Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида тегажоғликка учраган қизлар учун ишонч телефони ва чат-бот очилди

Edu.uz фотосурати

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги харрасмент (тегажоғлик, тайзиқ, зўравонлик)га учраган қизлар учун ишонч телефони ва Telegramда чат-бот ташкил этди.

«Азиз талаба-қизлар, опа-сингиллар! Агар сиз таълим олаётган ёки меҳнат қилаётган олийгоҳ, профессионал таълим муассасасида сизга нисбатан бирон-бир кўринишда тегажоғлик, тазйиқ ёки зўравонлик содир этилган бўлса, ёхуд ана шундай ножўя хатти- ҳаракатлар таҳдиди остида бўлсангиз ёки гувоҳи бўлган бўлсангиз,

ҳеч иккиланмай Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1006 ишонч телефонига ёки @himoya_otv_bot Telegram-ботига мурожаат қилинг»,

— дейилади вазирлик сайтида.

Вазирлик бунда шахс ва шахсий маълумотлар сир сақланиши кафолатланишини маълум қилади.

«Сизга зарур бўлган барча ёрдам кўрсатилади, ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик, содир этилган ҳар бир ҳолат бўйича қатъий чоралар кўрилиши таъминланади», — дейилади хабарда.

Бундай чоралар кўрилишича Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида содир бўлган воқеа сабаб бўлди. Учинчи қурс талабаси Муштарийбону Комилова декан ўринбосари Боғабек Юлдашевни зўрлашга урингани ва учинчи қават ойнасидан қизни итариб ташгани тўғрисида шикоят қилган.

Оқибатда қиз оғир тан жароҳати олиб, бир неча операцияларни бошдан кечирган. 37 ёшли Боғабек Юлдашев қўлга олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 105 -(қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 118-моддалари (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Комилова онасининг сўзларига кўра, декан ўринбосари қизнинг ўзини тегажоғлик қилгани, эшикни ичкаридан беркитиб олгани, йигити келганидан сўнг ўзини ойнадан ташлаб юборганини айтган, деб хабар беради Uzreport.tv.

Nemolchi.uz ходимлари сўзларига кўра, педуниверситетнинг айрим қизлари аноним ҳолатда «айрим ўқитувчиларнинг қизларга нисбатан тегажоғлик қилиши бўлиб турадиган ҳолат», эканини айтишган. Уларга кўра, «қизлар ўқишдан ҳайдалишдан чўчийди, шунинг учун жим бўлишади, маъмурият эса педагогларнинг бундай «қилмишига» кўз юмади».

ТДПУ маъмурияти «талаба-қизларнинг обрўси, шаъни ва номусига қарши ҳаракатларни қоралаши ва бундай ҳолатларга қарши кураши»ни таъкидлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ