ЛУКОЙЛ Ўзбекистонда 100 млрд куб метр газ қазиб олган

Lukoil-international.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда фаолият юритаётган ЛУКОЙЛ компанияси жами 100 млрд кубметр газ қазиб олган. Россия нефтгаз компанияси 2004 йилдан Ўзбекистонда амалга оширган лойиҳалари натижасида мана шундай кўрсатгичга эришган, деб хабар беради «ЛУКОЙЛ» компанияси матбуот хизмати.

Табиий газнинг асосий қисми (70% дан ортиғи) Бухоро вилоятидаги Қандим-Ховузак-Шоди конларидан қазиб олинган. Мазкур газ конлари 1967 йили очилган, бироқ таркибида олтингугурт кўп бўлган газни тозалаш ва бошқа техник сабаблар туфайли Ховузак ва Шоди конлари музлатиб қўйилганди. ЛУКОЙЛ Ўзбекистон бозорига кириб келиши билан мазкур участкалар ўзлаштирилди, 2008 йили ушбу конларда йилига 4 млрд куб метр газ қазиб олинган.

2017 йили компания йилига 8,1 млрд куб метр газни қайта ишлайдиган Қандим мажмуасини ишга туширди.

2009 йили «ЛУКОЙЛ-Ўзбекистон» компанияси Қашқадарёда Ҳисор конини ўзлаштиришга киришди. 2011 йилдан бу ерда газ қазиб олина бошланди. 2017 йили Ғумбулоқ ва Одамтош конларида ишлар бошланди. 2018 йили компаниянинг йиллик газ қазиб олиши 5 млрд куб метрни ташкил этди.

«ЛУКОЙЛ-Ўзбекистон» республикада Қандим-Ховузак-Шоди-Қўнғирот ва Жануби-Шарқий Ҳисор лойиҳаларида маҳсулотларни бўлиб олиш шарти билан иш олиб боради. Компания бурғулаш, қазиб олиш, табиий газни тозалаб, товар ҳолатига келтиришгача ишларни амалга оширади. Бугунги кунда компаниянинг Ўзбекистонда амалга ошираётган лойиҳалари $8 млрд баҳоланади. Компания республикада энг йирик хориж инвестори ҳисобланади.

ЛУКОЙЛ томонидан қазиб олинган газ ички ва ташқи бозорга сотилади. Ўзбекистоннинг ЛУКОЙЛ компанияси томонидан қазиб олган газни импорт қилишдан олган умумий даромади $4 миллиардни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ