Барча замонлар календари

Ҳозирги туркий халқлар бирлаша оладими?

Нурлан Салтаев ва Амир Эйваз яратган «Туркий календарь» ниҳоятда қизиқарли, маълумотларга бой ва ҳажм жиҳатидан эпик асардир. У ҳам электрон, ҳам босма шаклларда мавжуд. Лекин бу шунчаки китоб эмас- турклар тарихини қадимдан то ҳозирги давргача қамраб олган улкан лойиҳадир. Қадим даврга оид ёзма манбалардан олинган парчалар лойиҳага алоҳида жозиба бағишлайди. «Фарғона» Нурлан Салтаев билан туркий халқларнинг тарихи, маданияти, психологияси, бир-бирлари ва дунё билан муносабатлари ҳақида суҳбатлашди.

— Асарингизнинг икки муаллифи бор: Нурлан Салтаев ва Амир Эйваз. «Туркий календарь»ни яратиш ғояси биринчи бўлиб кимдан чиқди ва мутахассисликлар бўйича ишларни қандай тақсимладингиз, қайси мавзуларга ким масъул бўлди?

Мен дастлаб «Туркий календарь»ни муаллифи эдим, кейинроқ бунга Амир Эйваз қўшилди. 2018 йили Амир Мирзо ўзининг turantoday.com сайтида мен тўплаган материаллар асосида «Туркий календарь»нинг электрон версиясини ишга туширди. Шунингдек, у Google Play да юклаб олиш мумкин бўлган календаримиз учун бепул мобил иловани яратди.

Амир Мирзо таҳрир, график дизайн ва дизайн билан шуғулланган, кейинчалик саналарни ўрганиш ва ёзма манбалардан иқтибослар тузишда фаол иштирок этди. Биз руҳан яқин инсонлар бўлсак керак, чунки қайси матн Амирники, қайси матн меники эканини энди айта олмайман.

Дизайн яратиш ва тарихий фотосуратлар, портретлар, ўрта аср гравюралари, расмларини қўшиш орқали Амир Мирзо, назаримда, «Туркий календарь»га жон киритди.

Ҳозирда у «Туркий календарь»нинг туркча версияси устида ишламоқда. Китобнинг техник қисмини бевосита турк тилига таржима қилиш билан бирга, турк тилидаги бирламчи манбаларни тўплайди. Араб ёзувини билганлиги туфайли у эски усмонли ва бошқа туркий шевалардаги асл матнлар — қадимги ўзбек, Қрим ва Қозон хонликларидаги татар, қизилбош ва бошқа тиллардаги матнларни излайди. Масалан, Москва давлатининг Қрим хонлигига тўлаган ўлпонни бекор қилиш тўғрисидаги 1700-йилги шартнома ҳозирда русча нусхада келтирилган бўлса, «Туркий календарь»нинг туркча версиясида у асл эски усмонли тилидан (замонавий турк тилига таржима ва эски усмонли тилидан транскрипция қилинган) берилади.

— «Календарь» моҳиятан энциклопедик луғат бўлса-да, луғат тамойилига эмас, балки туркийлар тарихидаги саналар ва муҳим воқеаларга асосланади. Сиз ва ҳаммуаллифингиз ушбу луғатни кенгайтириш ва уни янгилаш ҳақида ўйламаяпсизми?

— Албатта, «Туркий календарь» ни чексиз равишда кенгайтириш мумкин. Биз доимо илмий жиҳатдан тасдиқланган саналар ва улар учун асосий манбаларни қидирамиз. «Туркий календарь»нинг асл нусхаси 600 саҳифадан иборат бўлганини айтиш кифоя, ҳозирда у тахминан 1300 саҳифани ўз ичига олади. Биз яна бир муҳим янгиланишга деярли тайёрмиз: бизда уни тўлдириш учун қизиқарли материаллар бор ва биз баъзи қизиқарли ва кам маълум манбаларни топдик. Бироқ, ҳозирча асосий вазифамиз китобимизнинг туркча вариантини ишлаб чиқишдир. Шу сабабли, ушбу асосий янгиланиш ҳозирча тўхтатилди.

«Туркий календарь» бўйича ишимизнинг бир қанча жиҳатларига тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, «Туркий календарь»да барча суверен туркий давлатларнинг, шунингдек, туркий мухториятларнинг байрамлари мавжуд.

«Туркий календарь»нинг иккинчи муҳим жиҳати – айрим халқлар томонидан ҳозиргача нишонланадиган, афсуски, баъзилари томонидан мутлоқ йўқотилган туркий халқлар байрамларининг сақланиб қолинишидир. Масалан, «Қидирлез» ёки «Хизирлез» байрамини Шарқий Европанинг Қрим-татарлари ва нўғайлари 7 май куни нишонлайдилар. Афсонага кўра, Хизир а.с Илёс.а.с билан шу куни учрашган. Хизир а.с — машҳур ислом авлиёси, чорвачилик ҳомийси, унинг исми арабчада «Яшил» деган маънони англатади, Илёс а.с ёки Иля эса сув ҳомийси. Яъни бу кун майсаларга биринчи ёмғир ёққан, чорваларни яйловга олиб чиқишнинг биринчи кунини англатади. Чорва қиш келгунча, яъни 7 ноябрга тўғри келадиган Қосим кунигача яйловда боқилади. Хизирлаздан Қосимгача бўлган давр турклар томонидан ёз, Қосимдан Хизирлазгача бўлган давр эса қиш ҳисобланган.

Ёки, масалан, «Гул-Исриқ» ёки «Адраспан байрами» Ўзбекистонда бир пайтлар нишонланиб келинган, ҳозир эса унутилган байрам — қизиғи шундаки, у коммунистикларнинг динга қарши кураш бўлимининг эслатмаси туфайли тарихда сақланиб қолган.

Туркларнинг сўнгги бир неча асрлик тарихи курашлар, мағлубиятлар ва камдан-кам ғалабалардан иборат. Шунинг учун календарга Туркистоннинг Содиқ (Сиздиқ) Кенесариули томонидан қўлга киритилиши ва унинг ҳимоя қилиниши, Чимкент ва Тошкентнинг қамал қилиниши, Олимқул Қипчоқнинг ўлими каби саналар киритилган... Биз воқеаларга баҳо бермасликка ҳаракат қилдик, фақат фактларни келтирдик.

«Туркий календарь»нинг навбатдаги мақсади мавжуд туркий сулолаларнинг ҳаммаси бўлмаса ҳам, аксарини эслатиб ўтиш ва замонавий тақвим билан боғланиши мумкин бўлган манбалардан ҳақиқий саналарни топиш бўлди. Китобда Мисрда ҳукмронлик қилган туркий сулолалар: Тулунийлар, Ишҳидлар, Мамлуклар, кейин эса Усмонлар; Хоразмдаги қўнғиротлар сулоласи, Ўрта Шарқдаги Жалойирийлар, Оққуюнли ва Қорақуюнлилар, Покистондаги Арғунлар сулоласи. Эрондаги Сафавийлар, Афшорлар ва Қожарлар сулолалари туркий бўлганини алоҳида таъкидламоқчи бўлдик.

«Туркий календарь» да туркий халқларнинг энг кўзга кўринган арбоблари: сиёсатчилар, олимлар, хайрихоҳлар, ҳарбий хизматчилар тилга олинади. Уларнинг таржимаи ҳоли барча туркий элатларнинг мураккаб ва фожиали тақдирини очиб беради, бутун кенг туркий халққа хизмат қилиш идеалини намойиш этади.

— Кадендарь ривоятлардан тортиб тарихий тадқиқотларгача бўлган турли манбаларга асосланади. Аммо худди шу воқеани бутунлай бошқача тарзда талқин қилиш ва ҳатто айтиш мумкин. Материални танлашда ўзига хос принципингиз борми?

— Муаллифлари ушбу воқеалар иштирокчиси бўлган ёки ўз вақтида уларга яқин бўлган манбаларни танладик. Қолганига, барча тарихий воқеаларга туркий халқларнинг ўзлари қандай қараган бўлса, шундай қарашга интилдик. Айтадиларку: тарих бу сиёсатнинг давомидир. Баъзи туркий халқлар Россия империяси, Совет Иттифоқи ва Россия Федерациясининг бир қисми бўлган (ва шундай бўлиб қолмоқда), яъни улар рус-совет тарихий мактабининг маданий таъсирини бошдан кечиришган. Яъни, маълум бир нуқтага қадар биз тарихимизга ўз кўзимиз билан эмас, балки кўплаб туркий ҳақиқатлар экзотик кўринган Москва нигоҳи билан қарадик.

«Туркий календарь»нинг энг муҳим тамойили туркийлар тарихида тарихий саналарнинг мавжудлиги учун биз фақат ёзма манбаларга таяндик. Ҳар бир сана воқеага яқин бўлган маълумот берувчининг тегишли таклифи билан тасдиқланади. Сана аҳамиятини эътибордан четда қолдирмаслик керак: агар бирон бир воқеанинг санаси бўлса, унда биз ишонч билан айтишимиз мумкинки, бу афсона ёки уйдирма эмас, балки тарихда содир бўлган воқеа. Бу, айниқса, Қозоғистон учун долзарбдир, бу ерда тарихнинг замонавий талқини кўпинча ёзма манбаларга мурожаат қилмасдан афсонавий ёки ҳатто мифологик маълумотларга асосланади. Шу билан бирга, сиёсий сабабларга кўра рус-совет тарихий мактаби бизнинг давримизга жуда яқин бўлган, ёзма далиллар: Тоғли республика, Туркиянинг Озарбайжонга ёрдами, Бошқирдистон армиясининг ташкил этилиши ва унинг Колчакдан коммунистлар таркибига ўтиши, 1916-1919 йиллардаги Абдулғаффар Жанбосиновнинг Қипчоқ амирлиги, ХХ аср 30-чи ва 40-чи йиллардаги Шарқий Туркистондаги Ислом ва Интиқобий республикаси ва бошқа воқеалар етарли даражада ёритмаган.

— Бугунги турклар маданияти, дини ва ҳатто ташқи кўриниши жиҳатидан хилма-хил халқдир. Сизнингча, бугунги кунда бу халқларни нима бирлаштира олади? Келиб чиқиши муштараклигими, тиллар ўхшашлигими, туркий руҳ, тарих, сиёсий интилишлар уйғунлигими ёки бошқа нарсалар?

— «Туркий календарь»нинг руҳи шундан иборатки, биз туркий халқларнинг яқинлигини, бир-бирига ёрдам беришини, умумий менталитетини таъкидлаймиз. «Календар»дан кўзланган мақсад шуки, у билан танишгандан сўнг қозоқни ўзбек билан, қирғизни саха-якут билан, тува турк билан фахрлансин.

Туркийларни ўхшаш тиллар, муштарак тарих, маданият, сиёсий интилишлар, умумий туркий руҳ бирлаштиради. Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркияга ташриф буюрганимда ўзимни меҳмондек ҳис қилмаганман, мен ҳамма жойда ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қилдим ва ўзгача, дўстона муносабатни бошдан кечирдим.

Шунинг учун мен туркий халқлар маданий жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади деган фикрингизга қўшилмайман: менинг фикримча, турли туркий этник гуруҳлар бир-биридан тил ва маданий жиҳатдан камроқ — француз провансларининг француз норманларидан фарқланишидан камроқ фарқ қилади. Туркларнинг ўзлари ҳам ташқи кўринишга қараб қозоқни қирғиз, ўзбек, қорақалпоқ ёки уйғурдан ажрата олмайди. Бошимиз фарқланади, деб ҳазил қиламан: қозоқлар думалоқ дўппи, ўзбеклар тўртбурчак, қирғизлар шляпа, уйғурлар дўппи бурчагини олд томонга ўрнатиб кийиши билан; шунинг учун агар биз бош кийимларимизни алмаштирсак, ҳеч ким бизни ажрата олмайди.

Интернетда ягона маданият масаласи тез-тез муҳокама қилинади: масалан, Хожа Аҳмад Яссавий қайси миллатга мансуб бўлган? Ахир уйғур ҳам, ўзбек ҳам, қозоқ ҳам уни «ўзимизники» деб билади. Бунинг ёрқин мисоли тарихчи ва солномачи Қодирғали Жалойирийдир. У Қозоқ хонлигининг қарачиси (бош вазири) бўлган, бироқ Сибир хонлигининг пойтахти Искерда қўлга олинган ва Москва экспансиясига Сибир татарларининг қаршилик кўрсатишига бошчилик қилган. Яна асирга тушиб, Қосимовлар хонлигида жойлашган ва у ердан риҳлатга кетган. Уни қозоқ бўлган дейиш қийин, чунки у вақтинча Сибир татарига айланган ва Қосимов татари бўлиб вафот этган. Аслида, у турк бўлган ва барча туркий халқларнинг умумий ифтихорига айланган.

Қрим ва Озарбайжон ҳарбийси ва давлат арбоби Матвей (Меҳмет бек) Сулкевич

Худди шундай фикрни нафақат ўрта аср турклари, балки ҳозирги туркий шахслар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Биринчи жаҳон уруши йилларида Қримни бошқарган, кейинроқ Озарбайжон армияси Бош штаб бошлиғи лавозимида ишлаган генерал, Бокуда большевиклар томонидан қатл этилган литвалик татар Маcиеж (Метю, Меҳмед-бек) Сулкевич тақдирини кўриб чиқайлик. Унинг сўнгги сўзлари: «Мусулмонлар армиясида аскар сифатида ўлишимдан бахтлиман!» Сулкевични Польша, Литва, Белоруссия, Украина ва Озарбайжон турклари ҳақли равишда «ўзиники» деб билишади.

«Туркий календарь» туркий халқларнинг бирлашувига, муштарак туркий руҳ уйғонишига хизмат қилишга мўлжалланган. Албатта, умумий сиёсий интилишлар бўлса-да, бу сиёсатчиларнинг иши. Озарбайжон мақолида айтилганидек: Dama-dama göl olar, heç dammasa çöl olar («Тома-тома кўл бўлур, томмаса — чўл бўлур»), туркларни маданий жиҳатдан яқинлаштириш йўлидаги камтарона саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз.

— Пантуркизм ғояларига қандай қарайсиз? Буюк Турондек яхлит туркий давлатни яратиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

— Албатта, биз пантуркизм тарафдоримиз. «Туркий календарь» нинг ўзи туркий халқларнинг умумий тарихидаги бир хил воқеаларга умумий ёндашиш орқали уларнинг менталитетини бирлаштириш мақсадида яратилган. Масалан, руслар учун Қозоннинг қўлга олиниши Россия экспансиясининг табиий босқичи бўлса, татарлар ва барча туркий халқлар учун бу давлатчиликнинг йўқотилиши бўлган. Қозоннинг қўлга олиниши домино эффектини келтириб чиқарган: Қозондан кейин Астрахан ва Сибир хонликлари, Нўғай ва Бошқирдистон улуслари, сўнгра Қрим, Қозоқ, Хива ва Қўқон хонликлари, шунингдек, Бухоро амирлиги бўйсундирилган. Кавказ ва бутун Сибир, жумладан, Саха-Якутия ҳам қўлга олинган. Агар Қозон мустаҳкам турганида, Евроосиё қитъасидаги ва ҳақиқатан ҳам бутун дунёдаги турклар тарихи бошқача бўлар эди.

Давлат муносабатларини ўрнатиш бу сиёсатчилар иши. Шахсан (ҳаммуаллифим ҳам шу фикрда эканини биламан) мен Европа Иттифоқи каби умумий иттифоқни тасаввур қиламан, у товарларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун умумий бозорни яратади. Бозор кенгайиши ҳамма учун зарур, бироқ Божхона иттифоқи мисолида Россия билан тенг бўлмаган иқтисодий иттифоқ Қозоғистоннинг ривожланиши учун имкониятлар яратмаганини, балки неоколониализмнинг янги кўринишига айланганини кўрсатади. Матбуот Қозоғистон божхона тўловларининг 85 фоизи Россияга, бор-йўғи 7 фоизи Қозоғистонга тўғри келади, деб ёзмоқда. Қозоқлар ва бошқа туркий халқларга бундай иттифоқнинг нима кераги бор?

Афшин Араб халифалиги пойтахтида асир Ҳасан Бабек (фил устида) ва унинг укаси Абдуллоҳни (туя устида) олиб кетмоқда. Х аср тарихчиси Абу Али Муҳаммад Баламининг «Тарихнома» асаридаги Ўрта аср миниатюраси

— Мафкурангизни қандай баҳолаган бўлардингиз? Сизнингча, бугунги кунда туркийлик мазмун-моҳиятини ким кўпроқ ўзида мужассам этган ва у қайси давлат?

— Биз қатъий мафкура тарафдори эмасмиз. Биз шунчаки айтмоқчимизки, бир неча юз йиллик сунъий изоляциядан сўнг турклар муштарак тарих, маданият ва менталитетни тан олишмоқда, «Туркий календарь» эса бу умумийликни таъкидлайди. Менинг шахсий нуқтаи назаримга кўра, туркийлик ғояси ҳозирда бошиданоқ «Бир халқ, икки давлат» тамойилини эълон қилган Туркия ва Озарбайжон томонидан улкан даражада мужассам бўлди. Арманистон томонидан босиб олинган Озарбайжон ҳудудларининг яқинда озод этилиши ана шу стратегиянинг амалий натижаси бўлди.

— Сиз айтган туркийлик қандай намоён бўлиши мумкин? Нега кимдир бирдан ўзи ҳақида: мен қозоқ эмасман, мен турк эмасман, мен ўзбек эмасман, мен татар эмасман — мен туркман дейишни хоҳлаб қолади? Сизнингча, ҳозирги миллий давлатлар бу ёндашувдан хавфсираси мумкин эмасми, чунки ватанпарварлик ҳозирги кунда барча тоифадаги сиёсатчилар таянадиган устундир. Айтишлари мумкин: у ўз юртининг ватанпарвари эмас, қандайдир мавҳум туркийлик ватанпарвари, оғир дамда бундай одамдан ниманиям кутиш мумкин?

— Ҳозирги сиёсий вазиятда туркий дунё Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Европа гигантлари ўртасида қолиб кетган. Индивидуал жиҳатдан ҳар қандай туркий миллий давлат бу давлатлар билан иқтисодий, ҳарбий, маданий ва илмий жиҳатдан рақобатлаша олмайди. Бироқ, туркий халқларнинг умумий сони 250-300 миллионни ташкил этади, бу аллақачон ҳар қандай маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотиш учун сезиларли истеъмол бозоридир; ташқи таҳдидларга қарши туришга қодир бирлашган армияни ташкил этади. Мен ўз юртининг ватанпарвари деганда ўз юртига яхшилик тилайдиган, ўз халқининг фаровон яшашини, ўзини хавфсиз ҳис қилишини истайдиган инсонни тушунаман.

Иттифоқчилар қримлик Тугай-бей ва украиналик гетман Хмельницкий ўз қўшинларини бирлаштирмоқда (польшалик рассом Юлиуш Коссак асаридан фрагмент, 1885 йил)

Йигирма миллион қозоқ ёки 10 миллион қирғиз мустақил равишда Украинада кўриб турганимиздек 140 миллион аҳолига эга Россияга қарши тура олиши даргумон, бундан ташқари аҳолиси бир ярим миллиардли Хитой ва Ҳиндистон турибди.

Менимча, одамлар (кўпчилик аллақачон шундай қила бошлашди): «Мен қозоқ турки, «мен ўзбек турки», «мен татар турки»ман деса, муаммо бўлмайди. Қозоқлар хотиржам ўз қабиласини тилга олишади ва мен арғир ёки қипчоқман деса, ҳеч ким уни қозоқ ватанпари эмассан, деб айбламайди.

Эҳтимол, ҳокимиятни йўқотишдан қўрқадиганлар туркийлар бирлашувини таҳдид деб билишар? Аммо бундай одамлар ҳамма нарсадан — демократиядан, сайловлардан ва сиёсий рақиблардан ҳам қўрқишади.

Ҳеч ким туркий ўзлик нима эканини билмайди, худди ҳеч ким, масалан, руслар ўзлигини билмагани каби. У ўтмишда ҳам, ҳозирги пайтда ҳам бир хил воқеаларга бир хил муносабатда намоён бўлиши мумкин. Биз учун туркий ўзлик «Малым — жанымның садақасы, жаным — арымның садақасы» деган қозоқ мақолида ифодаланган.

Печенегларнинг Святослав Киевский бошчилигидаги рус аскарлари билан жанги (Иоанн Скилицанинг «Тарихга назар» асаридан, XII аср)

— Ҳозирги босқичда туркий халқлар, айтайлик, Туркий Давлатлар Ташкилотига қараганда яқинроқ сиёсий ва иқтисодий ҳамжамиятга бирлашиши мумкинми?

— Биз сиёсатчи эмасмиз, лекин ҳар ҳолда, бу масала устида ишлашимиз керак ва «Туркий календарь» бу йўлда қўйилган бир қадамдир. Биз ҳозир туркий халқлар ўртасида асрлар давомида яккаланиб қолгандан сўнг горизонтал яқинлашувга гувоҳ бўлмоқдамиз. Қайсидир нуқтада ҳукуматлар бу ҳақиқатни расмийлаштириши керак бўлади. Бизнинг вазифамиз туркий халқларига хизмат қилишдир. Татар мақолида айтилганидек — «Ватанга хезмәт итү — безнең бурыч».

Сизнингча, ҳозирги шароитда маърифатпарвар миллатчилик – ўзини бошқа миллатларга қарши қўймайдиган омил бўлиши мумкинми?

— Туркий халқлар олдида ягона Европа Иттифоқига бирлаша олган Европа тажрибаси бор. Туркий халқлар ҳам худди шундай тамойил асосида бирлашадилар, деб ўйлайман. Гарчи Европа Иттифоқи ўзини Россия, Хитой ва Америкага қарши аниқ кўрсатса-да, менимча, буни «соғлом» мухолифат дейиш мумкин. Худди шундай туркий халқлар ҳам қўшни халқларга таҳдид қилиш учун эмас, балки ўзларининг иқтисодий ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун муштарак позицияга эга бўладилар.

— Бугунги кунда аксарият мамлакатлар кўп миллатли, кўп элатли ва ҳатто кўп ирқлимасалан, Қозоғистон. Ахир у ерда биргина туркий халқлар яшамайди. Туркчилик ҳукмрон мафкурага айланса нима қилади? Улар ўзларини қандай ҳис қилишади?

— Европа Иттифоқида ҳам турли халқлар ва турли дин вакиллари яшайдилар. Оврўполиклар уларнинг барчаси Европа ҳамжамиятига имкон қадар уйғун тарзда қўшилишларини истайди. Умуман олганда, бу мутлақо тушунарли интилиш. Аммо «қайнаётган қозон»нинг яна бир мисоли бор – бу «рус дунёси», биз ҳозир Украинадаги урушда унинг ҳақиқий юзини кўряпмиз. Моделни танлаш туркларда қолади. Балки, бир кун келиб туркий интеграция Европадан ўрнак олиб, туркий жамиятнинг бошқа этник гуруҳлари томонидан уйғун қабул қилинишига олиб келар... Аммо, яна бир бор таъкидлаймиз — уйғун. Шундай экан, умид қиламизки, турк дунёси «рус дунёси» дан ўрнак олмаган ҳолда уйғунлик ярата олади.

Хон пойтахти — Хан-Керман/Касимов даги масжид (ҳозирги кун)

— Нима учун ҳозирда миллий, давлатчилик атрофида эмас, балки туркийлик каби миллийликдан ҳам юқори ғоя атрофида бирлашиш вақти келган деб ўйлайсиз?

— Юқорида истеъмолчилар сони ишлаб чиқариш рентабеллигига мос келиши керак, деб жавоб бердим. Кўп сонли истеъмолчилар маданий ривожланишни ҳам оширади. Масалан, ҳозирда Россия Федерациясида 130 мингга яқин нўғайлар яшайди. Улар орасида истеъдодли инсонлар кўп, бироқ бунчалик кам сонли ҳалқ хонанданинг ижодга, олимнинг фанга ўзини фидо қилиши учун уларнинг қора қозонини қайнатиб туришга имкон топиб беролмайди. Солиқ тўловчиларнинг маълум қисми уларнинг тирикчилигини молиялаштириши керак, бироқ кичик давлатлар бу юкни кўтара олмайди, шунинг учун истеъдодли олим ўз меҳнати билан тирикчилик қила оладиган маконга кетади.

Худди шу нарса ишлаб чиқариш, бизнес ва бошқаларга ҳам тегишли: ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун иқтидорли турк Россия, Хитой, Европа ёки Америкага боради ва у ерда ўзини кўрсатади. Аммо туркий иттифоқ вужудга келса, истеъдодли турклар ўз истеъдодларини ўз она тилида, ўз ватанларида намоён эта оладилар. Оддий мисол: Бошқирдистоннинг AY YOLA гуруҳи Туркистонда бошқирд тилида қўшиқлар ижро этиб, муваффақиятли гастроллар уюштирди, маҳаллий халқ уларни «ўзиники» деб ҳисоблади.

— «Календарь»да ўзбекларнинг хон ўзбекдан келиб чиқиши ҳақида ривоят бор. Унда айтилишича, қолмиқлар исломни қабул қилмаганлар. Контекстдан кўриниб турибдики, улар ҳам туркий. Бироқ, расмий фан қолмиқларни туркий деб таснифламайди. Сизнингча, бугунги кунда ким туркий халқ ҳисобланади? Бу рўйхатни Википедиядан ташқари кенгайтира оласизми?

—Турклар ўзини туркий халқлар деб ҳисоблайдиганлардир. Биласизми, миллатнинг қонуний таърифи йўқ; дунёнинг бошқа ҳамма жойида «миллат» фуқаролик деб таржима қилинади. Қозоғистонда шахсий гувоҳномангизда миллатингизни кўрсатишингиз шарт эмас, чунки «миллат» нима эканини ҳеч ким билмайди.

Тўғри, россиялик бир инсон қозоқ сифатида рўйхатдан ўтмоқчи бўлгани ҳақида қизиқ воқеа юз бергани ҳақида матбуотда хабар берилганди. Полиция буни рад этган ва Олий суд эса миллатни фақат ота-она миллатидан келиб чиққан ҳолда мустақил танлаш мумкинлиги ҳақида тушунтириш берган. Менимча, бу ҳам нотўғри. Ўз миллатини рўйхатдан ўтказиш ҳеч қандай мажбурият ёки ҳуқуқларни талаб қилмагани учун, масалан, Европада фақат фуқаролик қайд этилганидек, уни қайд қилиш шарт эмас. Қозоғистон паспортида «миллати» деган бўлимда барча одамларда «Қозоғистон» деб ёзилган, аслида бу фуқаролик.

Дульсертнинг 1399 йилги харитасидаги Ўзбек-хон. Ёзувда шундай дейилган: «Бу ҳукмдор Ўзбек, Сарой шаҳри императори»

Тил мансублиги, унинг миллий мансублигини англатмайди. Агар сиз бошқа тилни, масалан, француз тилини ўрганган бўлсангиз, бу сизни автоматик равишда французга айлантирмайди ва барча французлар сизни ўзимиздан экансан, деб қабул қилмайди. Россия ва Қозоғистонда рус тилини ўз она тили деб биладиган туркий халқлар кўп, аммо улар барибир туркийлигича қолади.

Тил – бу таълим муассасаларида мустаҳкамланган алоқа воситаси, ахборот узатиш воситаси. Совет даврида Қозоғистондаги мактабларнинг аксарияти рус тилида бўлган (менимча, битта қозоқ тилидаги олий ўқув юрти бўлган, ЖенПИ (Аёллар педагогика университети – «Фарғона» изоҳи), шунинг учун рус тили устунлик қилган. Бу йил Қозоғистонда биринчи синф ўқувчиларининг 70 фоизи таълим тили сифатида қозоқ тилини танлади, яъни 10 йилдан сўнг туркий тилда олий таълим олиш осонроқ бўлади.

Лев Гумилёв буни оддий мисол билан яхши тушунтирган. Ленинградда трамвайга тўрт киши киради, ҳаммаси европоид, ҳаммаси рус тилида равон сўзлашади, лекин турли миллатга мансуб. Улар бир хил ҳодисага бошқача муносабатда бўлишади. Мисол учун, маст одам трамвайга чиқади: рус унга ачинади ва «тушиб кет», акс ҳолда полициячилар сени ушлаб олишади дейди, Болтиқбўйи одами, худди европалик каби, полицияни чақиради, татар бир четга сурилади, кавказлик эса мастни уриши ҳам мумкин, бордию у ҳуқуқларини бузса. Халқлар шуниси билан ажралиб туради, туркий халқларнинг менталитети эса жуда ўхшаш, кўп жиҳатдан амалда бир хил.

— Сизнингча, масалан, венгер туронизми ва Ференц Салаши каби туркийлик асосида фашизм ривожланиши хавфи йўқми?

— Туркий давлатлар ҳеч қачон миллатига қараб бошқа этник гуруҳларни таъқиб қилмаган. Аксинча, айнан ҳозир Россияда қирғизлар, ўзбеклар ва озарбайжонлар фашизмни эслатувчи усуллар билан таъқиб қилинмоқда. Қозоғистон, Қирғизистон ёки Ўзбекистондаги россиялик муҳожирлар ҳақидаги видеоларни кўрсангиз, унда маҳаллий ҳалқ русларга қанчалар дўстона муносабатда бўлаётганини кўрасиз. Бир видео бор. Унда руслар машинада Тожикистондан Қирғизистонга тоғлардан ўтиб, қаердадир бир довонда тунаш учун қирғизларнинг ўйига тўхташади. Оила уйғониб, дастурхон ёзади, уларга тунагани кўрпа-ёстиқ тўшашади. Гарчи ўзлари камбағал бўлсаларда (ахир тоғда яшашади) меҳмонга улкан хурматда бўлишади. Видеони кўрарканман, ўйлаб қолдим: қирғизлар ва тожиклар Россияга ишлашгани боришади, бирорта россиялик уларни тунаш учун ўз уйига таклиф қилармикан?

Менимча, турклар орасида фашизм ёки миллатчилик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, улар бутунлай бошқа менталитет.

Туркия республикаси парламентининг очилиши (1920)

— «Биз туркмиз, демак...» жумласини қандай давом эттирган бўлардингиз?

— Туркияда бир туркнинг ўзини ноўрин тутганига гувоҳ бўлганман, кейин яна бир ёши улуғ турк унга: «Қандай журъат этдинг? Ахир, сен Усмонли авлодидансан!» Сиз айтган жумлани мен шундай давом эттирган бўлардим: «Биз туркмиз, отамиз битта, демакким биз ҳамма нарсада бир бўлишимиз керак».

Бутун дунёдаги туркларга, худди аждодлари каби, нияти поклиги, сўзига содиқлиги ва қанчалик кучли бўлмасин, маъносиз тажовуздан ўзини тийиши билан ажралиб туришига баҳо бериш керак. Фикримни Отатуркнинг Ne mutlu Türküm diyene! («Турк бўлиш қандайин бахт!») деган сўзлари билан якунлаган бўлардим.

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар

  • Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар

  • Мумтоз кинорежиссёр Али Ҳамроев Тошкент кинофестивали кинода мавжуд «ғуборларни ювиб ташлаши»га ишонади