Нафас олиш ҳозирча мумкин

Толиблар аёлларга нисбатан ҳижоб мажбурийлиги ва бир қатор тақиқларни қонун билан мустаҳкамлади
Афғон аёллари намойиши. ria.ru сайти фотосурати

2021 йил август ойи ўрталарида «Толибон»* бутун Афғонистонда ўз ҳокимиятини ўрнатди. Шу билан бирга, радикал ҳаракат вакиллари аҳолини шариат қонунлари асосида яшашга мажбурлай бошладилар, бу эса ўз навбатида кўпроқ хотин-қизларга таъсирини ўтказа бошлади, жумладан, уларнинг ўрта мактаб ва олий ўқув юртларида ўқиши, жамоат жойларида эркакларсиз юриши ва спорт билан шуғулланиши тақиқланди. Аммо бу ҳам расмийларга камдек туюлди. Кобул босиб олинганидан уч йил ўтгач, толибларнинг энг фаол идоралардан бириИсломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигининг саъй-ҳаракатлари билан турмушнинг шариат тарзи қонунийлаштирилди. Ҳужжат тасдиқланиш барча босқичларидан ўтди ва кучга кирди. «Фарғона» Ислом амирлигининг янги қонунига қандай талаб ва чекловлар киритилгани ҳақида сўз юритади.

«Бахтиқаро» модда

«Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш тўғрисида»ги қонун 114 саҳифадан иборат бўлиб, унда замонавий Афғонистон ва унинг аҳолиси ҳаётининг турли соҳаларига тааллуқли 35 та модда мавжуд.

Толибларнинг нумерология билан шуғулланиши ёки хурофотларни ҳисобга олиши даргумон, аммо аёллар учун чекловлар ҳақидаги модда 13-рақами остида келтирилган. Қонуннинг «бахтиқаро» моддаси юмшоқ қилиб айтганда, шариатдан бехабар одамларни ҳайратга соладиган тақиқларни ўз ичига олади.

Келинг, оддий нарсадан бошлайлик: афғон аёллари бегона эркаклардан бутун тана ва юзни беркитадиган ҳижобда бўлиши керак (худди шу қонуннинг 3-моддаси таърифи). Бироқ, у юпқа, тор ва калта бўлмаслиги керак. Аслида, бу қоида толиблар ҳокимиятга келганидан сўнг дарҳол долзарб бўлди. Аммо энди бу қонун билан мустаҳкамланди. Қолаверса, 13-моддага кўра, нафақат бегона эркаклар, балки ислом динига эътиқод қилмайдиган аёллар олдида ҳам ўзини бутунлай ёпиб юриши керак.

Шунингдек, афғон аёлларига қариндош бўлмаган ёт эркакларга қараш, қолаверса, улар билан гаплашиш ҳам тақиқланган. Бундан ташқари, қонунда

аёлнинг овози ҳам – аврат ҳисобланади, шунинг учун у уйдан чиқаётганида, юзи ва танаси қатори овозини ҳам бегоналардан яшириши керак, дейилган.

Қўшиқ айтиш, олқишлаш ва декломация алоҳида тақиқланган. Охирги тақиқ, аслида, ўз ҳуқуқлари учун курашаётган жасур аёлларни қаттиқ жазолаш учун жангариларга қўл келади. Зеро, ҳар қандай шиор ёки баланд овоздаги баёнот ўз овозини намойиш этиш, яъни бегона эркаклар ҳиссиётини уйғотиш сифатида қабул қилиниши мумкин.

interfax.ru сайти фотосурати

Аёллар билан боғлиқ бир неча моддалар мавжуд, уларда ҳам чекловлар кўрсатилган. Жумладан, жамоат транспорти ва такси ҳайдовчиларига ҳижобсиз ёки маҳрамлари иштирокида бўлмаган аёлларга хизмат кўрсатиш тақиқланган.

Толиблар Амирлик фуқароларининг интим ҳаётини ҳам эътиборсиз қолдиришмаган. Мамлакатда мажбурий никоҳ, бузуқлик, бир жинсли муносабатлар ва анал жинсий алоқа (шу жумладан қонуний эр ва хотин ўртасида) расман тақиқланган.

Бир сўз билан айтганда, ҳокимият ҳамма жойда ўзларининг қатъий қоидаларини жорий қилиб, одамларнинг ётоқхонаси, чойшабигача кириб борган. Кўринишидан, узоқ вақтга. Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Холид Ҳанафий ҳужжатни шарҳлар экан,

Шариат ва ҳижоб бизнинг «қизил чизиғимиз» ва биз бу масалада ҳеч ким билан музокара олиб бормаймиз», деган.

Толиблар жорий қилган янги қоидаларни БМТ дарҳол қоралади. Ташкилот Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик ўз фикрларини шартта айтди.

«Бундай қонунларга эга ҳар қандай мамлакатниг олдинга силжишини, ривожланишини, ўз мавқеини яхшилашини тасаввур қилиш қийин»,дейди сиёсатчи.

Ҳар доим ҳам шундай бўлмаган

Агар афғон аёллари доимо ҳижобда бўлиб, эркакларга итоаткорлик билан бўйсунган деб ўйласангиз, ҳато қиласиз. Мамлакат тарихида хотин-қизлар у ёки бу даражада озод бўлган, ҳозирда орзу ҳам қила олмайдиган ҳуқуқларга эга бўлган даврларни кечган.

Улар ўтган асрнинг 20-йилларида давлатни бошқарган Омонуллахон даврида озодлик нафасини ҳис қилганлар. Айтганча, толиблар бу ҳукмдорни ҳурмат қилишади — у инглизлар билан урушга чек қўйган ва Афғонистон мустақиллигини эълон қилган. Бу подшоҳ ўша пайтда мажбурий ва ёш турмуш қуришни, қалим пулини бекор қилиш тўғрисида инқилобий фармонларни чиқарган. Қолаверса, Кобулда пойтахтлик хонимлар европача либосларда ўзини кўз-кўз қилиши мумкин бўлган кўча пайдо бўлган. У ўз қизларини Туркияга ўқишга юборган ва кўп ўтмай бой амалдорлар унга тақлид қила бошлашган.

Сорая Тарзий. abc.es сайти фотосурати

Омонуллахоннинг ёлғиз хотини бўлмиш Сорая Тарзий аёллар эркинлигига катта ҳисса қўшган.

Афғонистонда илк бор аёллар театри, аёллар касалхонаси, қизлар мактабини очган, аёллар ташкилотига асос солган, аёллар журналини чиқарган, қиролича-консорт унвонини олган мана шу аёл бўлган.

Тарзий паранжини ташлашга қўрқмаган. Ва умуман олганда, у Ғарб услубида суратга тушишни афзал кўрган.

Аммо 1929 йили Омонуллахон фуқаролар урушида мағлубиятга учрайди ва рафиқаси билан Европага қочиб, тахтдан воз кечишга мажбур бўлади. Тез орада янги ҳокимият аёллардан қироллик оиласидан олинган барча ҳуқуқларни қайтариб олади, жумладан талаба қизларни Туркиядан қайтишга мажбур қилади.

Келажакда енгилликлар берилган бўлса-да, улар арзимас эди, масалан, афғон аёлларига хорижда бўлган вақтида ҳижобсиз кўчага чиқишга рухсат берувчи қонун қабул қилинган. Фақат Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан кейин мамлакатда яна эркинлик шабадаси эсганди. 1950-60 йиллари аёлларга оммавий ахборот воситаларида, маҳаллий авиакомпанияларда стюардесса бўлиб, телефон оператори ва давлат лавозимларида ишлашга рухсат берилган. 1964 йилги Конституция уларга эркаклар билан тенг ҳуқуқлар, жумладан, сайловларда иштирок этиш, ўз номзодини илгари суриш имкониятини берган.

1973 йили давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келган Муҳаммад Довуд Хон аёллар эркинлигига ўз ҳиссасини қўшган. У Оила кодексини тасдиқлаган, унга кўра, афғон аёллари мустақил равишда ўзларига турмуш ўртоғини танлаши ва агар эри қамоқда бўлса, оилани боқа олмаса ёки оиладаги зўравонлик учун судланган бўлса, ажрашиш учун ариза беришлари мумкин эди.

Кейинги икки ўн йилликда Афғонистонда Совет таъсири кучайгани сари вазият яхшиланишда давом этган. Айниқса, таълим олиш масалаларида. Расмий статистик маълумотларга кўра, 1991 йили мактабларда 230 минг нафар, олий ўқув юртларида етти мингга яқин қиз ўқиган. Республикада 190 га яқин аёл профессор, 22 минг нафар ўқитувчи фаолият юритган.

1992 йили СССР қўллаб-қувватлаган ҳукумат қулаганидан сўнг ҳокимият тепасига мужоҳидлар келади ва улар билан бирга патриархал диний асослар ҳам қайтиб келади. Дарвоқе, ўшанда ҳам афғон аёлларига омма олдида баланд овозда гапириш ва кулиш тақиқланган эди.

Ва энг сўнгги озодлик тўлқини 2001-2021 йиллар жўш урган, бу даврда АҚШ ва унинг иттифоқчилари мамлакатда қўшинларга эга эди. Масалан, афғон аёллари учун парламентдаги 250 ўриннинг 27 фоизига квота белгиланган, аёлларга автомобиль ҳайдаш ва Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқи берилган. Бироқ, ислоҳотлар фақат катта шаҳарлар аҳолисига таъсир қилган, бироқ қишлоқларда ўрта асрлар қонунлари ҳукм сурган.

Қонун ҳижоб билангина чекланмаган

«Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш тўғрисида»ги янги қонунга қайтсак, унда нафақат аёлларга тегишли қоидалар ўрин олгане. Шунингдек, эркаклар бўлими мавжуд бўлиб, унга кўра киндикдан тиззагача (шу жумладан тиззалар) бўлган қисм аврат деб тан олинади. Тананинг бу қисми беркитилган бўлиши керак. Бундан ташқари, афғон экаклари тор кийимларни киймаслиги керак, жумладан, уларнинг спорт кийимлари тор бўлмаслиги керак.

Шунингдек, Ислом Амирлиги эркакларига шариатга зид бўлган соч турмаги, соқол қўйиш, мушт узунлигидан қисқароқ соқол қўйиш, галстук тақиш, кофирлар билан дўстлашиш ва уларга ёрдам бериш, шунингдек, ота-онага итоатсизлик қилиш ҳам ман этилган.

Энди мусиқа, қимор ўйинлари, жумладан, болалар ўйин-кулгилари, ҳайвонлар жанги, спиртли ичимликлар сотиш, судхўрлик, узрли сабабсиз намозни ўтказиб юбориш, Рамазон ойида рўза тутмаслик ва бошқа кўп нарсалар қонун билан тақиқланган.

Бу рўйхатга толиблар мажусийлик деб тан олган Наврўз байрами ҳам киритилган.

Қонун ижодкорлари оммавий ахборот воситаларини ҳам четлаб ўтмаган. Шундай қилиб, уларда мусулмонларни камситиш, ҳақорат қилиш, тирик мавжудотлар суратларини нашр этиш тақиқланади. Бундан чиқди, телевидениеда дикторлар йўқолади, фақат кадр ортидаги овозлар қолади ва газеталарда фотосуратлар чоп этилмайди. Аммо, маҳаллий мутахассислар таъкидлашича, ТВ бундан мустасно бўлиши мумкин, акс ҳолда у радиога айланиб қолади. Аниқлик киритилишича, ҳозир ҳам тирик мавжудодлар тасвири билан боғлиқ тақиқ бузилмоқда: биринчидан, турли каналларда толиблар мунтазам равишда чиқишади; иккинчидан, ҳокимият ғояларини тарғиб қилиш учун мўлжалланган ўша ToloNews телеканалида бошловчилар кўпинча галстукда, соқол қиртишланган ҳолда эфирга чиқишади. Радикал ҳаракат ресурслари кўпинча режим душманларига қарши оммавий ахборот воситалари урушини олиб бориш учун зарурат сифатида юз тасвирларидан фойдаланишади.

Шундай қилиб, ҳужжатнинг ушбу банди, эҳтимол, ишламаса керак. Агар «фазилат вазирлиги»нинг бутун қонуни фақат «қоғозда»гина қолиб кетса, Афғонистонда ҳеч ким бундан хафа ҳам бўлмаса керак.

interfax.ru сайти фотосурати

Қонунда ахлоқ полицияси ва унинг вакиллари – мухтасибларга алоҳида эътибор қаратилган. Қонунда бир қанча моддалар уларнинг вазифалари ва мажбуриятларига бағишланган. Масалан, аҳлоқ полициясида хизмат қилиш учун инсон мусулмон бўлиши, исломий маълумотга эга, адолатли, матонатли бўлиши керак. Унинг хусусиятларига ҳалоллик, меҳрибонлик ва сабр-тоқат киради. Мухтасиблар кенг кўламли ваколатларга эга бўлиб, улар барча тақиқларга риоя қилишни назорат қиладилар — аёлнинг кўчада ҳижобсиз юриши ва мусиқа тинглашидан тортиб, «ётоқдаги чекловлар» ва ота-оналарга бўйсунмасликка қадар. Ахлоқ полицияси одамлар телефонини текширишга ҳақли ва агар у ерда тўсатдан одамлар ёки бошқа тирик мавжудотларнинг фотосуратлари, мусиқа ёзувлари ёки мусулмонларни ҳақоратловчи матнлар топилса, санкциялардан қочиб бўлмайди.

Қонун муаллифлари жазо тизимини белгилаб берганлар. Мухтасиб ҳуқуқбузарлар билан қуйидаги тарзда муомала қилиш ҳуқуқига эга:

👉 маслаҳат бериш;

👉 Аллоҳ таоло ғазаби билан қўрқитиш;

👉 қовоқ солиб огоҳлантириш;

👉 жарима солиш;

👉 1 соатдан 24 соатгача ушлаб туриш;

👉 1 кундан 3 кунгача қамоққа олиш;

👉 ўз ихтиёрига кўра суд ҳукми талаб қилинмайдиган чора билан жазолаш.

Бундан ташқари, пул билан жазолашдан тортиб қаттиқроқ чоралар ахлоқ полицияси раҳбарияти билан келишилади. Агар ҳуқуқбузарлик қайта такрорланган тақдирда, идора ходими ишни судга юбориши шарт.

Турган гап, толибларнинг янги қонуни жаҳон жамиятида норозилик уйғотди.

«Ўнлаб йиллар давом этган урушдан сўнг ва оғир гуманитар инқироз шароитида афғон халқи намозга кеч қолгани, оила аъзоси бўлмаган бегона эркакка қарагани, севган инсони суратини сақлаб юргани учун таҳдидга учраши ёки қамоққа тушишидан кўра яхшироқ тақдирга лойиқдир»,дея изоҳ беради БМТнинг Афғонистондаги ёрдам бериш миссияси раҳбари Роза Отунбаева (Қирғизистон собиқ президенти. – «Фарғона» изоҳи).

Шу фонда «Толибон» олий раҳбари мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг ўтган йили маҳаллий аёллар «қулай ва фаровон ҳаёт кечиришмоқда» деган сўзлари ғалати туюлади.

Кўринишидан, БМТ вакиллари бу жиҳатни, айниқса иллатлар олдини олиш тўғрисидаги янги қонун нуқтаи назаридан, Амирлик раҳбарияти билан муҳокама қилишни хоҳлаган бўлса ажабмас. Аммо, афғон матбуоти ёзишича, Охундзода Отунбаева билан учрашишдан бош тортган. Балки унинг учн аёл киши билан сиёсат ҳақида гаплашиш ножоиздир?

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ