ТИВ: ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилинмайди

РОССИЯ-ҚОЗОҒИСТОН ЧЕГАРАСИДАГИ НАВБАТ. "КПП Орск Алимбет" TELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

Ҳуқуқбузарлик қилмаган хорижликлар Ўзбекистондан мажбурий чиқариб юборилмайди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги РФдан келаётган россияликлар сони кўпайишига нисбатан изоҳ бераркан, маълум қилди.

«Уларнинг мамлакатимизда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз», — деб тушунтиради ТИВ.

Ташқи ишлар вазирлиги яна бир бор Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини таъкидлади.

«Ўзбекистон Республикаси ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир. Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдоридир», — дейилади ТИВ хабарида.

Кузнинг биринчи ойи охирида россияликлар оқимининг кўпайишига Россия президенти Владимир Путиннинг 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиши сабаб бўлди. Унга кўра, ҳарбий хизматга фақат резервда бўлган, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, маълум мутахассислик ва жанговар тажрибага эга бўлган фуқароларгина чақирилади. Бироқ, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, ҳарбий рўйхатга олиш ва жўнатиш бўлимлари эркакларни деярли ёппасига сафарбар қила бошлаган. Россияликлар бошқа мамлакатларга оммавий равишда кета бошладилар.

Бундан олдин Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат расмийлари сафарбарликдан бўйин товлаган россияликларни халқаро қидирувга берилган тақдирдагина Россияга экстрадиция қилинишини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Андрей Канчельскис билан қирғизистонликларнинг «Мурас Юнайтед» клубига доир қисқа суҳбат

  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин