«Туркманистонда Ўзбекистон телеканалларининг эфири тўхтатилгани» тўғрисидаги хабарлар инкор этилади

«Олти арвоҳ» фильмидан лавҳа

Американинг «Олти арвоҳ» фильми туркман сунъий йўлдоши орқали ўзбек телеканаллари эфирининг тўхтатилишига сабаб бўлолмайди, зеро Sevimli TV канали расман қўшни давлатда трансляция қилинмайди, деб хабар беради “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” (РРТМ) давлат унитар корхонасининг матбуот хизмати.

Бугунги кунда РРТМ ДУК томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси буюртмасига асосан 12 та телевидение ва 4 та радиоэшиттириш (O'zbekiston, O'zbekiston-24, Yoshlar, Toshkent, Sport, Madaniyat va ma’rifat, Dunyo bo‘ylab, Bolajon, Navo, Mahalla, Kinoteatr, Oilaviy телеканаллари ҳамда O'zbekiston, O'zbekiston-24, Yoshlar, Mahalla радиоканаллари) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига эфир орқали узатиш билан биргаликда, сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали ҳам очиқ кўринишда узатиб берилади. Бунинг учун шартнома асосида, орбитанинг 57-даража шарқий узунлигида жойлашган “SES” компаниясининг “NSS-12” номли сунъий йўлдоши хизматларидан фойдаланилади.

Ушбу телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини “NSS-12” сунъий йўлдоши орқали 40 дан ортиқ чет мамлакатлар, шу жумладан Туркманистон Республикаси ҳудудида ҳам кўриш ҳамда тинглаш имконияти мавжуд.

Ўтган йил ноябрь ойида “Turkmen Xamresi” ОАЖ раҳбарияти ташаббуси билан TurkmenÄlem 52E сунъий йўлдоши орқали ўзбек телеканалларини узатиб бериш таклифи билдирилган.

РРТМ матбуот хизмати туркман сунъий йўлдоши орқали эфирга узатиладиган каналлар рўйхатида Sevimli TV йўқлигини маълум қилади.

Оммавий ахборот воситаларида 10 февралдан ўзбек каналларининг TurkmenÄlem 52E сунъий йўлдоши орқали эфирга узатилиши тўхтатилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди. Бунга сабаб қилиб “Sevimli” телеканалида узатилаётган Американинг “Олти арвоҳ” фильми билан боғлиқ масалалар бўлиши мумкинлиги тахмини келтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ