Федерал хавфсизлик хизматидан терроризмда гумонланиб отиб ташланган тожикистонликнинг иши бўйича ҳисобот талаб қилишмоқда

Stv24.tv сайти фотосурати

Ҳуқуқ ҳимоячилар ҳамда терроризмда гумонланиб Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ – русчасига ФСБ) махсус тайинланган бўлинмаси (спецназ) томонидан отиб ўлдирилган Одил Қаюмовнинг танишлари марҳум Москва шаҳар Горький номли истироҳат боғида одамларни ёппасига ўққа тутиш бўйича теракт тайёрлаётгани ҳақидаги махсус хизматлар томонидан тақдим этилган версияни ишончли эмас деган хулосага келдилар. Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси унинг ўлдирилиши тафсилотларини тушунтириб беришни талаб қилмоқда, дея хабар беради “Озоди” (Озодлик радиоси тожик хизмати).

Тожикистонлик мигрант Абдулхайр Раҳимовнинг таъкидлашича, у Рудакий туманида туғилган ҳамда автосервисда ишлаб келган Одил Қаюмов билан таниш бўлган. «Агар у ўша биз билган Одил Қаюмов бўлса, унда унинг теракт тайёрлаётгани ҳақидаги гапларга ишониш қийин. Аслида тескариси бўлиши керак эди. Одилни билган одамлар бизга ундан эҳтиёт бўлишимиз кераклиги ҳақида огоҳлантиришарди, улар Одил қандайдир ФСБ оператив ходими билан ҳамкорлик қилиб юрганини айтиб юришарди», — деди Раҳимов.

Ҳуқуқ ҳимояси, Марказий Осиёлик сиёсий муҳожирлар жамиятининг раиси Баҳром Ҳамроев ФСБнинг терактнинг олдини олиш бўйича ўтказган операциясини аввалги мигрантлар иштирокида ўтказилган операцияларининг такрорланиши деб атади. У Қаюмовнинг суриялик террорчилар билан алоқаси борлиги борасида ҳам шубҳаланди, унга кўра, Қаюмовнинг Химкидаги ташландиқ гаражлардан автомат кўтариб, Горький номидаги истироҳат боғига одамларни отиш учун отлангани ҳақидаги ФСБ тақдим этган версияда ишониб бўлмайдиган жиҳатлар мавжуд.

«Агар ушбу фаразга ишонадиган бўлсак, унда йигит автоматини атрофдаги одамларда гумон уйғотмайдиган қилиб рюкзагига яшириб олиши керак эди. Агар автомат рюкзакда яширилган бўлганда, унда ФСБ тезкор ходимлари гумонланувчини отиб ташламай, қийинчиликсиз қўлга олишлари мумкин эди», — дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳамроевга кўра, ФСБ томонидан амалга оширилган операция Россия ҳукуматининг жамоатчилик эътиборини Хабаровск ҳамда Узоқ Шарқдаги бошқа шаҳарларда ўтаётган норозилик акцияларидан чалғитиш учун қўлланган «нўноқ уриниш» бўлди, холос. Хабаровскда ҳибсга олинган губернатор Сергей Фургалнинг тарафдорлари мана уч ҳафтадан бери тўхтовсиз норозилик акцияларини ўтказишмоқда ва уларда кўплаб одамлар иштирок этишмоқда. Норозилик намойишлари иштирокчилари собиқ губернатор устидан очиқ ва адолатли судловни Хабаровскнинг ўзида ўтказилишини ҳамда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг истеъфосини талаб қилишмоқда.

Тожикистон фуқароси, 19 ёшли Одил Қаюмов Москва вилояти Химки шаҳрида ФСБ спецнази томонидан отиб ўлдирилди. ФСБ версиясига кўра, Қаюмовдан ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинганида, у сумкасидан Калашников автоматини чиқариб ўқ узишни бошлаган ва жавоб ўқлари билан отиб ўлдирилган.

Махсус хизматдагиларнинг таъкидлашича, Қаюмов Горький номидаги истироҳат боғида одамларни автоматдан отиб ўлдириш ва гранаталар билан портлатиш бўйича топшириқни «Ислом давлати» ташкилотидан олган (Россияда тақиқланган террорчилик ташкилоти) ва бунинг эвазига террорчилар унга Туркия орқали Сурияга етиб олишига ёрдам беришга ваъда қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ