Ўзбекистон Афғонистонга 74 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам жўнатди

ЎЗБЕКИСТОН ТИВ МАХСУС ВАКИЛИ ЮСУП КАБУЛЖАНОВ TELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон ҳукумати зилзила ва сув тошқинидан жабр кўрган Афғонистонга 74 тоннадан ортиқ гуманитар юк жўнатди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Гуманитар ёрдам 25 июнь куни иккита юк самолёти орқали етказилган. У ун, ўсимлик мойи, консерва, поябзал ва дори-дармонлардан иборат бўлган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев инсонпарварлик юкларининг жўнатилиши «афғон халқи учун энг оғир дамларда ҳам доим афғон заминида тинчлик ва фаровонлик ҳақида ўйлайдиган» Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси эканини таъкидлади.

Гуманитар ёрдамни топшириш маросимида Афғонистон Муваққат ҳукуматида Ахборот ва маданият вазири Хайрулла Хайрхва ва Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Муҳаммад Насим Ҳаққоний иштирок этди. Хайрхва Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдириб, Афғонистонга фожиадан сўнг дарҳол ёрдам етказилгани ва бу минглаб оддий афғонлар ҳаётини сақлаб қолишини таъкидлади.

Ўзбекистон ТИВ махсус вакили Юсуп Кабулжанов Telegram-канали фотосурати

21 июндан 22 июнга ўтар кечаси Афғонистон шарқида 5,9 магнитудали зилзила содир бўлди. 1500 га яқин одам унинг қурбонига айланди. Пактика вилоятидаги Гаян, Бармала, Зирук ва Нака туманлари энг кўп жабр кўрган. Баъзи қишлоқлар бутунлай вайрон бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Бундан ташқари, Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари расмийлари Афғонистонга табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди