Гулнора Каримованинг адвокатлари БМТга шикоят аризаси билан мурожаат қилдилар

Гулнора Каримова. Instagram @i.kar7 фотосурати

Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокатлари — Франсуа Зимере, Грегуар Манжа ва Фанни Маргаираз 4 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Асоссий ҳисбда олинганлар бўйича ишчи гуруҳига шикоят аризаси билан мурожаат қилди, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.

Юристлар БМТдан ҳимоясидаги шахснинг қамоқда ушлаб турилишини ноқонуний деб ҳисоблашини сўраганлар. Уларнинг сўзларига кўра, «Каримовага қарши ёпиқ эшиклар ортида учта сохта суд жараёни уюштирилган». Бундан ташқари, Каримова ўз адвокатлари билан эркин мулоқотда бўлиш ва жиноий иш материаллари билан танишиб чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

«Иш тажрибамизда ҳисбга олинган одамнинг қуролланган одамлар қуршовида ошхонада суд қилинишига илк бор дуч келдик! Ўзбекистонда ҳукм сураётган режим Гулнора Каримовага нисбатан бешафқат усулларни қўлламоқда. Бу аёл ташқи муҳитдан мутлоқ изоляция қилинган. Биз халқаро мажбуриятларига амал қилган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматини Гулнора Каримовани сўзсиз, зудлик билан қамоқдан озод қилишга чақирамиз», — дейилади мурожаатда. Ариза муаллифлари, шунингдек Швейцария адлия тизимини Ўзбекистон судининг «асоссиз» қарорларини қўллаб-қувватлаганликда айблаганлар.

Ҳозирда Гулнора Каримова Тошкентнинг №21 колониясида жазо муддатини ўтамоқда. 2015 йили Ислом Каримовнинг тўнғич қизи 5 йиллик эркинликни чеклаш, 2017 йили эса ўғирлик ва солиқдан бўйин товлаш айблари билан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. 2018 йили иккинчи жиноий иш юзасидан чиқарилган ҳукм беш йил озодлик чекланиши чорасига алмаштирилди. 2019 йили Гулнора Каримова «жазони ўташ тартибини қўпол равишда бузганлик» айби билан №21 Зангиота аёллар колониясига кўчирилди. Каримова ва унинг оила аъзоларига тегишли хорижий активлар ҳисбга олинди.

2020 йил март ойида Гулнора Каримова жиноий гуруҳ ташкил этганлик, товламачилик ва бошқа жиноятлар юзасидан учинчи жиноий иш доирасида айбланди ва унга нисбатан 13 йилу 4 ой қамоқ жазоси белгиланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ