«Курдистон ишчи партияси» Истанбулдаги терактга алоқадорликда гумон қилинмоқда

Истанбулда теракт содир бўлган жойдаги «Тез ёрдам» машинаси. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Истанбулда 13 ноябрь куни содир этилган теракт ташкилотчиси «Курдистон ишчи партияси» (КИП) исёнчи гуруҳидир. Бу ҳақда 14 ноябрь куни Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу маълум қилди, дея хабар беради «Анадолу» ахборот агентлиги.

«Биздаги маълумотлар шуни кўрсатадики, [Истанбулдаги] теракт учун буюртма КИПнинг Суриядаги бош қароргоҳи жойлашган Айн ал-Араб шаҳридан келган», — дейди Сойлу.

Шунингдек, у Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумни содир этган шахсни қўлга олганини айтди. Хавфсизлик расмийларига кўра, у бомбани маҳаллий ва хорижликлар орасида машҳур бўлган Истиқлол пиёдалар кўчасида қолдирган.

13 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:20 атрофида Истиқлол кўчасида портлаш содир бўлди. Охирги маълумотларга кўра, 8 киши ҳалок бўлган, 81 киши яраланган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳодиса учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

КИП Туркияда тақиқланган ташкилотдир. Гуруҳ 1984 йилдан бери Туркия ҳукуматига қарши уруш олиб боради. Аксарият курдлар яшайдиган Туркия жануби-шарқида асосан КИП жангарилари Туркия хавфсизлик кучлари ва расмийларига ҳужумлар уюштирадилар. Ироқ ва Сурия шимолида КИП базалари мавжуд бўлиб, Туркия қуролли кучлари уларга қарши ҳаво ва қуруқликда амалиётлар ўтказиб келади. Суриянинг Айн ал-Араб шаҳри КИПнинг Суриядаги бўлими – Хвалқ мудофаа гуруҳлари назорати остида.

Истанбулда сўнгги йирик теракт 2017 йил 1 январига ўтар кечаси содир бўлганди. Калашников автомати билан қуролланган террорчи Босфор бўғози соҳилидаги тунги клубга бостириб кириб, ташриф буюрувчиларга қарата ўқ узган. Оқибатда 39 киши (шундан 16 нафари хорижлик) ҳалок бўлган, 69 нафари жароҳатланган. Клубга ҳужумни асли ўзбекистонлик Абдулгадир Машарипов амалга оширган. Ҳужум учун жавобгарликни «Ироқ ва Шом ислом давлати»* (ИШИД) террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ