Нурсултон Назарбаев COVID-19 дан тузалди

Нурсултон Назарбаев . Elbasy.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбаев COVID-19 дан тузалиб кетди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Айдос Укибай ўзининг Twitter да хабар беради.

«Яхши янгилик бор. Елбасининг коронавирусга топширган тест натижаси манфий чиқди. Врачларнинг тавсиясига кўра, Нурсултон Назарбаев ўзини ўзи яккалаш режимини сақлаган ҳолда масофавий ишлаб, очиқ ҳавода сайр қилишга вақт ажратяпти», — дейилади хабарда.

Қозоғистоннинг биринчи президенти коронавирусга чалингани 18 июнда маълум бўлди. Елбасидан ташқари, қозоқ ҳукуматидаги бир неча мулозимлар ҳам вирусни юқтириб олганлар. Уларнинг орасида амалдаги президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг матубот котиби Берик Уали, Мажлис депутати Бекболат Тлеухан, Мажлис раиси Нурлан Нигматулин ва эндиликда собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов, Семей, Туркистон, Олма-Ота ва Костанай ҳокимлари бор.

2 июль ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавируснинг 42 574 та ҳолати қайд этилган, 14 415 нафар бемор тузалиб кетган, 188 та одам ўлган. 5 июлдан бошлаб республикада икки ҳафталик карантин жорий этилади. Ҳукумат шундай чора билан COVID-19 тарқалиши олдини олмоқчи.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ