Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясига аъзо бўлади

ТУРКПА келишувининг имзоланиши, 2008 йил. turk-pa.org сайти фотосурати

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясига (ТУРКПА) аъзо бўлиш тўғрисида қарор қабул қилди. ТУРКПА делегацияси билан учрашувда Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев шу ҳақда маълум қилди, деб хабар қилади «Анадолу» ахборот агентлиги.

Туркия парламенти депутати Исмет Учма бошчилигидаги делегация таркибида Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия парламентарийлари ҳам ташриф буюрган.

Томонлар Туркий давлатлар кенгаши аъзолари ва Ўзбекистон ўртасидаги иккитомонлама муносабатлар, шунингдек ТУРКПА ва Ўзбекистон парламенти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганлар.

Учма Ўзбекистоннинг туркийлар дунёсида ўзига хос ўринни эгаллашини, ТУРКПА республика билан «барча йўналишлар»да ҳакморлик қилиш ниятида эканини таъкидлади.

Ўз навбатида Сафоев Ўзбекистоннинг Турк кенгаши билан алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор беришини, келажакда ушбу бирлашмага аъзо бўлиш ниятида эканини айтди.

ТУРКПА 2008 йили Туркий давлатлар парламентлари ҳамакорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари ТУРКПА аъзолари ҳисобланади. Унинг биринчи мажлиси 2009 йил 29 сентябрда Бокуда бўлиб ўтган.