Ўзбекистонда давлат мулкларини сотишга ихтисослашган алоҳида компания тузилди

"Қизилқумцемент" заводи . Qizilqumsement.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда халқаро стандартлар андозасида давлат активларини хусусийлаштириш билан шуғулланувчи UzAssets компанияси тузилмоқда. Бу ҳақда Norma ҳукумат қарорига таянган ҳолда хабар беради.

Компания зиммасига бошқарувга берилган давлат улушига эга корхоналарни сотишдан олдин тайёрлаш, уларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, бу борада самарали механизмларни жорий этиш бўйича хорижий, халқаро институтлар ва компаниялар билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш вазифаси топширилган. UzAssets инвестиция воситачиларини жалб этган ҳолда, “Road Show” дастурларини ишлаб чиқиш ва мақсадли аудиториялар учун тақдимотлар ўтказиб борилишини ташкил этади.

UzAssets инвестиция компаниясининг устав фонди 20 млрд сўмдан ($2 млн.га яқин) иборат. У бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси, шунингдек, 10 та корхонанинг номинал қийматдаги давлат акция пакетлари ҳисобидан шакллантирилади. Улар қуйидагилардан иборат: «Кварц» АЖ, «Қизилқумцемент», «Урганчшароб» АЖ, «Ўзбекистон шампани» АЖ, «Ўзгеорангмет ЛИТИ» ДУК, «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ДУК, «Денов вино-ароқ» АЖ, «Кафолат суғурта компанияси» АЖ, «Олмазор кичик саноат зонаси» АЖ, «Шаҳрисабз юлдузи» ДУК. Кейинги йилда компания тасарруфига яна 40 та актив ўтказилади.

Қарорда «UzAssets» компанияси кузатув кенгашининг таркиби камида 50 фоиздан юқори малакали, халқаро тажрибага эга бўлган мутахассислардан иборат бўлиши айтилади. Компаниянинг соф фойдаси сотишдан олдинги тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни чегирган ҳолда тўлалигича давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар сифатида Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.

Май ойи сўнггида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хусусийлаштириш жараёнини тезлатиш ва хусусий инвесторларга 1,4 мингта давлат активларини бериш, жумладан, 500 дан ортиқ бозорларни давлат мулкидан чиқаришга доир топшириқ берганди. Республикада йил бошидан 299 та давлат компанияси 348 млрд сўмга ($34 млн) сотилди, жумладан уларнинг орасида собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси, «Самарқандкимё» корхонаси, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ва Қўнғирот сода заводи бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди