Тўқаев Ўзбекистонни рус тилидан прагматизм тамойилларига таянган ҳолда фойдаланаётгани учун мақтаб қўйди

Қосим-Жомарт Тўқаев . Акорда матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистонни тил масаласини “прагматик” тарзда ҳал қилган мамлакат сифатида ўрнак қилиб кўрсатди. Бу ҳақда давлат раҳбари республика миқёсидаги “Ана тiлi” (Она тили) газетасига интервью давомида билдирди.

“Ўзбекларга хос босиқлик ва назокат ила, ҳеч қандай шов-шувли баёнотлар билан чиқмай, улар тил масаласини тўлиқ ҳал қилдилар ва зарурат туғилганда, рус тилидан ҳам ҳеч иккиланмай фойдаланиб келадилар. Менинг ҳайрон бўлган жойим шундаки, давлат органларида ҳозиргача рус тилидан фойдаланиб келишар экан. Бу халқни бемалол прагматик тамойилларига содиқ деб аташ мумкин. Ва бу уларнинг бутун тарихи давомида кузатилган. Ижтимоий муносабатларни сиёсатлиштиришдан ўзларини узоқ тутган ҳолда, меҳнат ва тижоратни афзал билган ва ХХ асрнинг бошида озчиликни ташкил этган ўзбеклар Марказий Осиётдаги энг йирик элатга айланиб қолди. Шунинг учун ҳам буюк Абайнинг ўзбек халқи тўғрисидаги доҳиёна сўзлари ҳозирги технологик даврда ҳам ўзининг долзарблигини йўқолмаган. Бу мамлакат митинг ва намойишларни ўтказмайди, балки яратувчилик билан шуғулланиб келади”, — деди Тўқаев.

У Қозоғистонда ҳам тил масаласини “шовқин-суронсиз, кучанмай ва ўз-ўзини улуғламаган ҳолда” ҳал қилиш зарурлигини қайд этиб ўтди. “Қозоқ тили жамиятимизда нуфузли, матлуб бўлиб қолиши керак. Давлат лавозимларига тайинланганда, айниқса бу ижтимоий коммуникациялар билан узвий боғланадиган бўлса, профессионал кўникмаларга эгаликдан ташқари қозоқ тилини ҳам яхши эгаллаган бўлиши керак бўлган одамларга устуворлик берилиши керак бўлади. Парламентда ёки матбуот конференцияларида қозоқ тилида мунозара қилишни, диалог олиб боришни билмаган давлат хизматчилари анохронизмга айланиб қолиши керак”, — дея қайд этди президент.

Унга кўра, шунингдек, қозоқ тилини яхши билан бошқа миллат ва элат вакилларини қўллаб туриш, рағбатлантириб туриш керак. Уларни парламент ва ваколатли органларига сайлаш, давлат хизмати тизимида юқори лавозимларга тайинлаш, давлат мукофотлари билан тақдирлаб туриш керак. Ваниҳоят, Тўқаев давлат тилида сўзлашаётганида хатоликларга йўл қўяётган юртдошларига нисбатан “чидамли ва хайрихоҳ бўлишга чақирди. “Қозоқ тилида гапиришга интилган одамларнинг устидан кулиш асло мумкин эмас, аксинча, биз уларни қўллаб туришимиз керак”, — деди Тўқаев.

Шу билан бирга у қозоқ тилининг позицияларини мустаҳкамлай туриб, рус тилининг мақомини камситиш жоиз эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди. “Бизнинг ўсиб бораётган ёш авлод қозоқ тили билан бирга рус тилида ҳам эркин сўзлаша олиши лозим. Буни вақт, замон тақазо этади”, — дея қўшиб қўйди президент.

Қозоғистон Конституциясига мувофиқ, қозоқ тили давлат тили саналади. Давлат ташкилотларида ҳамда ўзини ўзи бошқарув маҳаллий органларида қозоқ тили билан бир қаторда рус тилидан расман фойдаланиб келинади.