Ўзбекистон президенти Тошкент кинофестивали иштирокчиларини қутлади

Шавкат Мирзиёев. president.uz сайти фотосурати

14 сентябрь куни Кинематография уйида бўлиб ўтган «Ипак йўли дурдонаси» XIV халқаро кинофестивалининг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган табрик сўзи ўқиб эшиттирилди.

Матнни тўлиқ келтирамиз:

«Ҳурматли кинофестиваль қатнашчилари!Муҳтарам меҳмонлар! Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, сиз, азизларни – дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган машҳур актёр ва режиссёрлар, оператор ва рассомлар, продюсерлар ҳамда киношунос олимлар, атоқли маданият ва санъат арбобларини «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

«Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун» деган эзгу ғоя асосида ўтказилаётган мазкур анжуманда жаҳоннинг 35 давлатидан 300 дан зиёд кино усталари иштирок этаётгани ярим асрдан ортиқ тарихга эга бўлган Тошкент халқаро кинофестивали бугун – Янги Ўзбекистон шароитида янгича мазмун ва қиёфага эга бўлиб, санъат оламида янада муносиб обрў-эътибор топиб бораётганидан далолат беради.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда кино санъатини замон талаблари асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёдаги нуфузли кинокомпаниялар билан алоқалар йўлга қўйилиб, 30 дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорликда бадиий фильмлар яратиш бўйича келишувларга эришилди. Миллий ва хорижий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида киношаҳарчалар бунёд этилмоқда. Ўзбекистонда фильм суратга олишни истаган чет эл компаниялари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилмоқда.

Сизлар фестиваль кунлари кино соҳасидаги ислоҳотларимиз билан танишиб, бу борадаги ишларимиз самарасини ошириш бўйича фойдали таклифларингизни билдирасиз, деб умид қиламан.

Бугун ўз ишини бошлаётган кинофестиваль самимий учрашув ва мулоқотлар, қизғин баҳс-мунозаралар, кўплаб янги бадиий асарлар тақдимоти билан барча иштирокчилар фаолиятида, Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожида муносиб из қолдиришига ишонаман.

Сиз, азизларни XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиши билан яна бир бор табриклаб, ушбу улкан санъат байрами унутилмас лаҳзаларга бой бўлиши, кино оламида янги ном ва истеъдодларни кашф этиб беришини тилаб қоламан.

Барчангизга мустаҳкам соғлик, ижодий ютуқлар, кинофестиваль ишига эса муваффақиятлар тилайман».

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади. Тадбирлар ва фильмлар намойишининг жадвали билан кинофестиваль ташкилотчисининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ