Пахта-тўқимачилик кластерлари янги имтиёзларга эга бўлади

KHANTEX.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида пахта-тўқимачилик кластерлари учун бериладиган янги имтиёзларни маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беради.

Жумладан, энди пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Пахта хомашёсини етиштириб, уни қайта ишлашга эса камида 24 ой керак. Ерни экишга тайёрлаш октябрда бошланса-да, кредит 3-4 ой кечиктириб, январь-февраль ойларидан ажратилади. Бу эски тизим энди тўлиқ ўзгаради. Бундан буён, кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади.

Кластер олган кредитини, хомашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтаради. Бу тизимни жорий этишга бюджетдан 10 триллион сўм йўналтирилади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги жамғармасига йил якунига қадар қўшимча 100 миллион доллар ажратилади.

Шунингдек, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси, замонавий лабораториялар ташкил этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектар пахта майдонига 1 миллион сўмдан ($93) молиявий грантлар ажратилади.

Кластерлар томонидан ип-калавани қайта ишлаш даражасини келгуси икки йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказиш мўлжалланган.

Масалан, матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун, корхона қувватига қараб, давлат ҳисобидан молиявий грантлар берилади. Бундай лойиҳаларни кредитлаш учун яна 150 миллион доллар маблағ ажратилади.

Бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан паст ставкаларда 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади.

Шундай товарларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкаси 3 йил муддатга амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади.

Уларга мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти ҳам берилади. Бунинг ҳисобига, корхоналар ихтиёрида йилига камида 500 миллиард сўм маблағ қолади.

Келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга кредит олишда пахта хомашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади.

2020 йил июнда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қароридан сўнг Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этила бошланди. Мирзиёев таъкидлагандек, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди. Шунингдек, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот – 3 баробарга ортди, экспорт йил якунига қадар 3 миллиард долларга етади.

Ўзбекистонда пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган босқичларни қамраб олган 2 миллиард долларлик 125 та янги корхона ҳамда 150 мингта доимий иш ўрни ташкил қилинди. Кластерлар томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли техникалар олиб келинди, 126 минг гектар майдонда сув тежаш технологиялари жорий қилинди.

Президент эътироф этганидек, бундай инновацион ёндашув натижасида кўп кластерлар бу йил пахтадан 35-40 центнергача ҳосил олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ