Сурхондарёда саккиз нафар давлат хизматчиси йиғилиш жараёнида ДХХ томонидан қўлга олинди

Businessstudynotes.com сайти фотосурати

Сурхондарё вилоятида бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларига барҳам бериш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган йиғилишда 8 нафар давлат хизматчиси йиғилиш жараёнида ДХХ томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Қўлга олинганлар орасида банкнинг собиқ ходими ва турли қишлоқ хўжалиги секторининг етти нафар ходими бор.

ЎзА хабарига кўра, «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Д.А. ва омбор мудири Ф.А. қиймати 12 млрд. 87 млн. сўм бўлган 2 минг 884 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланди. Тергов ҳаракатлари давомида Д.А. ўзи томонидан талон-торож қилинган 616 тонна дон маҳсулоти учун етказилган зарарни, яъни 2 млрд. 607 млн. сўмни тўлиқ қоплагани учун унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси «гаров»га ўзгартирилган.

Мазкур жиноят иши доирасида «Музработ дон қабул қилиш шохобчаси» собиқ мудири О.И. «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Ё.О.лар катта миқдордаги дон маҳсулотларини талон-торож қилгани аниқланган. Натижада уларга нисбатан ҳам «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Бундан ташқари, ун тегирмони собиқ раҳбари (Ё.О)нинг қиймати 4 млрд. 886 млн. сўмлик 1 минг 166 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланди. Тергов жараёнида собиқ раҳбарга тегишли бўлган қиймати 5 млрд. 400 млн. сўмлик кўчмас мулк объектлари хатловга олинган. Шу сабабли унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси ҳам «гаров»га ўзгартирилди. Шунингдек, омбор мудири Ф.А. ҳамда тегирмон катта таҳлилчиси Х.Ж.лар томонидан жиноий йўл билан топилган 2 та Gentra русумли енгил автомашина ҳам тегишли тартибда хатланган.

Яна бир жиноят иши доирасида Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ходимлари қўлга олинган. Бошқарма бошлиғи Т.А. ва ташкилотнинг бир қатор мансабдор шахслари Shurchi Indenim Klaster корхонасига қарашли 993 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича сохта ҳужжатлар тайёрлаб, бунинг учун ажратилган 6,7 миллиард сўм (613 минг доллар) суммадаги субсидияларни ўзлаштириб юборган.

Маблағларнинг асоссиз ажратилганлиги учун Shurchi Indenim Klaster раҳбарияти ҳам жавобгарликка тортилди. Улардан 6,7 миллиард сўмдан ортиқ пул ундирилгач, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси «гаров» билан алмаштирилди.

Бундан олдин, 2021 йили коррупционерлар томонидан Ўзбекистонга етказилган моддий зарар миқдори 1,282 триллион сўмни (117,6 миллион доллар) ташкил этгани хабар қилинганди. Шундан 887 миллиард сўми (82 миллион доллардан ортиқ) ёки 69,1 фоизи давлатга қайтарилди. Мансабдор шахслар орасида энг кўп тарқалган жиноят — растрата ва ўзлаштириш йўли билан ўзгалар мулкини ўғирлаш бўлди.