Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус юқтириб олган яна бир шифокорнинг вафот этганини маълум қилди

Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда Тошкент шаҳар Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасининг 52 ёшли шифокори миокард инфарктидан вафот этди. Олдинроқ у COVID-19 га чалингани ҳақида ташхис қўйилган эди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Telegram-канали хабар бермоқда.

Вазирликнинг маълум қилишича, шифокор шу йилнинг 14 июнь кунидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказидаги фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида фаолият кўрсата бошлаган. 23 июнь куни (эркак) беморнинг аҳволи оғирлашиб, дастлаб Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасига, сўнг эса Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ўткир миокард инфаркти ташхиси билан ётқизилган.

26 июнда эса юрак, нафас ва ўпка етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлашганлиги учун реанимация бўлимига олинган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатдаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари томонидан бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган. Бироқ кардиолог, пульмонолог, терапевт, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Бу мамлакатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилаётган COVID-19 га чалинган тиббиёт ходимлари орасидаги ўлим ҳолатининг биринчиси эмас. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини Франция юқтириб олиб Ўзбекистонга қайтган биринчи бемор аёл билан мулоқотда бўлган 39 ёшли шифокор вафот этганди. Шифокор ўзини ўзи даволашга киришиб, клиникага мурожаат қилмаган. У мамлакатда коронавирусдан вафот этган беморларнинг иккинчиси саналади.

Якшанба, 28 июнь куни Ўзбекистонда коронавирус COVID-19 инфекциясига чалинишлар сони 266 тага ортиб, жами 7948 та ҳолат қайд этилди. Бир кун ичида икки нафар бемор вафот этди. Иккинчи ўлим Юнусобод туманида истиқомат қилган 42 ёшли Д.Х. (эркак) бўлган. Уни жорий йил 20 июнь куни бош мия қон айланиши бузилиши (инсульт)нинг қайталаниши билан (2018 йилда биринчи маротаба инсульт бўлган) ўта оғир ҳолатда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази реанимация бўлимига ётқизилган.

Икки кун ўтиб беморда коронавирус аниқланган ва унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда аҳволи кескин ёмонлашганлиги сабабли сунъий нафас бериш аппаратига олинган. Соҳа мутахассисларининг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди.

24 июндан бошлаб Ўзбекистонда коронавирусга тест топширишни хусусий клиникаларда ҳам амалга ошириш мумкин. Республика махсус комиссиясига кўра, бу коронавируснинг мамлакатга кириб келишини энг аввалги босқичларида аниқлаш имкониятини беради.

Жон Ҳопкинс университети маълумотига кўра, 28 июнь кунига келиб дунё бўйича коронавирусга чалиниш ҳолатлари 10 миллиондан ошиб кетди, 500 минг одам вафот этди ва 5 миллиони соғайди.