Самарқанд ва Навоий вилоятлари аҳолиси ичимлик суви танқислигига дуч келди

pixabay.com сайти фотосурати

Самарқанддан сўнг Навоий вилояти аҳолиси ҳам ичимлик суви таъминотида муаммоларга дуч келган. Навбаҳор туманининг қатор аҳоли пунктларида сув келиши бутунлай тўхтаб қолган, деб хабар беради Darakchi.uz.

Гап Кўхрон, Арабхон, Янгиобод, Оқ олтин, Қизилой маҳаллалари тўғрисида бормоқда. Бу ерлик аҳоли Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида жойлашган «Дамхўжа сув иншооти» МЧЖга қарашли сув иншооти томонидан ичимлик суви билан таъминланар эди. Ёғингарчиликнинг кам бўлгани ва иншоотдаги босимнинг тушиб кетиши натижасида сув етказиб бериш ишлари тўхтатилган. Вазият барқарор бўлгунга қадар мазкур аҳоли пунктларига махсус техникалар ёрдамида ичимлик суви етказиб берилади.

Бундан олдин, 8 июндан бошлаб Самарқанд вилоятининг айрим туманларида ичимлик суви таъминоти маълум соатларда амалга оширила бошлагани тўғрисида хабар тарқаганди. Сув таъминотидаги чекловлар 3 ва 4 насос станцияларига уланган туманларни қамраб олган, деб хабар беради Sputnik- Ўзбекистон. Булар — «Саттепо» массиви , «А» ва «Б» микрорайони, «Буюк ипак йўли», «С. Бухорий» ва «Амир Темур» аҳоли пунктларидир. Бу ерлик аҳолига эрталаб (соат 6 дан 10 гача) ва кечки пайт (соат 18 дан 22гача) ичимлик суви берилади.

«Самарқанд сув таъминоти» МЧЖга кўра, бу вақтинчалик чора ҳисобланади. Сабаби — ерости суви сатхининг пасайиб кетиши насос ускуналари ишларига салбий таъсир кўрсатган. Ташкилот Самарқанд вилоятининг бошқа аҳоли пунктларида ҳам сув таъминотида муаммолар юзага келганини таъкидлайди.

Ўтган ҳафтадан бошлаб Ўзбекистонда об-ҳавонинг ўта қизиб кетиши кузатилмоқда. Республиканинг айрим ҳудудларида ҳарорат 43-45 даражага кўтарилган. Синоптикларга кўра, бундай кўрсатгич одатий ёзга нисбатан 7-10 даража юқори ҳисобланади. Сешанбадан бошлаб жазирама бироз пасаяди, лекин ҳарорат нормадан юқори бўлади, деб огоҳлантиради Ўзгидромет.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди