Ўзбекистон Инновация вазирлиги ўзининг бефойдалиги тўғрисидаги танбеҳни “туҳмат” деб атади

Беҳруз Ҳамзаев YouTube-блогери Кирилл Альтманга интервью бермоқда. Alter Ego канали видеосидан кадр

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг собиқ маслаҳатчиси, World Influencers Network асосчиси Беҳруз Ҳамзаевнинг вазирлик фаолиятини самарасиз, дея билдирган сўзларини давлат органларига нисбатан “туҳмат” деб атади. Бу борадаги баёнот вазирлик сайтида чоп этилган.

Вазирлик айни пайтда “ZIYO FORUM” ривожланиш ва таълим жамғармаси директори ўринбосари бўлиб ишлаётган Ҳамзаевнинг блогер Кирилл Альтманга қарашли Alter Ego YouTube-каналида чиққан интервьюсида гапирган гаплардан ғазабланди. Унда Ҳамзаев “Ҳозир бу вазирликка қараб ачиниб кетяпман, негаки...бу вазирлик сўнгги уч йилда бирор нима қилганини биласанми? Мен ҳам билмайман”, деган гапларни айтган.

“Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилганидан бери бирор иш қилмагани ҳақида ҳам гапиради. Бу гапларининг ўринсиз ва асоссиз, жоиз бўлса, шу вазирликда фаолият юритган ва юритаётган давлат хизмачиларига нисбатан туҳмат”, — дея қайд этдилар вазирликдагилар ҳамда ўзларининг асосий фаолияти натижалари тўғрисида маълумот олиш учун сайтга қўйилган тақдимот билан танишишни таклиф қилдилар. “Блогернинг суҳбатдоши томонидан берилган фикрлар ва мулоҳазалар давлат органини ҳақоратлаш билан баравар”, — дея хулоса қилдилар вазирлик мутасаддилари.

Вазирликнинг қайд этишича, Беҳруз Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлигида расман фаолият юритмаган, балки “унинг акаси Беҳзод Ҳамзаев бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган даврда Беҳруз акасини олдида юрган”. Бунга жавобан Ҳамзаев Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида инновация вазири Иброҳим Абдураҳмановнинг тавсия хатини жойлаштирган, унда Ҳамзаев 2018 йилнинг январидан июнь ойигача инновацион лойиҳалар натижаларини тижоратлаштириш бўлими бошлиғи вазифасини бажариб келгани ҳақида сўз юритилган.

Мутахассис Жанубий Кореяда олинган олий маълумот тўғрисидаги дипломни нострификацияси давомида юзага келган қийинчиликлар боис вазирликда меҳнат дафтарчаси билан расмийлаштирилмаган (Ҳамзаев бу қийинчиликларни “қонуний йўл билан бартараф қилмоқчи бўлганини ва пировардида, ушбу ниятини амалга оширганини, бироқ бунга кўп вақт кетгани” билан изоҳлади). Шу билан бирга, хатда айтилишича, Ҳамзаев зиммасига юклатилган барча мансаб вазифаларини, шу жумладан, хорижий шериклар билан видеоконференциялар ўтказган, мамлакат раҳбарияти учун ҳужжатларни тайёрлаган, жаҳон инновация тажрибаларини ўрганиб келган ҳамда илмий изланишлар жараёни устидан раҳбарлик ишларини бажариб келган.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг яна бир эътирози YouTube каналидаги ролик жойлаштирилган реклама тафсифига нисбатан қўйилган. Масалан, Ҳамзаев вазирликни тузгани ҳақида гапирмаган, балки “ғоявий илҳомчиси, концепция муаллифи” эканлигини эслатиб ўтган, холос. Дастлаб “Мен Инновация вазирлигини тузганман” номи остида чиққан видеороликнинг номи ўзгартирилиб, ҳозир “Вазирликни очиш — осон, Ўзбекистонни инновацион мамлакат қилиш — қийин” (“Открыть министерство — легко, сделать Узбекистан инновационной страной — тяжело“) сарлавҳаси билан жойлаштирилган.

Вазирлик мутасаддилари роликда намойиш этилган, бўлажак Инновацион ривожланиш вазирлигининг тимсоли бўлиб қолган лойиҳа – “Ўзбекистон Республикасининг келажак, новаторлик ва ҳамкорлик вазирлиги” деб номланган брошюранинг ҳақиқийлигини тасдиқладилар. Ҳамзаев видеороликда вазирликнинг номини ўзгартирганлари учун танқид қилди: унга кўра, “ривожланиш” сўзи натижа йўқлигини англатар экан, негаки “чекланмаган муддат давомида ривожлантириш мумкин”.

Баёнот якунида вазирлик мутахассисга вақтни интернетдаги беҳуда тортишувларга сарфламай, умумий ишлар фойдаси учун фикрни жамлаш тилагини билдирди. Вазирлик Ҳамзаевга “кейинги ишларига муваффақиятлар тилайди ва келажакда у томонидан таклиф этилиши мумкин бўлган юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган амалий лойиҳалар бўйича ҳамкорликка тайёр эканини” маълум қилди. Ҳамзаев ҳам ўз навбатида вазирликка “барча куч ва ресурсларини мамлакатмизнинг инновацион (Ҳамзаев томонидан ажратилган. – “Фарғона” изоҳи) ривожланишига йўналтиришни” тавсия қилди”.