Афғонлар бир неча марта Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтишга уринганлар

Ўзбекистон ҚК ҳарбий хизматчилари. mudofaa.uz сайти фотосурати

Кейинги кунларда Афғонистон фуқаролари ва ҳарбийлари бир неча марта Ўзбекистон ҳудудига ўтишга уринганлар. Бу ҳақда 28 июнь куни Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, деб хабар беради РИА Новости.

«23 июнь куни 53 нафар Афғонистон фуқароси ва ҳарбийлари Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишга ҳаракат қилганидан сўнг бундай ҳаракатлар яна бир неча марта содир этилди. Охиргиси шанба куни кузатилди», — деди Асадов душанба куни бўлиб ўтган брифингда.

«Лекин биз ўзимизнинг миллий қонунчилигимиз ва халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда улар билан тегишли суриштирув ва тергов ишларини амалга оширдик. Ушбу Афғонистон фуқароларини ҳам ўз республикасига қайтариб юбордик», — деди у.

Президент матбуот котиби бу борада Ўзбекистон чегараси дахлсизлиги ҳеч қандай шубҳа остига қўйилмаслиги кераклигини таъкидлаб ўтди.

24 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарани кесиб ўтган 53 нафар афғон ҳукумати ҳарбийлари ўз ватанига қайтариб юборилганини маълум қилганди. Жумладан, вазирлик қўшни мамлакатда АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшинларини олиб чиқиб кетаётган бир пайтда «Толибон» ҳаракати (РФда таъқиқланган ташкилот) нинг фаоллашуви оқибатида «зўравонликнинг ортиши чуқур хавотир уйғотаётганини» таъкидлаганди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар бошлаганини маълум қилди. Хусусан, Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида қўққисдан текширувлар бошланган. Мудофаа вазирлигига кўра, тактик ўқувлар давомида «Тревога» сигнали берилганда шахсий таркибнинг ҳаракатлари, белгиланган йўналиш бўйича ҳимояни кучайтириши, қўйилган жанговар ўқув вазифаларини сифатли бажариш борасидаги кўникмалари синовдан ўтказилади.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида