Ўзбекистонликларга шахсий автомобиль ва таксида юриш қоидалари тушунтирилди

Uznews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда рухсат берувчи стикерга эга бўлмаган автомобиль ҳайдовчилари 10 июлдан бошлаб кунига олти соатгина ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Таксичилар машина ўриндиқларини харир пленкалар билан қоплашлари шарт бўлади. Бу ҳақда Республика коронавирусга қарши кураш комиссияси эълон қилди, дея хабар беради Koronavirus.Info.

Шахсий автомобилда соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача ҳаракатланиш мумкин. Карантин даврида фуқароларнинг мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишига фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлари – дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.

Жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилади. Таксилардаги ўриндиқлар ҳарир пленкалар билан ўралгандагина унда йўловчиларни ташишга рухсат берилади. Ҳайдовчи ва йўловчилар ниқобда бўлишлари шарт, машинанинг орқа ўриндиғида иккитагина одамни ташишга рухсат берилади.

Қоидани бузган ҳайдовчилар маъмурий жавобгарликка, уларнинг машиналари жарима майдончасига тортилади.

Давлат хизматлари маркази томонидан берилган стикерлар амалда лаёқатли саналади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиётган транспортларга карантин чекловлари таъсир этмайди. Лекин машиналар бозор, ярмарка ва савдо марказларига боришдан олдин дезинфекция қилинади.

Давлат хизмати ходимлари, хусусий тиббий санитария ва эпидемиология хизматлари, коммунал хизматлар, мотам маросимларини амалга оширувчи автомобиллар стикерсиз ҳаракатланиши мумкин.

Олий мажлис палаталари, судлар, прокуратура органлари, Ҳисоб палатаси, омбудсмен, бизнес-омбудсмен, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Марказий банк ва унинг жойлардаги бўлимлари, «Ўзбекистон почтаси», «Ўзбектелеком» компаниялари ва уларнинг бўлимларига тегишли автомобиллар ҳам стикерсиз ҳаракатлариш ҳуқуқига эгадир.

Шу қаторда — вазирликлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, давлат қўмиталари ва агентликлари, ҳокимиятлар, ОАВ, хориж дипломатлари, шунингдек CMD, D, UN, T, М ва Х рақамига эга, консуллик ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл мамлакатлари савдо ваколатхоналарига қарашли автомобиллар ҳам стикерсиз ҳаракатланиш ҳуқуқига эгадир.

Вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларини ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирилади.

Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин назорати кучайтирилади. Бундай чора коронавирус чалиниш ҳолатларининг кескин кучайгани, бунинг оқибати ўлим кўпайиши, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида коллапс пайдо бўлиш хавфи борлигини билан изоҳланади. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 9 июль куни эрталаб мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг сони 11 259 нафар одамни ташкил этган, бир кечада беморлар сони 167 тага кўпайган. Пандемия бошланганидан бери жами 7060 нафар одам вирусдан соғайиб кетган, 47 та одам ўлган.

10 июлдан бошлаб республиканинг барча ҳудуди қизил зонага киритилади ва унда кескин чеклов чоралари қўлланилади. Шу кундан бошлаб буюм бозорлари, йирик магазинлар, кафе ва ресторанлар, ҳиёбонлар ёпилади, спорт заллари, фитнес марказлари, бассейнлар ишламайди, 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ