Толиблар афғон армияси сонини 130 минг кишига етказди

«Толибон» жангарилари. Anna-news.info сайти фотосурати

«Толибон»* ҳаракати Мудофаа вазирлиги мунтазам армия ҳарбийлари сонини 130 000 дан ортиқ кишига етказди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали толиблар ҳукумати Мудофаа вазирлиги вакили Иноятуллоҳ Ховаразамийга (Inayatullah Khwarazami таяниб хабар беради.

«130 мингдан ортиқ киши [мунтазам армияга] жалб қилинган ва бу жараён давом этади. Бу ҳаракат тугагач, афғонлар хавфсизликни таъминловчи, Афғонистон замини ва чегараларини ҳимоя қиладиган мустақил, яхши шаклланган ва ўқитилган армиянинг гувоҳи бўладилар», — деди Ховаразамий.

Унинг таъкидлашича, Мудофаа вазирлиги мамлакат қуролли кучлари сонини 150 минг кишига етказиш ниятида. Бироқ, янги қўшинларнинг турлари ва таркиби ҳали аниқланмаган. Толиблар бундан аввал Афғонистон ҳукумати ва Афғонистонда жойлашган хорижий қўшинларга қарши партизанлар уруши олиб борган 20 йил давр мобайнида мавжуд бўлмаган ўз ҳаво кучларини яратиш ниятида эканликларини маълум қилгандилар.

«Толибон» йил бошида ўз армияси сонини кўпайтирганини эълон қилди. Янги қуролли кучларни шакллантиришда Мудофаа вазирлиги жанговар тажрибага эга ҳарбий хизматчиларни, шу жумладан собиқ президент Ашраф Ғани ҳукумати даврида хизмат қилганларни сафарбар қилишни мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон собиқ ҳукуматининг миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари сони, расмий маълумотларга кўра, тахминан 350 минг кишини ташкил этган. Толиблар ҳокимиятни қўлга киритгач, уларнинг бир қисми хорижга қочиб кетди. Мамлакатда қолган армия ва хавфсизлик кучларининг кўплаб аскар ва зобитлари толиблар томонидан қасос олиш мақсадида ўлдирилган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ