Ўзбекистонда пластик карталардан пул ўғирлаш учун жавобгарлик кучайтирилади

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда пластик карталардан пул ўғирланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Тегишли қонун Сенат томонидан маъқулланди.

«Сир эмаски, охирги пайтларда электрон тўлов воситалари ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиб, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари кўп содир этилмоқда.

Биргина мисол, 2022 йилнинг 7 ойи давомида банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик ва ўғрилик йўли билан талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жами 1 812 та жиноят иши қўзғатилган», — дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Бугунги кунда ушбу ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексининг фирибгарлик, ўғрилик деб номаланган 168, 169-моддалари билан таснифланмоқда. Бироқ айни пайтда ушбу моддаларда белгиланган жазо айбдорларнинг чин дилдан пушаймон бўлиб, бу йўлдан қайтиши, аҳлоқан тузалиш йўлига кириши учун етарли эмаслиги маълум бўлмоқда.

Янги қонун кучга киргандан сўнг, компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик учун жарима 300 дан 400 БҲМгача бўлади (базавий ҳисоблаш миқдори, битта БҲМ 300 000 сўм ёки тахминан 27 доллар). Ҳозирда бундай фирибгарлар 100 — 300 БРВ миқдорида жаримага тортилади.

Худди шу турдаги фирибгарлик учун жаримадан ташқари, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазолар назарда тутилган.

Энди қамоқ муддати 5 йилдан 8 йилгача бўлади.

Худди шундай жазо муддати компьютер тизимига рухсатсиз кириш билан ўғирликда айбланганлар учун ҳам белгиланади.