Ўзбекистон ва Қозоғистон $611,3 млн миқдорида шартномалар имзолади

ҚОЗОҒИСТОН ҲУКУМАТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон ва Қозоғистон III Минтақалараро ҳамкорлик форумида $611,3 млн суммага эга 54 та инвестиция ва тижорат шартномаларини имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар беради.

«Трансчегаравий ҳамкорлик — ривожланишнинг янги нуқтаси» мавзусида форум 26 ноябрь куни Туркистон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат Бош вазирлари Асқар Мамин ва Абдулла Арипов, шунингдек давлат органи раҳбарлари, ишбилармонлардан иборат 200 га яқин одам иштирок этди. Машинасозлик, АСК, қурилиш материаллари, электр техника маҳсулотлари, тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда шартномалар имзоланди.

Мамин ва Арипов Хукуматлараро қўшма комиссия мажлисини ўтказдилар. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, транзит-транспорт, сув энергетикаси, туризм ва бошқа соҳаларда иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Жумладан, учрашувда ўзбек-қозоқ чегарасида «Марказий Осиё» савдо иқтисодий ҳамкорлик марказини яратиш бўйича лойиҳанинг амалга ошириш, ҳамкорликда Орол денгизи билан боғлиқ муҳим экологик лойиҳаларни йўлга қўйиш, шунингдек денгизнинг қуриб қолган ҳудудида саксовулларни экиш масалалари қўрилди.

Шунингдек, томонлар транзит-транспорт соҳасидаги ҳамкорлик борасида фикр алмашдилар. Бу соҳада темир йўл инфтратузилмалари ривожланаётгани, автомобилларни ўтказиш пунктларини модернизация қилиш, юклар ташишда қулай тариф сиёсати юргизилаётгани таъкидланди. Жорий йилнинг 10 ойи ичида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл орқали ташилган юклар 20,5 млн тоннани ташкил этган.

Марказий Осиёда минтақавий савдонинг 70 фоизи Ўзбекистон ва Қозоғистонга тўғри келади. 2021 йил 9 ойи мобайнида икки томонлама товарлар айланмаси ўтган йилга нисбатан 28,5 фоизга ўсиб, $2,9 млрд ташкил этди. Йил якунига кўра, Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик хориж ҳамкорлари бешлигига кириши мумкин.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 2022 йили $5 млрд ва кейинги беш йил ичида $10 млрд.га етказишга келишиб олдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ