Masdar компанияси Ўзбекистонда учта йирик фотоэлектр станциясини қуради

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ КАРМАНА ТУМАНИДАГИ ФЭС ЛОЙИҲАСИ. ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Masdar компанияси (БАА) 2023 йил охиригача Ўзбекистонда учта қуёш фотоэлектр станциясини ишга туширади. Тегишли қарорларни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 456,6 МВт бўлган қуёш электр станцияси, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳар бири 220 МВт қувватга эга иккита станция қурилади. .

200 МВт қувватга эга яна бир фотоэлектр станцияси Навоий вилояти Нурота туманида Phanes Energy Holding III B.V. (Нидерландия) компанияси томонидан барпо этилади.

Шундай қилиб, тўртта янги ФЭСнинг умумий қуввати деярли 1100 МВтни ташкил этади.

Навоий ва Толимаржон иссиқлик электр станциялари ҳамда Тошкент иссиқлик станциясини кучайтириш ҳисобига республика 2264 МВт миқдорида қўшимча қувват олади.

2023 йили Тошкент ИЭСда ҳар бири 32 МВт қувватга эга иккита газ турбинаси ишга туширилади. 2024 йили Толимаржон ИЭСда умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита буғгазли ускуна фойдаланишга топшириш режалаштирилган. 2025 йилга бориб Навоий ИЭСда умумий қуввати 1300 МВт бўлган иккита буғгазли ускуна ишга туширилиши керак.

Натижада Ўзбекистон йилига қўшимча 18 миллиард кВт/соат электр энергиясига эга бўлади. Қурилишларнинг юқори самарадорлиги ҳисобига табиий газ тежалиши 2,4 миллиард куб метрни ташкил этади ва бу йилига 14 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Ўзбекистонда биринчи қуёш фотоэлектр станцияси 2021 йил август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилди. У Masdar компанияси томонидан 110 миллион доллар сармоя эвазига қурилган бўлиб, қуввати 100 МВт.ни ташкил этади. Шавкат Мирзиёев станцияни ишга тушириш маросимида сўз юритар экан, 2030 йилга бориб республикадаги қуёш электр станцияларининг умумий қуввати камида 5 минг МВтгача ошишини айтди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, қуёш электр станциялари Ўзбекистонга жами 600 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу мамлакатнинг бугунги электр энергиясига бўлган эҳтиёжидан саккиз баравар кўпдир.