Гулобод массиви Самарқанд вилоятининг маъмурий марказига айланади

Самарқанднинг янги сарҳадлари. «Фарғона» коллажи

Самарқанд шаҳри кенгайтирилиб, Самарқанд вилояти чегаралари ўзгартирилгач, Гулобод массиви вилоятнинг маъмурий марказига айланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати қарор лойиҳасида мана шу ҳақда сўз юритилади.

Лойиҳада Самарқанд тумани тугатилиб, унинг ҳудудини Самарқанд шаҳри ва Пастдарғом тумани ўртасида тақсимлаш таклиф этилган. Янги ташкил этилган Мароқанд тумани таркибидаги Гулобод массиви Самарқанд вилоятининг маъмурий маркази этиб белгиланади ва кейинчалик вилоят маъмурий бинолари ўша ерга кўчирилади.

Маъмуриятнинг шаҳар марказидан чеккага кўчириши 2021 йил апрелида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинганди.

«Самарқанд қадимий шаҳар. Бу ерга туристлар қадимий обидаларимизни томоша қилиш учун келади. Аммо уларга етарлича шароит мавжуд эмас.
Шу сабабли маъмурий биноларни Гулободга кўчирамиз. Шаҳар маркази эса тўлиқ туристларга ажратилади. Бу ерда машина ҳам юриши мумкин эмас, фақат сайёҳлар сайр қиладиган, тарихий обидаларимиздан баҳра оладиган жой бўлиши керак», — деганди давлат раҳбари.

Ҳукумат Оқдарёнинг 1654 гектар, Самарқанднинг 12975 гектар, Пастдарғомнинг 1245 гектар ва Тайлоқ туманларининг 1269 гектарини Самарқанд шаҳрига қўшиш ниятида. Шу билан бирга, Самарқанд шаҳридан 528 гектар, Самарқанд туманидан 1370 гектар ер Пастдарғом туманига ўтказилади, тугатилган 29 минг 283 гектар ер майдони Тайлоқ туманига ўтказилади.

Ҳозирда Самарқанд шаҳрининг умумий майдони 12 минг гектарни ташкил этади. Кенгайтирилгандан кейин у 28 минг гектардан ошади.

Шаҳар бешта туманга – Мороқанд (8333 га), Қорасув (8250 га), Сиёб (4846 га), Сўғдиёна (3741 га) ва Боғишмол (3246 га) га бўлинади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолати бўйича Самарқанд вилояти аҳоли сони бўйича республикада етакчи ўринда – бу ерда 4 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Самарқанд шаҳрида деярли 552 мингта одам яшамоқда.

Ҳукумат режаларига кўра, 2040 йилга бориб учта қўшни туман, шунингдек янги массив ва йўлдош шаҳарлар қурилиши ҳисобига шаҳар ҳудуди 30 минг гектарга кенгайтирилади, шаҳар аҳолиси 1,1 миллион кишини ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ