Ўзбекистонда «юмшоқ қотил»га қарши кураш бепул бўлади

Сrushpixel.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда вирусли гепатит C билан касалланган беморлар дори-дармонлар билан бепул таъминланади. Бу мамлакат президентининг 16 май куни имзоланган қарорида кўзда тутилган.

Гепатит Cқон ёки бошқа тана суюқликлари орқали юқадиган жигарнинг вирусли касаллигидир. Кўпгина ҳолларда, у асемптоматикдир, шунинг учун у «юмшоқ қотил» лақабини олган.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида В ва С вирусли гепатитларини эрта аниқлаш ва касалликларни даволаш бўйича скрининг текширувларини қамраб олиш кучайтирилади. 2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит “В” ва “С” турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит “С” тури билан касалланган беморларни даволашни 10,5 минг нафаргача етказилади.

Текширувлар барча учун бепул бўлади. Фақат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддаси («Фоҳишалик») бўйича айбдор деб топилган кимсалар ўз маблағлари ҳисобидан скрининг текширувидан ўтади.

Қарорда қуйидагилар кўзда тутилган:

👉 инфекция хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлайдиган тиббиёт ходимларини гепатит Б га қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш;

👉 бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида вирусли инфекцияларни аниқлаш учун сарфланадиган материаллар (реагентлар ва тест тўпламлари) билан босқичма-босқич тўлиқ таъминлаш;

👉 барча тиббиёт муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида сурункали вирусли жигар касалликларининг ягона электрон реестрини яратиш ва юритиш;

👉 вакциналар, тест-тўпламлар ва вирусга қарши дори воситаларининг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги устидан назоратни такомиллаштириш;

👉 тиббиёт муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида юқумли касалликлар, жумладан, сурункали вирусли гепатитларни ташхислаш ва даволаш стандартларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш;

👉 вирусли инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар, касалликларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;

👉 аҳоли ўртасида вирусли инфекциялар билан касалланишнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида кенг тушунтириш, ахборот ва тарғибот ишларини ташкил этиш.

Тегишли вазирликларга 2022 йил охиригача вирусли касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашда зарур бўлган вакциналар, дори воситалари ва диагностика воситалари каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳукуматга таклифлар киритиш топширилди.

Ўзбекистонда гепатит Б ва C кенг тарқалган. 2016 йилда тахминан 2,5 миллион гепатит Б ва 1,3 миллион гепатит C билан яшайдиган одамлар бор эди.

2019 йил декабрь ойида Тошкентда гепатитни эрта аниқлаш бўйича 12 та поликлиникани қамраб олган тажриба лойиҳаси ишга туширилди. Дастурда иштирок этаётган ҳамширалар тезкор диагностика тестларидан фойдаланиш, мотивацион суҳбатлар ва беморларни рўйхатга олиш бўйича ўқитилди.

Лойиҳа туфайли 60 000 киши бепул тестдан ўтиш имкониятига эга бўлди. Оғир асоратланмаган гепатит ташхиси қўйилганлар поликлиникаларда даволаш дастурига киритилди, жигари оғир шикастланган беморлар ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун Вирусология илмий-текшириш институтига йўналтирилди. Лойиҳа БМТ даражасида муваффақиятли деб топилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ