Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига доир Ишчи гуруҳининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди

ИТСВ матбуот хизмати фотосурати

21 июнь куни Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда ЖСТга аъзо мамлакатларнинг 60 дан ортиқ делегациялари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари ва хорижий экспертлар иштирок этди, деб хабар беради Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда сўзга чиққан 25та ЖСТга аъзо-давлатларнинг барчаси, шу жумладан АҚШ, ЕИ, Буюк Британия, Россия, Туркия, Индонезия, Корея Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқалар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

«Ташкилотга аъзо бўлиши мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизимига тўлиқ интеграциялашувига имкон яратишини, барча аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга туртки беришини ҳамда глобал даражадаги халқаро иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий тизими кенгайиш жараёнини фаоллаштиради», дейилади ИТСВ матбуот маркази хабарида.

ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия раиси — Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг муҳимлиги ва мутлақ устуворлигини таъкидлади.

Умурзақов Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнини фаол илгари суриш ва яқин келажакда Ташкилотга аъзо барча манфаатдор давлатлар билан икки томонлама музокараларни якунлаш бўйича қарори қатъий эканлигини тасдиқлади.

Ишчи гуруҳ Ўзбекистон ташқи савдо режими бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан, Фактологик хулоса, ЖСТга аъзо-давлатлар саволларига жавоблар, иқтисодий сиёсат бўйича маълумот, давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, божхона-тариф сиёсати, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, саноат субсидияларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йили ариза берган ва жараён 2005 йил октябрь ойида тўхтагунга қадар – Андижон воқеаларидан кейин – ишчи гуруҳнинг учта йиғилиши бўлиб ўтган. Республика ҳукумати ўз қонунчилигини ташкилот талабларига мос равишда тузатишни давом эттирди ва 2017 йилда унга қўшилиш бўйича ишларни қайта бошлади. 2020 йил ёзида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳи ўзининг тўртинчи – сўнгги 15 йилдаги илк йиғилишини ўтказди. Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ЖСТга аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокаралар жараёнини тезлаштиришга келишиб олди.

ЖСТ — мамлакатлар ўртасидаги савдо қоидаларини тартибга солувчи глобал халқаро ташкилот. Унинг шартномалари асосида ташкилот аъзоларига маълум савдо ҳуқуқларини кафолатлайдиган шартномалар киради. ЖСТга кириш хорижий ҳамкорлар учун савдо тўсиқларини қисқартиришни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар протектционизмидан воз кечишни назарда тутади.