Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Украинага товон тўлашига доир овоз беришда бетараф қолди

Россиянинг Украинага репарация тўлашига доир овоз бериш якунлари. БМТ сайти иллюстрацияси

БМТ Бош Ассамблеясининг 14 ноябрь куни бўлиб ўтган 11-фавқулодда сессиясида Марказий Осиёнинг тўртта давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Россия томонидан Украинага товон тўлаш бўйича резолюция лойиҳасига овоз беришда бетараф қолди.

БМТ матбуот хизмати хабаридага кўра, ўнлаб давлатлар «Россия агрессияси» натижасида Украинага етказилган зарарни қоплашни таъминлайдиган халқаро механизм яратиш бўйича резолюция лойиҳасини тақдим этган.

Ҳужжат 94 давлат томонидан қўллаб-қувватланган, 14 делегация қарши овоз берган ва 73 давлат бетараф қолган, жумладан, юқорида санаб ўтилган Марказий Осиё давлатлари ҳам бор. Сессияда Туркманистон вакиллари қатнашмаган.

Ҳужжат Бош Ассамблея аъзоларига Россия Федерацияси «тажовузи» (яъни, Россия томонидан расман махсус ҳарбий операция деб номланган мамлакатнинг 24 февралдан буён Украина ҳудудида олиб бораётган жанговор ҳаракатлари) давомида содир этилган халқаро ҳуқуқнинг ҳар қандай кўринишдаги бузилишлари учун мамлакатни жавобгарликка тортиш ва у етказилган зарарни қоплашга мажбурлашни таклиф этади. Шу мақсадда ҳужжат халқаро механизмни яратишни, Россия Федерациясининг халқаро ҳуқуқни бузувчи хатти-ҳаракатлари натижасида «Украина давлати ва барча манфаатдор жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ҳужжатлаштирилган далилларини рўйхатга олиш учун халқаро реестрни ташкил этишни тавсия этади.

Бундан ташқари, ҳужжатда Халқаро суднинг 2022 йил 16 мартдаги қарори эсга олинади, унда Россиядан вақтинчалик чора сифатида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш талаб этилган.

Эслатиб ўтамиз, фавқулодда сессия Хавфсизлик кенгашининг 1950 йилдаги «Тинчлик йўлида бирлик» резолюцияси қарори асосида ўтказилди. Ушбу тартиб Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидан ҳар бирининг, ушбу ҳолатда Россиянинг ветосини четлаб ўтишга имкон беради. Бош Ассамблеянинг ўн биринчи фавқулодда сессияси жорий йили аъзо давлатларнинг илтимосига кўра бир неча марта ўз ишини давом эттирди.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ