Андижонлик журналистларга совға сифатида пул тарқатилди

Андижон вилояти ҳокимлигидаги брифинг. Ozodlik.org сайти фотосурати

20 июль куни брифингга келган журналистларга Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 5 млн сўмдан ($490) тарқатган. Бу ҳақда «Озодлик» вилоятдаги ОАВ ходимига таяниб хабар беради.

Аноним қолишни истаган нашр ходими вилоят ҳокимлиги матбуот хизматидан қўнғироқ бўлгани ва унда «брифингга келинг, ҳокимнинг сизга атаган совғаси бор, олиб кетасиз» дейилганини айтади. Пул брифинг бошидан тарқатилган, у тугагач Абдураҳмонов журналистларга ўз телефон рақамини бериб, бирорта муаммо туғилса қўнғироқ қилишларини сўраган.

MY5 телеканали мухбири Акмал Мўйдинов ушбу совға 27 июнда нишонланадиган журналистларнинг касб байрами муносабати билан тарқатилганини маълум қилади. «Биз бунақа брифингларга доим ҳам боролмаймиз. Келмасанглар бўлмайди, шунақа ўтган сафарги совғани олиб кетасизлар, деди. Борсак брифинг бошланишидан олдин шу брифингни олиб борган матбуот хизмати ходими бизга пулни берди. Бошқаларни билмайман, у ерда йигирмадан ортиқ журналист бор эди. Бизга берди. Тушунишимча бу ҳокимнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан совғаси. Ҳокимнинг ҳадяси сифатида олдик», — дейди Мўйдинов. Унинг сўзларига кўра, брифингда йигирматадан ортиқ журналист ишитирок этган. Шундай қилиб, ҳоким умумий ҳисобда 100 млн сўм ($9800) тарқатган.

Бошқа бир нашр мухбири ушбу воқага нисбатан ўз норозилигини билдиради: «Брифинг пайти шу брифингда журналистлар саволига жавоб бериши керак бўлган ҳоким журналистларга пул беряпти. Буни қандай тушуниш мумкин? Бу журналистларнинг оғзини мойлаш эмасми?»

«Андижон телевидение кўрсатувларидан кўнглингиз айнийди, чунки журналистлар туну-кун вилоят ҳокимини мақтайдилар. Албатта, улар бундай совғадан кейин фақат мақтовлар ёғдирадилар», — дейди «Озодлик» суҳбатдоши.

«Озодлик» 20 июль куни журналистларга пул берилгани юзасидан изоҳ олиш учун Андижон вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати билан боғланолмаганини ёзади.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бундан олдин «Андижон» жамоаси футболчилари, теримчилар, шоирларга пул ва машиналар совға қилган. Ижтимоий тармоқларда эса фойдаланувчилар бундай совғалар манбаси қаердан олиняпти, деган саволларни ўртага ташлашган. Ҳоким Абдураҳмонов эса бу саволларга «бераётган бўлсам халқимга беряпман», дея жавоб қилган.

Куни-кеча Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг директори Акмал Бурхонов ҳокимларнинг пул, автомобиль каби қимматбаҳо совғаларни беришига доир фикр билдирди. «Ҳокимнинг кимгадир машина ёки пул совға қилиши табиий ҳол, деб тушунилади. Ҳокимга мумкин деб ўйлашади. Шунинг учун давлат ташкилотлари, идоралари раҳбарларини бундай ҳаракат қай ҳолатда коррупцияга, қай ҳолатда жиноятга дахлдор бўлиши мумкинлигини ажратиб олишларини англатишимиз лозим», — дейди коррупцияга қарши курашиш органи раҳбари.