Президент замонавий электр поездлар харид қилиш, аэропортларни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодий ўсишни ҳаракатлантирувчи омилларидан бири бўлган транспорт соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Транспорт соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда у сўнгги уч йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 16 фоизга ўсганини, бироқ темир йўлларда юк айланмаси атиги 7 фоизга ошганини таъкидлади.

Авиацияда рақобат муҳити тўла шаклланмаган, 10 та аэропортнинг самарадорлиги паст даражада. Оқибатда, рақобатдош нархларда етказиб бериш қулайлиги бўйича Халқаро логистика самарадорлиги индексида мамлакатимиз 160 та давлат ичида 120-ўринни эгаллаган.

«Бу соҳа – иқтисодиётнинг қон томири. Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент учта йўналиш бўйича топшириқлар берди:

👉 темир йўл транзити имкониятини кескин ошириш;

👉 авиацияни қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатадиган соҳага айлантириш:

👉 халқаро транзит юклари учун замонавий автомобиль йуллари тармоғини кенгайтириш.

Жумладан, Мирзиёев замонавий электр поездлар харид қилиш, вагонларни таъмирлаш, носоҳавий активларни олиб ташлаш орқали соҳани молиявий соғломлаштириш зарурлигини таъкидлади. Мажлисда авиация соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, Бухоро, Хоразм ва Фарғона водийси вилоятлари аэропортларини ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш зарурлиги айтилди.

Президент автомобиль йўлларининг сифати ва салоҳиятига алоҳида тўхталди. Маълумки, бу соҳада лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда назорат функциялари битта ташкилотда жамланган. Бунинг оқибатида кўп йўлларда сифат йўқ. Шу боис йўл қурилишида илғор стандартларни жорий этиш, лаборатор ишларни кучайтириш, пудратчилар масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги таркибида соҳани ривожлантириш бўйича асосли таклифлар ишлаб чиқадиган алоҳида транспорт гуруҳи ташкил этилади.

Охирги уч йилда авиаташувлар бозорининг либераллашуви туфайли Ўзбекистонга парвозларни амалга оширувчи компаниялар сони икки бараварга кўпайди. Халқаро автомобиль транспортида юк ташиш ҳажмида маҳаллий ташувчиларнинг улуши 62 фоизга етди. 300 километр темир йўл электрлаштирилди, 1,5 минг километр автомобиль йўллари қурилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди