Марказий банк меҳнат мигрантлари молиявий саводхонлигини ошириш лойиҳасини амалга оширади

ММЦ САХАРОВО.РФ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон Марказий банки меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари саводхонлигини ошириш бўйича лойиҳани амалга ошира бошлади.

24 ноябрь куни Марказий банк томонидан “Кафолат” суғурта компанияси билан биргаликда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 12 та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги тренерларни молиявий саводхонлик бўйича тайёрлаш юзасидан тренинг ўтказилди.

Тренинг доирасида тўлов ва пул ўтказмалари, замонавий молиявий технологиялар, молиявий хавфсизлик (жумладан, рақамли молиявий хавфсизлик) ва банк омонатлари каби мавзулар ёритилди. Бундан ташқари, дастурга «Сбербанк» ОАЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган маълумотлар ва материаллар киритилган бўлиб, улар Россия Федерациясининг банк хизматлари бўйича батафсил маълумотларни очиб берди.

Меҳнат мигрантларини ўқитиш шу йилнинг декабрь ойида бошланади. Агробанк, Микрокредитбанк, Халқ банкининг консалтинг кўмаги остида 6 кунлик кенгайтирилган ўқув курси доирасида «Ишга марҳамат» мономарказларининг 14 та филиалларида, бир кунлик тезлаштирилган ўқув курси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали амалга оширилади.

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ташкиллаштирилган ҳолда хорижга кетишдан олдин фуқаролар мажбурий тартибда касб-ҳунар ва тилларга ўқитилиши жорий этилди. Қонуний меҳнат миграцияси ташкил этилиши учун хорижий давлатлар иш берувчилари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда махсус марказлар очилди. Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, хорижий йирик иш берувчилар ва хусусий бандлик агентликлари билан алоқалар ўрнатилади ҳамда қисқа муддатли курсларда улар учун зарур бўлган касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрланади. Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан қисқа муддатли курсларга хориждаги йирик корхоналарнинг малакали мутахассислари ва етакчи таълим муассасаларининг педагог кадрлари жалб қилинади.

Айрим манбаларга кўра, ҳозирда 34 миллионли Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоиз фаол қисми, яъни 2,5 млн одам хорижда меҳнат қилмоқда. Уларнинг кўпчилиги Россияда меҳнат фаолияти юритади.