Жаҳон банки Ўзбекистонга ижтимоий биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун кредит ажратади

wur.nl сайти фотосурати

Жаҳон банки Ўзбекистонга ижтимоий биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси учун 143 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергияни тежаш тармоқлараро жамғармаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия» лойиҳасини ишлаб чиқди.

Лойиҳа доирасида мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида 800 дан ортиқ муассасани модернизация қилиш режалаштирилган.

«Лойиҳанинг асосий натижаси жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, энергия тежаш ва тоза энергия ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш тартиб-қоидаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришдан иборат бўлади», — дейилади вазирлик хабарида.

Жаҳон банки матбуот хизматининг таъкидлашича, лойиҳага киритилган жамоат бинолари иссиқлик қулайлиги бўйича миллий стандартларга мувофиқ — биноларнинг етарли даражада иситилмаслиги ёки ҳаддан ташқари қизиб кетишининг олдини олиш учун модернизация қилинади.

ℹ️ Улар иссиқлик изолацияси ва иситиш, вентиляция, кондиционерлик ва ёритиш тизимларини яхшилайди. Кўмир билан ишлайдиган қозонхоналар қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган иситиш ва сув иситиш тизимларига алмаштирилади, масалан, иссиқлик насослари ва қуёш коллекторлари билан бирлаштирилган қуёш панелларига.

«Лойиҳа фаолияти энергия сарфини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, тегишли муассасаларни, айниқса, қиш ойларида энергия таъминоти ишончлилигини, шунингдек, мактабгача таълим ва мактаб муассасалари, шифохона ўқувчилари учун иссиқлик қулайлигини ошириш орқали давлат хизматларини яхшилаш имконини беради», деб тушунтиради ЖБ.

Банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда умумий энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади (саноат 22 фоиз билан иккинчи, транспорт эса 20 фоиз билан учинчи ўринда). Шу билан бирга, туман касалхоналарида истеъмол қилинадиган барча энергиянинг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84, қишлоқ врачлик пунктларида 88, мактабларда 97 фоизга яқин иссиқлик таъминотининг ўзи ташкил этади.

Мамлакатдаги жамоат биноларининг аксарияти 1970-1980-йиллари энергия самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда қурилган. Ушбу иншоотлар ёмон иссиқлик изоляциясига эга ва иссиқлик қулайлиги стандартларига жавоб бермайди. Улар энергия истеъмоли юқори бўлган эски қозонхоналар ва сув иситиш тизимларидан фойдаланадилар.

2021 йили ушбу мавзу бўйича тадқиқот олиб борган Жаҳон банки экспертлари шундай хулосага келишди: агар мактабгача таълим, мактаб ва тиббиёт муассасаларининг энергия самарадорлиги оширилса,

ҳар йили 7000 ГВт/соатдан ортиқ, шундан 6810 ГВт/соатга яқини иссиқлик, 240 ГВт/соатдан ортиқ электр энергияси кўринишида тежамкорликка эришиш мумкин.

Ўзбекистон 1992-1993 йиллари Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлди. 2017 йилдан сўнг Жаҳон банки Ўзбекистонга молиявий ва таҳлилий ёрдамини сезиларли даражада оширди. Жаҳон банкининг республикадаги дастури молиявий мажбуриятлари умумий қиймати 5,4 миллиард доллар бўлган 29 лойиҳадан иборат бўлиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди