Ўзбекистон Адлия вазирлиги: Гулнора Каримованинг жиноий активлари ҳисобига 1400 дан ортиқ мактаблар қурса бўлади

Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг хориждаги жиноий активларининг умумий миқдори қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил этади.Бу маблағга 1400 дан ортиқ мактаб қуриш мумкин, деди Ўзбекистон Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов 13 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда.

Брифинг мавзуси Каримова ва унга алоқадор компанияларнинг активларини хориждан, хусусан, Швейцариядан Ўзбекистонга қайтарилиши бўлди. Икромовдан ташқари Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Константин Оболенский ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана чиқиш қилдилар.

Брифингда Каримованинг Швейцариядаги қайтариб олиниши керак бўлган активларининг умумий миқдори 686 миллион долларга баҳолангани, 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолангани, 205 миллион доллар, яна 350 миллион долларни қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётгани таъкидланди.

Реституция БМТнинг кўп шериклик мақсадли жамғармаси тизимига кирувчи Uzbekistan Vision 2030 кўп шериклик мақсадли жамғармаси орқали амалга оширилади. Қайтарилган маблағлар ижтимоий соҳага, асосан, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантиришга йўналтирилиши режалаштирилган.

Адлия вазирлиги Каримованинг бошқа давлатлардан жиноий активларини қайтариш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Жумладан:

👉Франция Республикасидан 2020 ва 2021 йилларда тақрибан жиноий уюшган гуруҳ аъзоларига тегишли кўчмас мулкларни (Париж шаҳри яқинидаги 2 та қасрлар) сотилиши натижасида 20 миллион АҚШ долларига тенг пул маблағлари Ўзбекистонга қайтарилди.

👉 Лондон Олий судида Гулнора Каримова ва унинг Буюк Британиядаги шерикларига тегишли 10 миллион фунт стерлинглик активлар ва учта мулк бўйича иш кўрилмоқда.

👉 Латвия Республикасида ҳам бир талай активлар мавжуд. Латвия суд органлари томонидан 2018 йили Ўзбекистон Республикасида чиқарилган ҳукмлар (Латвияда жойлашган активларни Ўзбекистон даромадига мусодара қилиш ҳақида) тан олинган.

Активлар 15 миллион АҚШ долларига тенг маблағлар, 850 унцияга (26 кг.) тенг олтин сертификатлари ҳамда Рига шаҳрида жойлашган маданий-кўнгилочар мажмуадан ташкил топган.

👉 2021 йил ноябрь ойида Москва шаҳрида жойлашган активларни (6 та хонадон) Ўзбекистон даромадига ўтказилиши ҳақида Москва шаҳар судининг қарори чиқарилган.

Ҳозирги пайтда, ушбу кўчмас мулк объектларини Россия суд ижрочилари томонидан сотиш жараёни давом этмоқда. Сотиш натижасида келиб тушган пул маблағлари Ўзбекистон ва Россия фойдасига тенг улушларда бўлиниши Москва шаҳар судининг қарорида ўз аксини топган.

Ўзбекистон қайтармоқчи бўлган Каримова Гулнорага тегишли мол-мулклар бошқа бир қатор мамлакатларда ҳам бор. 2017 йил июль ойида Республика Бош прокуратураси 12 мамлакатда – жами 1 миллиард 394,1 миллион АҚШ доллари, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт стерлинг ва 18,5 миллион франк миқдоридаги активлар аниқлангани ҳақида хабар берганди. Бунга нақд пул ва кўчмас мулк – уйлар, квартиралар, виллалар ва меҳмонхона мажмуалари, шунингдек, Мальтадаги самолёт киради. Ушбу активларни ҳибсга олиш учун барча 12 давлатнинг ваколатли органларига сўровлар юборилган.

Европа давлатларида Гулнора Каримовага алоқадор компанияларнинг жиноий фаолиятини текшириш 2012 йили бошланган. Жиноий схема как TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш эвазига катта миқдордаги пулларни ноқонуний равишда олишдан иборат бўлган. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда ювилган. 2018 йилда Швейцария Каримовани айбдор деб топди ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисоб рақамидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишни буюрди.

2013 йили Ўзбекистонда Каримовага қарши давлат маблағларини ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб, иккита жиноий иш очилган. Биринчи ҳолатда 2015 йили у беш йилга озодликдан маҳрум этилган, иккинчи ҳолатда 2017 йилда 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, аммо кейин жазо беш йиллик озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилган.

2020 йил март ойида Каримова жиноий гуруҳ ташкил этиш, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланган учинчи жиноий иш доирасида унга яна 13 йил қамоқ жазоси берилди. Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Тошкент вилоятидаги колонияда жазо муддатини ўтамоқда.