 10-15 хил VPN ўрнатилган. Агар ишлаётган VPN ёрдам бермаса, улар ҳар сафар бошқасига ўтишлари керак. Шундай бўладики, Интернет бир неча соат давомида бутунлай йўқолиб қолади – бундай пайтда ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

Ғарбнинг кўплаб санкциялари остида қолган Эрондаги хусусий бизнеснинг (дарвоқе, мен бу ҳақда кўп марта гапирганман, лекин яна такрорлайман — Ғарб санкциялари фақат Эрондаги мавжуд сиёсий режимни мустаҳкамлаш учун қўл келади, лекин бу мамлакатдаги вазиятни ўзгартиришга ҳисса қўшмайди) ташқи бозорларга чиқиш имконияти Интернет эди.

Бундан ташқари, турли тармоқлар орқали турли креатив маҳаллий корхоналар ривожланган. Шундай қилиб, мен анъанавий эрон ёзги пойабзалларини (gyveh) ишлаб чиқарадиган ва сотадиган 29 ёшли теҳронлик Фарзин исмли тадбиркор билан суҳбатлашдим.

Бозорда ўз маҳсулотини сотиш ва тарғиб қилишнинг асосий усули унинг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифаси бўлиб, Эрон ҳукумати россиялик ҳамкасблари каби уни тақиқланганлар рўйхатига киритишга қарор қилган ва блоклашни бошлаган. Оқибатда Фарзиннинг бизнеси қисқара бошлаган. У ўз бизнесини қандай қилиб бошқача тарзда ривожлантиришни ҳали тушунмайди. Ва бу мисоллардан фақат биттаси. Эронга доир шунга ўхшаш воқеаларни етарлича эшитдим.

Иқтисодиётнинг таназзулга учраши ва мамлакатда туб ўзгаришларнинг йўқлиги эронлик ёшларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилмоқда. Дарвоқе, кўп сонли эронлик ёшларнинг Ғарб давлатларига нисбатан норози бўлишининг сабабларидан бири ҳам шу. Уларнинг фикрича, Ғарб уларга Эрондан чиқиб кетишлари учун шарт-шароит яратмасдан, амалдаги сиёсий режимдан қутулишига ёрдам бериши керак.

Эронлик ёшларга тан берса бўлади. Мен суҳбатлашганларнинг аксарияти, шу жумладан олдинги ташрифларимда ҳам — ўз ватанларини қадрлашади ва уни бошқа мамлакатларга алмаштиришни хоҳламайдилар. Эрон ёшларида ватанпарварлик ҳисси кучли ривожланган ва бу яхши маънода, алмисоқдан қолган диктатуралар тараннум этаётган маънода эмас.

Путин = Хумайний

Эронни тарк этишдан бир неча кун олдин мен Теҳрондаги суҳбатдошимга Москвада навбатдаги мухолифат сиёсатчиларининг охирги ҳибсга олиниши ва тинтувлар ҳақида гапириб бердим. Эронлик суҳбатдошим ҳукумат мухолифатчиларни нимада айблаётгани, тинтув ва ҳибслар қандай ўтказилгани ҳақидаги ҳикояни диққат билан тинглади ва шундай деди: «Россия янгиликларида Москвани Теҳронга, Россияни Эронга алмаштириб айтишингиз мумкин, шунда сиз аниқ натижага эришасиз, зеро бизда ҳам шундай сиёсат мавжуд».

Ҳар сафар мен маҳаллий одамлар билан сиёсатни муҳокама қилганимда (ҳозир Эронда фақат дангасаларгина сиёсатни муҳокама қилишмайди) мен ҳам, суҳбатдошларим ҳам Россия ва Эрон муаммолари мутлақо бир хил, деган хулосага келдик. Ягона фарқ шундаки, эронликларнинг сиёсий маданияти Россия фуқароларига қараганда анча ривожланган. Эронликлар, айниқса, 25-35 ёшли авлод, оқсоқолларнинг сиёсий режимидан жуда чарчаган. Эрондаги элита деб аталувчи гуруҳнинг ўртача ёши Россиядаги ҳукмрон синфнинг ўртача ёши билан бир ҳил – тахминан 65 ёш.

САВАК қамоқхонаси музейидаги Али Хумайний фигураси. Хумайний у ерда 1970 йил 8 ой ўтирган. Александр Рыбин фотосурати, «Фарғона» АА

Лекин танганинг бошқа томони ҳам бор. Мен тасодифан Эрон ҳукумати тарафдорлари йиғилишида қатнашиб қолдим. Ҳар қандай шаҳарда сиёсий режим тарафдорлари жума намозига асосий масжидларга келишга ҳаракат қилшади. Теҳрондан 140 км ғарбда жойлашган Қазвин шаҳрида жума куни маҳаллий жоъме масжидига ташриф буюрдим. Бу ерда асосан кексалар, ўрта мактаб ўқувчилари ва ҳарбий кийимдаги ёшлар бор эди. Бундан ташқари, мактаб ўқувчилари намоз бошланишидан олдин ўз мактаблари номи ёзилган баннерларни ёйиб, улар билан суратга тушишди. Турган гап, ҳисобот бериш учун — гарчи ҳозир бўлганлардан ҳеч ким бу ҳақда менга тўғридан-тўғри айтмади. Яъни, лицей ўқувчилари Россия Федерациясида қўлланилганидек, Эрондаги «ватанпарварлик тадбирлари»га мажбуран жўнатилади.

Ҳарбий кийимдаги йигитлар ва кекса бир киши мени рус эканлигимни билиб, Путинни мақташди. Айтишларича, у уларнинг олий раҳбари Али Хумайний каби яхши инсон. Эрон ва Эронпараст кучлар Яман, Сурия ва Ироқда Ғарбга қарши курашаётганидек, Россия ҳам ҳозир Украинада «Худодан юз ўгирган» Ғарбга қарши курашаётган эмиш. Айни пайтда масжид олдидаги майдонда аёллар Эрон ҳукмрон режимини қўллаб-қувватловчи ва ўз ҳаракатлари билан мамлакатни вайрон қилишга уринаётган «Ғарб агентлари»га қарши шиорлар ёзилган плакатлар билан туришарди.

Ниҳоят, мулланинг хутбаси бошланди. Мени бир нарса ҳайратга солди – форсий тилини умуман билмайдиган одам ҳам «шайтон» сўзини тушунади. Рус тарғиботчилари «нацизм» сўзини кўп такрорлашгани каби бу ерда ҳам «шайтон» сўзи шунча кўп тилга олинди.

Тўғри, ТикТокда машҳур россиялик сиёсатчи бор, у «нацизм» ва «шайтон» ни уйғунлаштиришни уддасидан чиқолган.

Умуман олганда, Эрон жамияти, айниқса, унинг ёшлари, назаримда, анчагина кучли ва самарали ресурс бўлиб, у ҳозирча бир мунча вақт сусайган. Расмийларнинг яна бир расво ҳаракати норозилик тўлқинини келтириб чиқариши мумкин. Мамлакатдаги туб ўзгаришлар учун қанча тўлқин керак бўлишини олдиндан айтиш қийин. Масалан, 1979 йил февралдаги ислом инқилобининг ғалабаси учун (ўз даври учун бу, албатта, Эрон учун тараққиёт йўли эди) бир йилдан ортиқ давом этган турли интенсивликдаги норозилик намойишлари зарур бўлганди.

Умуман олганда, Шарқда ўзгаришлар тезда содир бўлмайди. Шундай экан, Эронда шу йилнинг кузида рўй берган воқеалар катта ва узоқ давом этадиган жараённинг бошланишидир холос.

Александр Рыбин
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ