Хитойликлар Тошкент вилоятида «Иннавацион вакциналар маркази»ни ташкил этади

ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРИ ИБРОҲИМ АБДУРАҲМОНОВ ВА LUYE INVESTMENT GROUP CO., LTD РАИСИ ЛЮ ДЯНЬБО. ВАЗИРЛИК МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТЛАРИДАН КОЛЛАЖ

Хитойнинг Luye Investment Group Co., Ltd компанияси Ўзбекистонга вакциналар ишлаб чиқариш бўйича инновацион марказ яратишда ёрдам беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

13 сентябрь куни ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари саммити доирасида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдурахмонов ҳамда Luye Invetment Group Co.,Ltd компаниясининг компанияси раҳбари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда Инновацион ривожланиш вазирлиги компания билан ҳамкорликда 2023-2028 йилларда умумий қиймати 100 млн. долларга тенг бўлган «Инновацион вакциналар маркази»ни ташкил этиши бўйича Меморандум имзоланди.

Марказ Тошкент вилоятида қурилиши режалаштирилган. Бу Марказий Осиёда юқори технологияли маҳсулотларни маҳаллий ва халқаро бозорларга (МДҲ мамлакатлари назарда тутилади) етказиб беришга қодир ягона тўлиқ циклли биотехнологик корхона бўлади, дея хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги.

Лойиҳа доирасида гепатит А, гепатит Б, папиллома, қизамиқ, қоқшол ва бошқа касалликлар вирусларини даволашда ишлатиладиган умумий ҳажми 2 млрд. долларга тенг бўлган 10 хил вакцинани йилига 200 миллион дозада ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Бундан олдин 2022-2026 йилларда Ўзбекистон ҳукумати фармацевтика соҳасида 1,25 миллиард долларлик 104 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштираётгани, бу саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баравар ошириш, ички бозорни ҳозирги 55% дан 80% гача фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш ҳақида хабар қилинганди. Бунда 376 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи ва 84 миллион долларлик маҳсулот экспорт қиладиган ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.