Ўзбекистонда Халқаро шахмат мактаби ташкил этилади ва бешта янги турнир ўтказилади

ҲИНДИСТОНДА ЎТКАЗИЛАЁТГАН ЖАҲОН ШАХМАТ ОЛИМПИАДАСИДА ИШТИРОК ЭТАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН АЁЛЛАР ВА ЭРКАКЛАР ЖАМОАЛАРИ. ЁШЛАР МАСАЛАЛАРИ АГЕНТЛИГИ РАҲБАРИ, ШАХМАТ ФЕДЕРАЦИЯСИ РАИСИ АЛИШЕР САЪДУЛЛАЕВ TELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда Халқаро шахмат мактаби ташкил қилинади. Бу президентнинг «Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорида кўзда тутилган.

Ушбу мактаб Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, «Тўдакўл» дам олиш базаси ҳудудида ташкил этилади.

Шунингдек, мактабда ҳар йили ёш шахматчилар учун жаҳонга машҳур халқаро гроссмейстерлар иштирокида машғулотлар ва маҳорат сабоқлари ташкил этилади.

2023 йилдан бошлаб Халқаро шахмат мактабида Ўзбекистон президенти соврини учун ҳар йили ўтказиладиган халқаро шахмат турнирининг финал босқичи бўлиб ўтади.

Ўша йилдан бошлаб мамлакатда бешта янги шахмат турнири йўлга қўйилади:

👉 Ёшлар ўртасида барча ҳудудларда «Рокировка» турнири;

👉 Кекса авлод вакиллари ўртасида «Нуронийлар» кубоги;

👉 Ногиронлиги бўлган шахматчилар ўртасида «Чексиз имкон» турнири;

👉8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган 50 000 АҚШ доллари миқдорида мукофот фондига эга «Women’s Chess Championship» халқаро турнири;

👉 Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар шахматчилари ўртасида анъанавий “Uzbekistan Chess Open” халқаро турнири.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари ҳамда вилоят ёшлар марказларида шахмат тўгараклари очилади. Жамоат жойлари ва истироҳат боғларида шахмат майдончалари ташкил этилади.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси шахматчилари ва уларнинг мураббийларига халқаро мусобақалардаги муваффақияти учун бир марталик пул мукофоти миқдори тасдиқланди:

Жаҳон шахмат олимпиадасида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаганлар учун мукофот миқдори мос равишда 2000, 1000 ва 500 БҲМ (базавий ҳисоб миқдори, 1 БҲМ 300 000 сўм ёки 27 АҚШ доллари) – яъни 600 млн. , 300 миллион ва 150 миллион сўмдан иборат бўлади. АҚШ долларида бу мос равишда 54,5 минг доллар, 27,2 минг ва 13,6 минг долларни ташкил этади. Мураббийлар ҳам 75 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача мукофот оладилар.

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) томонидан ўтказиладиган жаҳон миқёсидаги мусобақалардаги совринлар миқдори 75, 150 ва 300 БҲМ ёки 22,5 миллион (2045 доллар), 45 миллион (4090 доллар) ва 90 миллион сўмни (8180 доллар) ташкил этади.

ФИДE томонидан ўтказилаётган Осиё турнирларининг совриндорлари ва ғолиблари ҳар бирига 17,5, 35 ва 70 БҲМ ёки 5,25 миллион (477 доллар), 10,5 миллион (954 доллар) ва 21 миллион сўм (1909 доллар) мукофот пули олади.

Бонус, шунингдек, гроссмейстер унвони учун ҳам тўланади — 100 БРВ ёки 30 миллион сўм (2727 доллар).

Амалдаги шахмат бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ўзбек шахматчилари номи битилган табло ёнида. Olamsport фотосурати

2021 йил январь ойида Ўзбекистонда 2025 йилгача республикада шахматни ривожлантириш Давлат дастури тасдиқланган эди. Унинг доирасида барча мактабларда иккинчи синфдан тўртинчи синфгача ўқувчилар учун шахматни ўргатиш режалаштирилган эди. Ҳар йили мактабларда «Шахмат ойлиги», таълим муассасалари ўртасида «Шоҳруҳ» жамоавий турнири, «Жисмоний тарбия» фанидан ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида шахмат бўйича республика биринчилиги ўтказилиши режалаштирилганди. Июнь-август ойларида маҳаллаларда болалар ўртасида шахмат бўйича «Маҳалла кубоги», май-июл ойларида маҳаллаларда оилалар ўртасида «Шахматчи оила» мусобақалари ўтказилиши белгиланди.