Тимур Бекмамбетов Тошкент кинофестивалида «Қирқ қиз» лойиҳасини «Ҳур қизлар» фильми билан тенглаштирди

Тимур Бекмамбетов «Қирқ қиз» лойиҳасини тақдим этмоқда. Ташкилотчи фотосурати

Ўзбек киноси кунлари ва «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасидаги ҳамкорликда суратга олинган суратлар тақдимотида россиялик режиссёр ва продюсер Тимур Бекмамбетов Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан қўшма лойиҳаларини, жумладан «Қирқ қиз» бадиий фильми лойиҳасини тақдим этди.

Бекмамбетовнинг айтишича, фильм аёллар жамоаси томонидан суратга олинади. Хусусан, фильмга америкалик аёл режиссёрлик қилади.

Бекмамбетов лойиҳани «Ҳур қизлар» совет фильми билан солиштирди.

««Ҳур қизлар» – жуда яхши асар. Бу ерда жанг қилишга мажбур бўлган қаҳрамон аёллар тарихи ҳикоя қилинади», — деди режиссёр.

«Қирқ қиз» фильми сценарийси йил охирига қадар тайёр бўлади, суратга олиш ишлари қишда бошланади. Фильм намойиши 2023 йил охирига режалаштирилган.

Шунингдек, Тимур Бекмамбетов 2024 йили намойиш этилиши режалаштирилган Хўжа Насриддин ва унинг эшаги ҳақидаги анимацион фильмнинг промо-видеосини ҳам тақдим этди. У донишманд ҳақида тўлиқ метражли фильм асосида анимацион сериал суратга олишни режалаштираётганини қўшимча қилди.

«Қирқ қиз» — қорақалпоқ достони бўлиб, бахши Қурбонбой Тожибоев ижросидан ёзиб олинлган. «Қирқ-қиз»да қаҳрамон қиз Гулойим ва унинг қирқ нафар дугонаси, жангчи аёлар, шунингдек унинг суюкли ёри Арслон қалмоқ хони Суртайший ва Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ қўшинларига қарши жанг қилади. Хоразмни озод қилган Гулойим ва Арслон ўлкада яшовчи тўрт миллат: қорақалпоқлар, туркманлар, ўзбеклар ва қозоқлар вакилларидан иборат ҳукумат тузадилар.

Тимур Бекмамбетов — россиялик кинорежиссёр, сценарийчи, продюсер ва клип режиссёри. Bazelevs кинокомпанияси асосчиси. У 1961 йили Гуревда (ҳозирги Атирау, Қозоғистон) туғилган. 1987 йили А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтини театр ва кино рассоми мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейин у Москвага кўчиб ўтади ва у эрда биринчи марта реклама роликларини суратга олади ва бир мунча вақт ўтгач, тўлиқ метражли фильмлар ярата бошлади. «Тунги назорат» ва «Кундузги назорат» ленталари унга машҳурлик келтирди. 2005 йили Бекмамбетов Голливудга таклиф қилинди, у Fox кинокомпанияларининг бир қатор лойиҳаларида иштирок этмоқда.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади. Тадбирлар ва фильмлар намойишининг жадвали билан кинофестиваль ташкилотчисининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ