Самарқандда дунёга келган сиам эгизаклари вафот этди

Эгизаклар реанимация бўлимида . STV телеканали кадри

6 июль куни эрталаб Самарқандда туғилган сиам эгизаклари оламдан ўтди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ахборот хизмати хабар беради.

Кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари томонидан ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан, чақалоқларда кўп сонли туғма ривожланиш нуқсонлар борлиги сабабли дастлаб соат 7:50 да сиам эгизакларининг биринчиси, 10:50 да эса иккинчиси нафас ва юрак етишмовчилиги туфайли вафот этган.

Дифицал типдаги (битта баданга туташган иккита бош) сиам эгизаклари 27 июнь куни Самарқанд вилояти перинатал марказида дунёга келган. Қизалоқлар кесарева ёрдамида туғилган. Эгизакларнинг вазни 4600 грамм, бўйи 48 см бўлган. Врачларга кўра, эгизакларнинг иккита буйраги, битта жигари, иккита ўт пуфаги, битта юраги ва кенг ривожланган битта кўкрак қафаси бўлган.

Чақалоқларда нафас ва юрак етишмовчилиги борлиги, уларга доимий намланган ва илитилган кислород билан нафас олиши ҳамда тажрибали мутахассислар назоратида бўлиши зарурлиги сабабли эгизаклар жорий йилнинг 29 июнь куни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ўтказилган. Ўшандаёқ болаларнинг аҳволи оғир ҳисобланган.

Мазкур эгизакларни дунёга келтирган онанинг учта соғлом фарзанди бўлган ва унда сиам эгизаклари туғилиши мумкинлиги ҳомиланинг 21 ҳафтасида аён бўлган. Қайнотасининг сўзига кўра, аёл туғишга қарор қилади. Қизалоқлар туғилганидан кейин аёлнинг қайнотаси бундай қарорга келганидан афсусланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ