Алимент тўламагани учун ҳибсга олинган самарқандлик йигит ИИБ ҳибсхонасида ўлган

Sledcom.ru сайти фотосурати

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида истиқомат қилувчи Ориф Назаров алимент тўламагани учун ҳибсга олинган ва у ИИБ ҳибсхонасида вафот этган. Воқеа 4 июль куни кечқурун содир бўлган. Назаровдаги талваса (эпилепсия) ўлим ҳолатига сабаб бўлган, деб хабар беради Kun.uz нашри Ўзбекистон Бош прокуррорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов сўзларига таянган ҳолда.

Шамсуддиновнинг таъкидлашича, марҳум алимент тўламаслик учун суддан яшириниб юрган, шу сабабли қидирувга берилган. У 2020 йил 2 июлда ушланиб, туман ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. 4 июль куни Назаров ички ишлар ходимларига камерада илон ва чаёнлар борлигидан шикоят қилган.

Шундан сўнг туман тиббиёт бирлашмаси психиатр-наркологи У.Абдувоҳидов ҳибсхонага чақирилган. У беморга сурункали алкоголизм, абстинек синдроми ташхисини қўйиб, унга 2 маҳал «Галоприл» таблеткасини беришни тавсия қилган. Лекин шу кун кечаси қўлга олинган йигит вафот этган. ИИБда ўрнатилган кузатув видеокамераси йигитнинг талвасага тушганини қайд этган. Бош прокуратура мутахассиси томонидан мурда текширилганида тананинг ташқи тарафида тан жароҳатлари аниқланмаган.

Лекин марҳумнинг қариндошлари Назаров авваллари талваса касаллиги билан оғримаганлигини таъкидлаганлар. Йигитнинг отаси «Озодлик» радиосига видеотасвир юбориб, унда «милиция ходимлари ўғлини ўлгунча урганларини» айтиб берган. Йигитнинг акаси Маъруф укасининг Самарқандда иш ахтариб юрган чоғи ушлашганини гапириб берган. Назаровни Қўшработ милиция бўлимига олиб кетишади ва йигит ўша ерда оламдан ўтади. Йигитнинг қариндошлари бўлган воқеадан 5 июль куни хабардор бўлишган. Уша куни суд-тиббий экспертиза хулосасасиз мурдани қариндошларига топширишган.

«Озодлик» журналистлари Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими билан боғланган. Исми сир тутилишини сўраган милиция ходими Назаровнинг ўлимига юрак ҳуружи сабаб бўлганини айтади. Унинг сўзларига кўра, йигит ўзини ёмон ҳис қила бошлагани туфайли орган ходимлари Тез ёрдамни чақирганлар, лекин медиклар келгунга қадар йигит оламдан ўтган. ИИБ ходими ҳамкасбларининг бу ишда айби йўқлиги, йўқса прокуратура жиноят иши қўзғатган бўлишини таъкидлайди. Унга кўра, Самарқандда қўлга олинган одамга нисбатан қийноқ қўллайдиган бирорта милиция ходими йўқ, лекин Қўшработ тумани прокуратураси камерада ўлган йигит ўлими бўйича текширув ўтказади.

Шунга ўхшаш воқеа июнь ойи ўртасида Андижонда ҳам содир бўлганди. Кейинчалик шифохонада вафот этган А.Абдукаримовнинг қариндошлари йигитни милиция бўлимида қийноққа солишганларини айтиб беришган. Текширув натижасига кўра, ҳуқуқ-тартибот органининг учта ходими ва уларнинг раҳбарлари ишдан бўшатилган, йигит ўлимига сабабчи бўлган уч нафар милиция ходими ҳисбга олинган.

Кейинчалик яна шунга ўхшаш индидент содир бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Навоий вилоятидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган маҳкум Хидиров турма касалхонасида вафот этганини маълум қиладилар. Уларга кўра, мурдадаги қизил доғлар йигитнинг қийноқларга солинганидан дарак берарди. Лекин Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ушбу маълумотни инкор қилди ва мазкур ҳолат бўйича эксперт хулосасини тақдим этди. Унга кўра, мазкур қизарган жойлар одам ўлганидан кейин баданида пайдо бўладиган табиий доғлардир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ