Молия вазирининг ўринбосари COVID-19дан вафот этди

Ёрқин Турсунов . Ўзбекистон Халқаро пресс-клуби фотосурати

Тошкентда 55 ёшга кирган Молия вазирининг ўринбосари Ёрқин Турсунов вафот этди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар беради.

20 июлда Турсуновнинг иситмаси кўтарилади. Дастлаб у уйда ва хусусий клиникада даволанади, бироқ 27 июль куни аҳволи оҳирлашгач, уни Тошкент тиббиёт академиясининг кўпфункцияли клиникасига ётқизадилар. У ерда Турсуновга COVID-19 нинг оғир формаси ва иккитомонлама пневмония касаллиги ташхисини қўйилади. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўпка шиши, гипергликемик кома каби асоратлар билан кечган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Бироқ шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, гипергликемик комадан вафот этган.

Ёрқин Турсунов 1965 йили Навоий вилоятида туғилган, 1990 йили Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаган. У Навоий вилояти ҳокимлиги тизимида ишлаган, Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Турсунов 2019 йил март ойидан Молия вазири ўринбосари вазифасини ўтаб келаётган эди.

29 июль маълумотларига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 22 169 нафарга етган, 12 265 та одам ушбу инфекциядан тузалиб кетган, 128 та одам ўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ