Эрмитаж ва WOSCU — ҳамкорлик натижалари

Ўзбекистон маданий мероси Эрмитажни қанчалар ҳайратга солгани ҳақида. Павел Лурье маърузаси

Қарийб ўн йилдан бери Эрмитаж Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумининг икки жилди Эрмитаж коллекцияларига бағишланганди, учинчи жилд тайёрланмоқда. Яна бири режа қилинмоқда. Бу самарали ҳамкорлик ҳақида Эрмитажнинг Шарқ бўлими Марказий Осиё сектори мудири, филолог, қадимги эрон тиллари бўйича мутахассис, археолог, Панжикент экспедицияси раҳбари ва Хоразм коллекцияси куратори Павел Лурье WOSCU VIII Халқаро конгрессида қилган маърузасида сўзлаб берди.

WOSCUнинг Эрмитаж коллекциясига қизиқиши табиий. Артефактлар тўплами жуда кенг ва кўп йиллар давомида шаклланган. Музейда пайдо бўлган Ўрта Осиёга оид биринчи материаллар Буюк Пётрнинг Сибир коллекциясидан жой олган бир нечта Бақтрия идишларидан иборат бўлган. Кейинчалик тўпламлар Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари ҳукмдорларининг дипломатик совғалари билан тўлдирилган. Россия империясининг Бухоро ва Хива устидан протекторати ўрнатилиши совғалар алмашинувининг кучайишига хизмат қилди. Буларга қурол-яроқ, от анжомлари, заргарлик буюмлари, матолар, китоблар киради. Совғаларнинг энг эътиборлиси Александр III нинг тож кийиш маросимида бухоролик делегация жойлаштирган, кейинчалик императорга совға қилинган улкан чодирдир.

Павел Лурье. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Ўрта Осиё Россия империяси томонидан босиб олиниб, Туркистон генерал губернаторлиги тузилгач, археологик ва коллекциячилик фаолияти кучайди. Коллекционерларнинг совғалари орасида II гилдия савдогари Мирзо Бухорийнинг императорга тақдим этган совғалари алоҳида ўрин тутади. Совғаларнинг ўзи, ҳатто улар тақдим этилган қути ҳам сақланиб қолган.

Туркистонда ишлаган биринчи археологлар орасида Бухариннинг ўртоғи Николай Иванович Веселовский алоҳида ўрин тутади. Шарқшунос олим минтақанинг ислом ва исломгача бўлган қадим даврларини ўрганган.

1917 йил инқилобидан кейин музей соҳасида ислоҳотлар бошланган. Хусусий коллекциялар миллийлаштирилган, музей фонди яратилган, у коллекциялардаги нарсаларни «қайта тақсимлаган». 1921 йили Эрмитажда Шарқ бўлими ташкил этилади, унга музейнинг бўлажак директори Жозеф Орбели раҳбарлик қилади. Ўшанда Ўрта Осиё археологиясини тизимли ўрганиш бошланганди.

Айртам фризи. Павел Лурье маърузасидан олинган фотосурат

Шундай қилиб, Ўзбекистон ССР Амударёдан топилган машҳур «Айртам» фризини Эрмитажга ҳадя қилган. Эрмитажга Миздахқон, Пайкенд, Тали Барзу, Кофир-қалъадан тадқиқот материаллари келиб тушган. Музей коллекцияси Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Ўрта Осиёга экспедициялардан топилган топилмалар, жумладан, Хоразм археологик-этнографик экспедицияси ва Василий Шишкиннинг Варахшда олиб борган қазишмаларидан олинган ёдгорликлар келиб тушганидан сўнг жиддий тўлдирилган.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, Эрмитажда Павел Костров раҳбарлигида Ўрта ва Марказий Осиё монументал расмларини реставрация қилиш учун махсус лаборатория ташкил этилган, деворларга битилган расмларни олиб, консервация қилиш ва музейлаштириш методологияси ишлаб чиқилган. Айнан шу энг йирик ихтисослаштирилган реставрация марказига материаллар бутун мамлакатдан олиб келинган.

Бизнинг асрда

2010 йили Эрмитажда «Антик ва илк ўрта асрлардаги Марказий Осиё» доимий кўргазмаси очилди. У Қишки саройнинг биринчи қаватидаги ўн битта зални эгаллаган. Бу ерда сиз сакларнинг бронза қозонларини, Нисо ритонларини, Термизнинг кушон рельефларини, Панжикент ва Варахш ёзувлари ва ўймакор безакларини, сўғдийлар ва хоразмликларнинг кумуш анжомларини ва бошқа кўп нарсаларни кўришингиз мумкин. Кўргазманинг давоми –Ўрта Осиёнинг ислом даври санъати ва маданиятининг бешта зали (IX — XIX асрлар) ҳозирда тайёрланмоқда. «Эски қишлоқ» янги реставрация ва сақлаш мажмуасида ҳозирда Марказий Осиёдаги мусулмон санъатининг энг муҳим дурдоналари намойиш этилмоқда.

Китоб-альбомылар. magiya-vokrug.ru сайти фотосурати

2015 йили Ўзбекистон Маданий мерос жамғармасининг республикага тегишли осори-атиқаларга бағишланган альбом чоп этишни таклиф қилгани Эрмитаж маъмуриятини ҳайрон қолдирганди. Гап шундаки, музей Марказий Осиё коллекцияларини замонавий давлат чегаралари бўйлаб ажратмайди. Умуман олганда, альбом яратиш Эрмитаж учун ғайриоддий вазифа бўлиб, у асосан «зерикарли» маълумотли каталоглари билан чегараланарди. Шунга қарамай, лойиҳага катта қизиқиш билдирилди.

«Дарҳол маълум бўлдики, музейнинг ўзбек заминига у ёки бу даражада боғлиқ бўлган барча турли коллекцияларини тўлиқ намойиш этиш учун бир жилд етарли эмасди. Альбомларнинг уч жилдлигини чиқаришга қарор қилинди: биринчиси исломгача бўлган даврга, иккинчиси Аббосийлардан Темурийларгача бўлган ислом маданиятининг гуллаган даврига, учинчиси амирлик ва нисбатан яқин ўтмиш этнографик даврларга бағишланган бўлади. Икки жилд чоп этилди, учинчиси узоқ вақтдан бери тайёрланмоқда, аммо мазкур Конгресс жараёнга туртки беради, деган умиддамиз»,дейди Павел Лурье.

Китоб-альбомлар

Ҳар бир каталог бўйича объектлар рўйхати дастлабки муҳокамадан сўнг тузилди. Баъзи артефактлар реставрацион тозалашдан ўтказилди. Эрмитажнинг таҳририят ва нашриёт бўлими фотолабораториясида материалнинг янги фотосуратлари олинди. Шарқшунослик ва нумизматика бўлими ходимлари нарсаларни карточкалар билан белгилаб, кириш ёзувини битдилар. Мақолалар ва карточкалар музейнинг ўзида ҳам, Тошкентда ҳам таҳрир қилинган. Хусусан, биринчи ва иккинчи жилдларнинг илмий муҳаррири атоқли археолог Эдвард Ртвеладзе бўлиб, матнни жуда масъулият билан таҳрир қилган. Ниҳоят, альбом мазмуни ўзбек ва инглиз тилларига таржима қилинди.

Ўзбекистоннинг маданий меросининг Эрмитаж тўпламларига оид биринчи жилди муаллифлари уни жуғрофик тамойил: Бақтрия, Сўғд, Чоч, Фарғона, Хоразм бўйича ташкил этишга қарор қилдилар. Лурьенинг ўзи Хоразм мавзусини олди.

«Хоразм бўлимида Тупроқ-қальанинг ранг тасвирлари, терракота кулолчилиги, ҳайкалтарошлик ашёлари, хумдонлар, кумуш идишларга оид материаллар мавжуд бўлган. Охирида иккита махсус бўлим яратилди: эпиграфик ёдгорликлар ва нумизматик материаллар. Бу жилдда илгари нашр этилмаган бир қанча буюмлар бор эдики, кўпчилик уни илк бор сифатли ранг полиграфияда кўришга муяссар бўлди», — дея таъкидлайди тарихчи.

Иккинчи жилдни учта йирик хронологик қисмга бўлишга қарор қилинди: Мўғуллар ҳукмронлигидан олдинги Моворауннахр IX — XII асрлар, XIII — XIV асрлардаги мўғуллар давлати ва XIV — XV асрлардаги темурийлар ҳукмронлиги. Бўлимлар ашёлар турлари бўйича ажратилган: ўчоқлар, керамика, ёзув асбоблари, шиша, тореутика, заргарлик буюмлари. Пайкенд, Қўлдортепа, Мунчак экспедицияларидан олинган материаллар бўйича алоҳида бўлимлар жой олди. Иккинчи ва учинчи бўлимларнинг муҳим қисми керамика плиткаларига бағишланган. Шаҳрисабз хазинасининг олтин нақшлари, Гўр-Амир портали, Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси чироқлари, эпиграфик безаклар ҳақида боблар мавжуд. Тўплам нумизматика билан якунланади.

Ва ниҳоят, ҳамон тайёрланаётган учинчи жилддан Шайбонийлар ва ундан кейинги сулолаларнинг монументал санъати намуналари, дипломатик совғалар, қурол-яроғлар, тўқимачилик, кийим-кечак, кулолчилик, заргарлик буюмлари, этнографик даврларга оид от жабдуқлари ўрин олиши тахмин қилинмоқда. Бу нарсаларнинг кўпчилиги илгари нашр этилмаган.

Эрмитаж «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркум китобларини тайёрлашдан ташқари, Марказий Осиё тарихига оид бир қатор қўшимча лойиҳаларда ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, яқинда «Сўғдиёна – Ипак йўлининг юраги» тўплами нашр этилди, ундаги Сўғд кулолчилиги, Варахш рангтасвири, Сўғд кумуши ва Сўғд хаттотлигига оид бўлимлар бевосита музей коллекциялари ва музей ходимларининг илмий изланишлари билан боғлиқ.

Артефактлар. Павла Лурье маърусидан олинган фотосурат

Лурье таклифи

Антик давр ва илк ўрта асрлар бошидаги Хоразм монументал санъатининг энг кўзга кўринган ёдгорликлари Қорақалпоғистондаги Тўпроққалъа ўрнидаги «Буюк сарой»дан олинган. 1940 йиллари Хоразм археологик-этнографик экспедицияси саройни ўрганган, кўплаб материаллар чоп этилган. Павел Лурье таъкидлаганидек, Эрмитажда Тупроқ-қалъанинг юздан ортиқ асори атиқалари мавжуд. Булар орасида девор расмлари ва лойдан ясалган рельефли ҳайкаллар бор. Артефактлар Антропология ва этнография институтининг Ленинград филиалидан (Кунсткамера) келиб тушган, у ерга эса Хоразм археологик ва этнографик экспедиция бошлиғи, Москва бош институти директори Сергей Толстов томонидан келтирилган. Кунсткамерада улар қутилар ва товоқлар ичида сақланган.

«Айни пайтда монументал рангтасвир илмий абораториясида ушбу материаллар консервация ва реставрациядан ўтказилмоқда. Ҳар йили реставраторлар 10 га яқин ашёларни қайта ишлайдилар (иш ярим йўлдан ўтди) ва чанг қутилардан ҳақиқий санъат асарлари дунё юзини кўрмоқда. Реставрация тугаллангандан сўнг Ўзбекистон Маданий мерос жамғармаси илмий каталогни нашр этишда иштирок этса, ажабмас», — дейди Лурье.
Китоб-альбомлар. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Албатта, олимнинг, WOSCU аъзосининг таклифи ҳамкасблар эътиборидан четда қолмайди. Эрмитаждаги Ўзбекистон маданий меросининг учинчи жилди устида иш ниҳоясига етгач, Тупроқ-қалъага бағишланган альбом яратиш ишларини бошланишини эҳтимолдан ҳоли эмас. Олимлар бу ҳақда 2025 йили бўлиб ўтадиган навбатдаги Халқаро конгрессда айтиб берсалар, ажабмас.

ℹ️ Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) 2018 йили дунёнинг 300 дан ортиқ шарқшунослари ташаббуси билан ташкил этилган. 2019 йили Парижда расман рўйхатдан ўтган, 2023 йилда эса Тошкентда ваколатхонаси очилган. Бугунги кунда WOSCU 450 дан ортиқ олимларни бирлаштирган бўлиб, улар иштирокида ҳар йили «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркум китоб-альбомлари нашр этилмоқда, маданий тадбирлар ва матбуот анжуманлари ўтказилмоқда. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг бош ҳомийси Eriell Group нефть-сервис компаниясидир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ