Тожикистон БАА билан мунтазам авиапарвозларни тиклади

fludubai авиакомпанияси сайти фотосурати

Тожикистон Бирлашган Араб Амирликларидаги энг йирик шаҳар — Дубай билан мунтазам авиақатновларни тиклади. Биринчи рейс 5 август куни Душанбега келиб қўнади ва у Flydubai авиакомпаниясига тегишли самолётдир. Бу ҳақда Душанбе халқаро аэропортининг матбуот котиби Жамила Ҳусейновага таянган ҳолда Asia-plus хабар беради.

Flydubai сайтига кўра, самолёт 4 август куни маҳаллий вақт билан соат 22:35 да Дубайдан учади ва манзилга соат 02:55 да етиб келади. Чипта нархи 3212 дирхам ($874) туради.

Ҳусейновага кўра, пандемияга қадар Flydubai бу йўналиш бўйича ҳафтасига бештадан рейсни амалга ошириб келган, ҳозирча ҳафтасига битта рейс ташкил этилади. Бундан ташқари, Дубайдан Душанбега тожикларнинг «Сомон Эйр» авиакомпанияси ҳам парвозлар уюштиради. Биринчи рейс 6 августга мўлжалланган.

«Сомон Эйр» пресс-релизида БАА га учиш учун барча йўловчиларда COVID-19 йўқлигига доир маълумотнома бўлиши керак ва у парвоздан 72 соатдан кам бўлмаган вақтда берилган бўлиши зарур. Шунингдек, йўловчилар албатта ниқоб ва қўлқопда бўлишлари керак. Иситмаси баланд йўловчи самолёт салонига қўйилмайди.

Тожикистонга етиб келган барча йўловчилар (дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, ҳукумат таклиф қилган меҳмонлардан ташқари) коронавирусга оид тестдан ўтказилади ва тест натижалари чиққунга қадар карантин зонасида бўладилар.

Дубай орқали транзит учаётган чет эл фуқаролари фақат ўзларининг мамлакатларига учишлари мумкин ва ўзлари билан бирга сўнгги манзилга доир чиптаси бўлиши керак.

Тожикистон 20 мартдан коронавирус пандемияси туфайли барча халқаро авиақатновларни тўхтатди. Ҳукумат июнь ойидан чартер рейслари билан хориждаги ватандошларни олиб келиш ишларини бошлади. Июль ойида республика Фуқаро авиацияси агентлиги Тожикистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновларни тиклаш бўйича музокараларни бошлади ва икки томон бу масалага хайрихоҳ эканини билдирган. Мунтазам рейслар қачон бошланиши ҳозирча номаълум. 27 июлдан Тожикистон Россиядаги тожикистонликларни ватанга келтириш мақсадида чартер рейсларни ҳафтасига 10 тадан 14 тагача кўпайтирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ