Ўзбекистонлик болалар Россияда футбол бўйича халқаро турнирда ғолиб бўлдилар

"Ўзбекистон" жамоаси. darakchi.uz сайти фотосурати

Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларидаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларидан тузилган «Ўзбекистон» жамоаси Россия Федерациясининг Ленинград вилоятида Меҳрибонлик уйлари жамоалари ўртасида мини-футбол бўйича XVII халқаро турнир ғолиби бўлди. Бу ҳақда Санкт-Петербург қонунчилик ассамблеясининг расмий сайти хабар беради.

Ўзбекистонлик ёш футболчилар финал йўлида Кировск, Тамбов ва Санкт-Петербурглик рақибларини мағлуб этиб, гуруҳда биринчи ўриндан плей-оффга йўл олдилар. Ярим финалда смоленсклик футболчилар, финалда эса курсклик йигитлар мағлуб бўлишди.

«Ўзбекистон»нинг чемпион жамоаси сафида Жавоҳир Аъзамов, Шохруҳ Бегматов, Сарварбек Фок, Александр Кононенко, Арслан Дмитриев, Камронбек Пардаев, Рим Клевентов, Муҳаммадсодиқ Холдоров ва Диёр Данаев тўп сурди, уларга Абдулазиз Маннопов ва Темур Машариповлар мураббийлик қилди.

Мусобақалар 11-15-май кунлари Ленинград вилояти Сестроретск шаҳридаги «Дубки» стадионида бўлиб ўтди. Турнирда Россиядан, Ўзбекистондан ҳамда Донбассдан 12 та жамоа иштирок этди.

Аввалги турнирларда болалар учун ташкил этилган тадбирлар дастури ва иштирокчилар сони анча ҳайратланарли эди. 2019 йилда бўлиб ўтган мусобақаларда Арманистон, Латвия ва Испаниядаги меҳрибонлик уйлари жамоалари ҳам иштирок этишганди. Учрашувлар маданий тадбирлар билан алмашинди. Болалар Зенит ва СКА иштирокидаги футбол ва хоккей ўйинларида қатнашдилар, Санкт-Петербургдаги аквапарк ва музейларга ташриф буюрдилар. Турнир Россия Федерациясининг федерал каналлари орқали ёритиб борилди.

2022 йили иштирокчилар учун маданий дастур фақат шаҳар бўйлаб сафар билан чекланди ва турнирнинг ўзи ҳам ОАВда унчалик қизиқиш уйғотмаганга ўхшайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ