Марказий Осиёнинг барча республикаларида муқаддас Рамазон ойи 24 апрелда бошланади

Ўзбекистондаги масжид. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

2020 йили Марказий Осиёнинг барча республикаларида муқаддас Рамазон ойи 24 апрелда бошланиб, 23 майда тугайди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисидаги қарорида мусулмонларни коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда тадбирларни ўтказишга чақиради. Қарорда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мавжуд эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, диний-маърифий руҳдаги онлайн суҳбат ва маърузалар ташкил этиш топширилган.

Маҳаллий ҳокимиятлар ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни янада кучайтириш вазифаси юкланади.

Тожикистон Ислом уламолари кенгаши муборак Рамазон ойида муҳтож оилаларга, етим ва ногиронларга алоҳида мурувват кўрсатилиши лозимлигини эслатади. Коронавирус туфайли давлатларнинг чегаралари ёпилиши оқибатида Ҳаж сафарини адо этолмаган мусулмонларнинг ушбу мақсадда йиғиб қўйган маблағларини қишлоқ ва маҳаллаларда сув чиқариш, қудуқлар қазиш, қўприклар қуриш каби эзгу ишларга сарфлашлари маъқул эканини айтади ва бу савобларнинг ажри борлиги таъкидланади.

Қирғизистон мусулмонлари бошқармаси одамлардан қурбонлик ишларини ой сўнггига қолдиришни маслаҳат беради. Закот масаласида эса бошқарма мусулмонлардан даромаднинг 2,5 фоизини сарфлашни тавсия этади. Мусулмонлар бошқармаси одамлардан бу йили закот ва ҳадя пулларини Қирғизистон ҳукумати томонидан коронавирусга қарши кураш мақсадида очилган маҳсус ҳисоб рақамига ўтказишни маслаҳат беради.

Қирғизистон муфтийси Максатбек ҳожи Токтомушев бу муқаддас ойда ғийбат ва уйдирмалардан йироқ бўлишга чақиради ва карантин одамларнинг ўй-хаёлларини обдон ислоҳ қилишга берилган яхши имконият эканини эслатади.

Қозоғистон мусулмонлари идораси шу кунлари онлайн тарзида ҳадяларни ўтказишга мослаштириб яратилган мобил иловани тақдим этди. Иловада республика ва вилоятлар миқёсидаги масжидларнинг ҳисоб рақамлари кўрсатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар

  • Марказий Осиё терма жамоалари Осиё Кубоги саралаш босқичини бошлади

  • Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди