Ўзбекистонлик ёшлар ВГИКда таълим оладилар

ВГИКДАГИ ТАДБИР. МОСКВА, 2021 ЙИЛ 1 СЕНТЯБРЬ

1 сентябрь куни Бутунроссия давлат кинематография институтида янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Байрамда ВГИКга ўқишга кирган 22 нафар ўзбекистонлик ёшлар ҳам иштирок этдилар.

ВГИК 1979 йилдан бери илк бор актёрлик устахонасига ўзбекистонлик талабаларни жалб қилди. Талабалар 4 йил мобайнида «Майсаранинг иши», «Ибрат», «Барон» ва бошқа фильмлари билан Ўзбекистонда машҳур бўлган Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов устахонасида академик амалиётни ўтайдилар. Бугун кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ёшларнинг барчаси ВГИК ректори Владимир Малишев ва институт маъмурияти вакиллари билан танишдилар.

«Кинематография бўйича таълим олиш борасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида узилган риштанинг яна қайта боғлангани қувончли ҳолдир. Биз бунга эришиш учун узоқ йўлни босиб ўтдик ва эндиликда ўзбекистонлик талантли, қобилиятли ёшларнинг ВГИК даргоҳида актёрлик ва режиссёрлик маҳоратини эгаллашига имконият туғилганидан бахтиёрман. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун кучли асосдир»,

— деди ВГИК ректори Владимир Малишев.

ВГИК талабалари учун ўтказилган маросимда Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди:

– Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўзбекистонлик талабаларни ўқитишни ташкиллаштириш, шунингдек, Тошкент шаҳрида ВГИК филиалини очиш ташаббуси шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга тегишли, – дея таъкидлади Фирдавс Абдухолиқов. – Мисол учун, Президент ВГИК филиалини очиш ҳақидаги қарорга айнан байрам кунлари арафасида имзо чекди. Бу мамлакатимиз кинематографияси вакиллари учун яна бир ажойиб янгилик бўлди. Биз ВГИК раҳбарияти билан институт филиалининг очилиш маросимини шу йилнинг 28 сентябридан 3 октябригача бўлиб ўтадиган «Ипак йўли дурдонаси» XIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказишга келишиб олдик, – деди Кинематография агентлиги раҳбари.

Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари – кинокомпаниялар ва киностудияларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали ижодий кадрларни тайёрлаш, шунингдек, кинематография соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришдан иборат бўлади. Филиалнинг биринчи талабалари 2021/2022 ўқув йилида қабул қилинади. Филиал битирувчилари Россия дипломига эга бўладилар, у Ўзбекистонда ҳам тан олинади.

Ўзбекистонлик талабаларни ўқитиш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан қопланади. Ўқиш якунланганидан сўнг, томонлар ўртасидаги келишувга кўра, ёшлар Ўзбекистонга қайтишади ва кинематография соҳасидаги фаолиятини ўз мамлакатларида давом эттиришади.

Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, ўтган йили Москвадаги ВГИКга 7 нафар талаба ўқишга қабул қилинган бўлса, бу йил уларнинг сони 22 тага етган. Бу йил яна беш киши учун қўшимча жойлар очилади.

Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги 2019 йил декабрь ойида ўзбек киноижодкорларини университет базасида ўқитиш тўғрисида ВГИК билан шартнома имзолагани ҳақида хабар берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ