БМТ Афғонистоннинг ҳазоралар яшайдиган туманида рўй берган зўравонликлардан хавотирда эканини маълум қилди

БМТнинг Афғонистондаги миссияси (UNAMA) Сари Пул вилоятининг Балҳоб туманида яшовчи ҳазора толибларининг «Толибон» * раҳбариятига қарши исёнидан сўнг бу ерда инсон ҳуқуқлари бузилаётганига доир ҳолатларни текширишини маълум қилди.

«UNAMA Сари Пул вилотидаги Балҳоб туманида яқинда авж олган зўравонликлар натижасида фуқароларнинг зарар кўраётгани, [мажбурий] кўчирилаётгани, инсон ҳуқуқлари жиддий бузилаётгани ва одамларнинг мулкларига зарар етказилаётганига доир хабарлардан хавотирда», — дейилади миссия хабарида.

Бу хабар толибларнинг Балҳобни эгаллаб олгач, бу ерда оммавий қирғин ўтказишда айбланганларидан сўнг пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ҳазоралар истиқомат қилувчи Балхобдаги толиблар қўмондони Маҳди Мужоҳид июнь ойи ўрталарида ўз ўрнига этник пуштунлардан вакил тайинланишига қарши чиққанди ва ҳазора толиблари туманга кириш йўлларини тўсиб қўйганди.

Дастлаб «Толибон» раҳбарияти бу масалани музокаралар йўли билан ҳал қилмоқчи бўлди, бироқ 20 июнь куни исённи бостириш учун бошқа вилоятлардан толиблар бўлинмалари келтирилди. Бир ҳафта давом этган жанглардан сўнг радикал ҳаракат туманни тўлиқ ўз назоратига олганини эълон қилди.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Балхоб қўлга киритилгач, туманда маҳаллий тинч аҳоли вакиллари судсиз қатл қилинаётгани ҳақида хабар берди. Aamaj News ахборот агентлигига кўра, толиблар 50 га яқин маҳаллий ҳазорани йўқ қилган.

Толиблар, ўз навбатида Сари Пулнинг ҳазоралар яшайдиган туманида қотиллик ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига доир айбловларни рад этдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ